Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Фермернинг ўзига қолган буғдойини ўриш учун ҳокимлар комбайн бермаяпти


Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокими фермерларнинг режадан ортган буғдойини ўриб олишини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишларича, ҳоким туман режаси бажарилиши учун шартномадан ташқари яна ҳар гектаридан беш центнердан буғдой топширишни талаб қилаяпти. Туман ҳокимлиги расмийси шундай ҳолат бўлаётганини тасдиқлар экан, фермерларнинг режадан ортиқ буғдойини ўришига рухсат бермаслик комбайнлар етишмаслиги билан боғлиқ эканини иддао қилди.

Исми сир қолишини сўраган зафарободлик фермерлардан бири давлатга буғдой топшириш шартномасини бажарган бўлса-да, туман ҳокими ўзидан яна буғдой топширишни талаб қилаётганини айтди:

- Масалан, менда 20 гектар ғаллам бўлса, шартномадаги 56 тонна буғдойни топширдим. Лекин, ҳоким бу йил бошқача бўлади, туман режаси бажарилиши учун яна 5 центнердан ёрдам қиласизлар, деб турибди. Бу мажбурий, бўлмаса столимга аризангни ташла, деяпти. Планни бажармаган фермерларга эса, бозордан бўлса ҳам сотиб олиб берасан, деяпти. Бозорда бир кило буғдойнинг нархи 1000 сўм бўлаяпти, давлатнинг харид нархи эса 650 сўм, дейди фермер.

Бу суҳбатдошнинг айтишича, ҳоким қўшимча буғдой топширмаган фермерларга режадан ортттирган буғдойини ўриб олиш учун комбайн беришни тақиқлаб қўйган:

- Ҳозир комбайнларнинг орқасидан милиция ходимлари изма-из юрибди. Масалан, фермернинг буғдойини ўра бошлайди, план тўлдими, бўлди, шартта ўримни тўхтатиб, комбайнни олиб чиқиб кетаяпти. Фермерларнинг ўзида комбайн йўқ, барчаси МТПники. Яна беш центнердан берсанг, ўриб беради, бўлмаса йўқ, дейди. Шунча меҳнат қилсак, шартномани бажарсак, ўзимизнинг ва ишчиларнинг ҳақи қолган бўлса, шуни ҳам ололмасак, ахир бу нима деган гап, дейди фермер.

Исми сир қолишини сўраган зафарободлик бошқа бир фермер Ўзбекистонда президент янги бўлса ҳам, ғалла ўримидаги сиёсат аввалгидек давом этаётганини айтади:

- Мирзиёев президент бўлиб, халқ билан мулоқот йўлга қўйилганидан сўнг, биз фермерлар ҳам жуда хурсанд бўлган эдик. Лекин, сал эртароқ дўппини осмонга отибмизми, дейман. Чунки, аввалги йиллар қандай бўлган бўлса, ўшандай сиёсат давом этаяпти. Яна фермерлар устидан зўравонлик, яна режа бажарилиши учун фермерларни қақшатиш, яна мелиса билан қўрқитиш. Ахир, бу жазирама кунларда буғдойнинг далада қолиб кетиши, камида 10 фоиз ҳосилни йўқотиш¸ дегани. Чунки, буғдой қуриб-қақшаб кетса, комбайн ўраётганда 10 фоиз бошоқ синиб йўқ бўлади”, деди фермер.

Зафаробод тумани ғалла тайëрлаш штаби бошлиғи Шуҳрат Ҳайдаров, Озодлик билан суҳбатда фермерларнинг режадан ортган буғдойига комбайн берилмаётганини тасдиқлади:

- Туманнинг буғдой топшириш режаси бажарилгандан кейин шартномани бажарган фермерга “оролча”(фермернинг режадан ортиб қолган буғдой ер майдони – таҳририят)ни ўришга рухсат берилади. Чунки, ҳали ўрилмаган минг гектар буғдой турибди. Аввал қолган фермерларнинг буғдойи ўриб олинади, туман режаси бажарилса, кейин уларнинг “оролча”сини ўришга киришади. Ўзи туманда 15 та комбайн қолган бўлса, комбайн етишмаётган бўлса. Бу, ҳар йили бўлаётган гап, деди штаб бошлиғи.

Айни пайтда¸ Шуҳрат Ҳайдаров, ҳокимлик томонидан фермерларга қўшимча 5 центнердан буғдой топшириш мажбурияти юклатилганини инкор қилди.

Фермерларнинг режадан ортган буғдойини ўрдирмаслик ва тортиб олиш ҳолатлари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.

Хусусан¸ ўтган ҳафта Фарғона вилояти Фурқат тумани ички ишлар ходимлари фермерларнинг комбайнларини “ҳибс”га олди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермерлар¸ режани 110-120 фоиз қилиб бажарганларига қарамай, туман ҳокими фермернинг ўзига қоладиган буғдойини ўрдиришга рухсат бермаëтганидан шикоят қилган эди.

21 июнь куни Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Чўнбоғиш Қутбиддин” фермер хўжалиги бошлиғи Ҳусниддин Ражабов¸ уни яқиндан билганларнинг айтишича, ўзини осиб қўйган. Ражабовга яқин фермерларга кўра, у режадан орттириб¸ ишчиларига тақсимлаш ниятида олиб қўйган буғдойини туман ҳокими тортиб олгандан сўнг, ўз жонига қасд қилган.

XS
SM
MD
LG