Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:45

Андижонда цемент заводи ишга тушди. Қирғизистондан цемент олиб кириш ҳеч бир изоҳсиз тўхтатилди(ВИДЕО)


Ўзбек-қирғиз чегарасидаги нейтрал ҳудудда қолаëтган фуралар.
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги нейтрал ҳудудда қолаëтган фуралар.

13 майдан бошлаб Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Дўстлик божхона постидан цемент ортилган юк машиналарини Ўзбекистонга ўтказиш тўхтатилди.

20 май куни Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳозирда ҳар бирига 20 тоннадан цемент ортилган камида 105 та юк машинаси икки давлат чегарасидаги нейтрал ҳудудда муаллақ қолганини билдирди.

Божхона қўмитаси масъуллари Озодликнинг Қирғизистондан цемент олиб киришнинг қайси асосда тўхтатилганига оид саволларига ҳозирча жавоб бермади.

Қирғизистон Божхона қўмитаси эса¸ цементнинг нега Ўзбекистонга киритилмаëтгани ҳақида ўзбек томонидан бирор расмий билдирув берилмаганини айтди.

Қирғизистондан цемент олиб кириш ҳеч бир огоҳлантириш ва изоҳсиз тўхтатилди

Озодликка ўзбек-қирғиз чегарасидаги Дўстлик божхона постининг қирғиз томонидан мурожаат қилганлар ўзларини "водийлик тадбиркорлар", деб таништирди.

Уларнинг айтишича¸ 13 май куни Ўш вилоятидаги цемент заводидан сотиб олинган цемент юкланган фуралар Қирғизистон божхона назоратидан ўтиб¸ машиналар тегишли тарзда муҳрланган.

Ўша кундан бери Ўзбекистон божхоначилари бу юкнинг ўз ҳудудига киришини ҳеч бир расмий изоҳсиз тақиқлаб қўйган.

«Олдинига президент Андижонга келаëтгани учун тўхтатишди¸ кетиши билан ўтказишса керак¸ деб ўйладик. Аммо мана бир ҳафта бўлаяпти¸ ҳали ўтказиш-ўтказмаслиги номаълум. Камида 105 та фура 13 майдан бери нейтрал зонада турибмиз. Қирғиз таможняси бизнинг ҳудуддан чиқти¸ деб пломба ургани учун орқага қайтолмаймиз. Ўзбекистон томони киритмаяпти. Нейтрал зонада туриш ҳам пул¸ бир ҳафта турганимизга 9000 қирғиз сўми (100 доллардан кўпроқ) тўладик¸ кунига тўлашимиз керак. Энг ëмони¸ бизга нимага ўтказишмаëтганини умуман айтишмаяпти. Божхоначилар¸ биз эмас¸ Тошкентдан шунақа буйруқ келди¸ деяпти¸ бошқасини айтмайди”¸ дейди Озодлик гаплашган фура ҳайдовчиларидан бири.

Суҳбатдошлар ўз сўзига ўзбек-қирғиз чегарасидаги нейтрал ҳудудда тўхтаб турган фуралар акс этган сурат ва видеоларни илова қилди.

100 дан ошиқ цемент ортилган фура ўзбек-қирғиз чегарасидаги Дўстлик божхона постидан Ўзбекистонга киритилмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:28 0:00

Ҳар бир фурада 20 тоннадан цемент бор. Баъзилар уни ўз ишлаб чиқаришига олган¸ бошқалар Андижондаги қурилишлар билан шартномага асосан олиб келаяпти. Қирғиз цемент заводи билан шартномага асосан маҳсулот пули 100 фоиз олдиндан тўланган. Улар “биз сенга цементни бердик¸ қирғиз таможнясидан ўтказдик¸ у ëғи бизнинг проблема эмас”¸ деяпти. Президент порталига ҳам ëздик¸ биров бир тушунтириш ҳам бермаяпти¸ қачон ўтказишини ҳам айтмаяпти”¸ дейди Озодлик гаплашган водийлик тадбиркорлардан бири.

Озодлик ҳайдовчиларга берилмаëтган изоҳни олиш мақсадида Дўстлик божхона пости¸ Божхона қўмитасининг Андижон вилояти бошқармаси¸ қолаверса¸ Давлат Божхона қўмитаси масъуллари билан боғланди.

Бу расмийларнинг бирортаси нега цемент ортилган юк машиналарининг Ўзбекистон ҳудудига киритилмаëтганига бирор жўяли изоҳ бермади.

Цемент юкланган фураларнинг ўтказилмаëтганини тасдиқлаган божхона мулозимларидан бири “бу бизга боғлиқ эмас”¸ деса-да¸ кимга¸ нимага боғлиқлигига изоҳ бермади.

Андижон божхона мулозимларидан бири эса¸ “бундай муаммодан бехабарлиги”ни айтиб¸ цементи киритилмаëтган тадбиркорларнинг ўзига мурожаат қилиши лозимлигини билдирди.

Озодлик ўзбек-қирғиз чегарасидаги нейтрал божхона ҳудудида 100 дан ошиқ цемент ортилган фуранинг туриб қолганига изоҳ олиш учун Қирғизистон Давлат божхона хизмати билан ҳам боғланди.

Воқеани ўрганиб¸ Озодликка жавоб қайтарган қўмита матбуот хизмати¸ Қирғизистон томондан ҳеч қандай муаммо йўқлиги¸ ўзбек томони эса¸ бу фураларнинг нега Ўзбекистон ҳудудига киритилмаëтгани ҳақида ҳозирча қирғиз томонига бирор расмий изоҳ бермаганини билдирди.

Импорт цемент имтиëздан маҳрум бўлдими?

Президент Мирзиëевнинг 2018 йил 17 январь кунги 3479-сонли қарори билан цемент 2020 йил 1 январга қадар божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз берилган импорт материаллар рўйхатига киритилган эди.

Озодлик гаплашган тадбиркорлар¸ амалда бу имтиëз цементнинг 20 фоизлик қўшимча қиймат солиғидан озод этилганидан иборатлигини билдирди.

Ҳамма жойда сити қуриш бошланиб¸ ўзимизникилар цемент етказиб беролмай қолгандан кейин шунақа имтиëз берилганди. Энди цемент заводи эгалари президентга бозорни ëпинг¸ деган шекилли¸ бизнинг йўлимизни ëпиб қўйишди”¸ деди айни шу қарордан кейин цемент импорти билан шуғулланишга ўтганини айтган тадбиркорлардан бири.

Жорий йил бошида цементга берилган бу имтиëз муддати 2019 йил 1 октябрига қадар қилиб қисқартирилди.

Ҳозирча очиқ манбаларда Ўзбекистонга цемент олиб киришга оид қонун-қоидаларнинг ўзгарганига оид бирор расмий маълумот йўқ.

Бу мавзуга оид сўнгги расмий муҳокама 14 май куни бўлди. Шу куни қурилиш материаллари нархини арзонлаштириш масаласида махсус видеоселектор йиғилиш ўтказган президент Мирзиëев¸ Ўзбекистоннинг “цемент мустақиллиги”га эришгани ҳақида гапирди.

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон ва Навоий вилоятларида ҳар бири 2 миллион тонна қувватга эга 4 та цемент корхонаси ишга туширилди. Йил якунигача 3,5 миллион тонна қувватли янги заводлар фойдаланишга топширилиб, йиллик салоҳият 15 миллион тоннага етказилади. Бу цементга бўлган ички талабни таъминлаб, нархини арзонлаштириш имконини бериши қайд этилди»¸ деб ëзди бу йиғилиш ҳақида президент матбуот хизмати.

«Қирғиз цементининг арзонлиги бизникиларга ëқмади…»

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик цемент импортчилари¸ жанубий Қирғизистон ҳудудида бир нечта цемент заводи борлиги ва улар маҳсулотининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтгандан арзон ва сифатлироқ эканини айтади.

«Бизнинг Андижонда сотиш нархимиз¸ жами харажатларни қўшганда ҳам¸ килосига 650 сўм. «Қувасойцемент» ва бошқаларники¸ килосига 70-80 сўм қиммат. Ўзбекистондаги заводлар цементга ишлатиладиган клинкерни Қирғизистондан олади. Клинкер цементнинг сифатини белгилайди. Улар клинкерни камроқ солганидан¸ сифати яхшимас»¸ дейди Ўзбекистон цемент импортчиларидан бири.

2018 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг Ўшда ўтказилган иккинчи мажлисида бош вазирлар Абдулла Арипов ва Муҳаммедқалий Абилғазиев икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестицион ҳамкорлик тўғрисидаги йўл харитасини имзолаган эди.

Бу учрашувда Ўш вилояти тадбиркорлари билан 5 миллион долларлик шартномалар имзолангани айтилган¸ хусусан Қирғизистоннинг жанубий вилоятларидаги цемент заводларида ишлаб чиқарилган маҳсулотни Ўзбекистон сотиб олиши тўғрисида келишув имзоланган эди.

Ана шу келишув асосида Ўзбекистонга цемент ташиëтган қирғиз ҳайдовчилари ҳам 20 май куни "10 кундан бери" Ўзбекистонга цемент ўтказишга рухсат берилмаëтганига норозилик акс этган видеороликни Youtube порталида эълон қилди.

Чегара ҳудудида навбат кутаëтган бу машина ҳайдовчилари Қирғизистон ҳукуматидан Тошкентдан расмий изоҳ олишни сўрайди.

"Ë ўтказиб ўтказмайди¸ ë аниқ бир гап айтмайди. Фураларимиздаги цементни нима қилишни билмай ўтирибмиз. Ҳар бир кун бизга қимматга тушмоқда"¸ деб шикоят қилди қирғиз цемент ташувчилари бу видеоматериалда.

Андижонда иш бошлаган янги цемент заводи кимники?

Ўзбекистон президентининг 2017 йил 20 июль куни имзолаган махсус қарори билан Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга 203,9 миллионлик долларлик янги завод қурилиши бошланган эди.

Президент матбуот хизматининг 14 май кунги хабарида "Андижонда янги цемент заводининг ишга туширилгани" айтилди.

Озодлик гаплашган водийлик тадбиркорлар¸ арзон ва сифатли қирғиз цементининг Ўзбекистонга кириши тўхтатилиши ортида "манфаатли гуруҳ" турганини тахмин қилишларини билдирди.

Президент қарорида Булоқбоши цемент заводи қурилишида қатнашган корхоналар асосида тузилган “Shangfeng-Bridge of Friendship” МЧЖ ишлаб чиқариш бошланганидан сўнг 5 йилгача даромад, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфраструктурани ривожлантиришга оид солиқлардан озод этилган эди.

Айни пайтда¸ 200 миллионлик завод қурган "хорижлик ва маҳаллий инвесторлар"нинг ким эканига оид маълумот жамоатчиликка очиқланмади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG