Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:46

Вилоят ҳокимлари Мирзиëев билан учрашишга "маддоҳларни ҳозирламоқда"


Шавкат Мирзиëев.
Шавкат Мирзиëев.

15-16 ноябрь кунлари Ўзбекистон президентлигига номзод¸ муваққат президент Шавкат Мирзиëев Сурхондарë ва Қашқадарëга борди ва бу ерда қатор видеоучрашувлар ўтказди. Маҳаллий матбуот¸ бу учрашувларда номзоднинг “ислоҳотлар самараси билан танишиб”¸ сайловчиларни ўз дастури билан таништираëтгани¸ оддий халқнинг бу дастур юзасидан фикрларини эшитаëтганини ëзмоқда. Озодликка хабар йўллаган сайловчилар эса¸маҳаллий ҳокимлар Мирзиëев келадиган ҳудудларнинг ҳар бир қаричини ювдириб-ялатиб¸ у билан учрашувга кирадиганларни маддоҳлик қилишга ҳафталаб махсус ҳозирлаганини билдирмоқда.

Шавкат Мирзиëевнинг Сурхондарë ва Қашқадарëда сайловчилар билан ўтказган учрашувини ëритган ўзбек маҳаллий нашрлари видеоконференция шаклида уюштирилган бу йиғинларда сўзга чиққанларнинг муваққат президент тақдим қилган сайловолди дастурига юқори баҳо беришганини алоҳида таъкидламоқда.

“Сўзга чиққанлар дастурда белгиланган вазифалар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади”¸ дейилади Шавкат Мирзиëевнинг иккала жанубий вилоятдаги учрашуви ҳақида хабар қилган маҳаллий нашрлар.

Хушомадгўйлар мусобақаси

Шавкат Мирзиëевнинг Сурхондарëдаги учрашувига ҳозирликни бевосита кузатган Озодлик манбаси¸ Термиздаги учрашув мисолида¸ 4 декабрь кунги сайловларда президентликка сайланиши кутилаëтган Шавкат Мирзиëевга муаммоларни очиқ айтиш ўрнига¸ бундай йиғинларнинг унга лаганбардорлик мусобақасига айланганидан хавотир билдирди.

Ҳаммангизга маълумки¸ Ш.М.Мирзиëев охирги вақтларда вилоятларга бориб текшириш ва сайлов олди чиқишлари қилмоқда, бироқ вилоят ҳокимлари вилоятдаги камчиликларни, халқ дардини Республика раҳбарини олдига ташлаш ўрнига оммавий лаганбардорлик билан шуғулланиб, олдиндан ҳафталар давомида тайёрланган тадбиркор ва фермерларни сўзга чиқариб, Ш.М.Мирзиëевга тасаннолар айттиришмоқда. Хусусан Сурхондарё вилоят ҳокими Ш.М.Мирзиëевни вилоятга келиб қолишини пойлаб бир ҳафтадан буён тадбиркорларни уйига қўйиб юбормасдан, олдиндан тузилган чиқишларни ёдлатиб ётипти. Келажакда маъмурий раҳбарларни бу каби узоқни кўрмасидан қилаётган ҳаракатлари яна Республика раҳбариятини халқ дардини билмаслигига олиб келади¸ деб қўрқаман. Худди шу хатолик И.Каримовнинг кўзини ҳам парда билан қоплаган ва Республика раҳбариятининг халқдан узилишига сабаб бўлган эди”¸ деб ëзди ўз шахси очиқланишини истамаган сурхонлик тадбиркорлардан бири.

95 яшар Ангор бобо Мирзиëев Сурхондарëга келиб¸ халқ билан учрашар экан¸ деган хабарни эшитиб¸ ўзи яшайдиган туманнинг катта кўчаси ëқасига чиқиб ўтиргани¸ мабодо муваққат президент бу йўлдан ўтиб қолса¸ уни тўхтатишга уриниб кўрмоқчи бўлганини айтади:

- Қўлимга таëғимни олиб¸ катта йўлнинг бўйича чиқиб ўтирдим. Ўзбекистон байроғини силкитиб турсам¸ мен қарияни кўриб тўхтар¸ ҳол-аҳвол сўрар деб ўйладим. Лекин бу йўлдан ўтмади¸ бошқа йўлдан кетган бўлса керак. Ўтганда ҳам бизга келмай кетувди¸ дейди сурхонлик Ангор бобо.

Маҳаллий нашрларга кўра¸ президентликка номзод Мирзиëев бу вилоятда ҳам ўзи билан учрашаман¸ халқ дардини айтаман¸ деганлар билан учрашмасдан вилоят ҳокимлиги чиғириғидан ўтиб¸ айтадиган гапи неча марталаб қайчиланиб¸ безатилган “сайловчилар” - Меҳнат фахрийси Х.Тангриев, Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид, "Нуроний" жамғармаси Қизириқ тумани бўлими раиси Й.Бекназаров, бахши С.Шойдилов” кабиларнинг оташин мақтов ва хушомадларини эшитиб қайтиб кетган.

Шаҳрисабзга саëҳат

16 ноябрь куни Қашқадарëга қилган сафари доирасида муваққат президент Шаҳрисабзга ҳам борди. Озодлик суҳбатлашган шаҳрисабзлик тадбиркор аëл Мирзиëев келишига ҳокимият вакиллари кечаю кундуз тайëргарлик кўришгани¸ ҳамма ëқни ялтиллатиб чиқишганини айтади:

- Кеча келдилар. Шаҳрисабзда 1-темир йўл бор¸ поезд вокзали¸ шу ерга бориб¸ йиғилиш ўтказиптилар. Коллежга бордилар¸ анча мажлислар қилиптилар. Мен Мирзиëв ўтганда центрда эдим¸ ҳамма ëқни ëпиб ташлашди¸ домларни одига мелиса қўйиб ташлади¸ халқ чиқмасин деб. Майдонлар¸ ўтадиган йўлларни икки-уч кун роса ювдириб¸ ялтиллатди ҳокимиятдагилар. Давлат идораларида ишловчилар ювди ҳамма ëқни. Келганигача бозорларни ëпиб ташлади¸ ҳеч кимни¸ ҳатто нончиларни қўймади¸ мабодо кириб қолса деб¸ больницани роса безатишди. Лекин бозоргаям¸ больницагаям кирмай ўтиб кетди¸ дейди Мирзиëев ташрифига Шаҳрисабзда кўрилган ҳозирликларни бевосита кузатган маҳаллий тадбиркор.

Бўлажак президентга айтар гапимиз кўп....

Озодликнинг Сурхондарë ва Қашқадарëдаги суҳбатдошлари¸ ўзларининг ҳам “сайловчи” экани¸ мабодо Мирзиëев билан учрашиш имкони берилса¸ унга айтар гаплари сероблигини таъкидладилар:

- Биринчи ўринда медицинанинг аҳволини айтардим. Врачларнинг 70-80 фоизи унинг кўзга термилиб¸ оқ халатига ишониб¸ ëрдам сўраган одамни одам ўрнида кўрмайди¸ фақат қўлига қарайди. Уларнинг асосий иши аптекадагилар билан келишиб¸ бир тийинлик фойдаси йўқ дориларни халққа алдаб ўтказиш¸ пул қилиш бўлиб қолган. Булар коррупцияга ботиб кетган¸ дейди яқинда бир ҳафта касалхонада ëпиб¸ аҳволнинг нақадар абгорлигидан қўрқиб кетганини таъкидлаган сурхонлик отахон.

Шаҳрисабзлик тадбиркор аëл ҳам президентликка асосий номзоддан соғлиқни сақлаш тизими аҳволини яхшилаш¸хусусан¸ бу тизимни фалаж қилган коррупцияга қарши жиддий кураш бошлашни сўраган бўлишини айатди:

- Эссизгина¸ больницага кирмай кетди. Кирса¸ балки ўз кўзи билан кўриб¸ биларди аҳволнинг қанақалигини. Коррупцияга қарши курашаман¸ деяптику¸ лекин амалда ҳали бирор аломатини кўрмадик. Халқ 4 декабрдан кейин бир нарса қилар¸ деб ишониб ўтирибди¸ дейди шаҳрисабзлик суҳбатдош.

4 декабрь куни ўтказилажак сайловларда президентликка номзод сифатида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод ўлароқ амалдаги Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Халқ-демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Миллий тикланиш партиясидан Сарвар Отамуродов ва Адолат партиясидан Наримон Умаров рўйхатга олинган.

XS
SM
MD
LG