Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:31

Мирзиёевга садоқатли “ҳисобчи”. ССВнинг ўтмиши қоронғи янги раҳбари ким?


Озодлик манбалари 2011 йилда Мусаевнинг АҚШга қочиб боргани ва у ерда сиёсий бошпана олганини иддао қилишган.
Озодлик манбалари 2011 йилда Мусаевнинг АҚШга қочиб боргани ва у ерда сиёсий бошпана олганини иддао қилишган.

Солиқ қўмитасининг собиқ бошлиғи ва бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг соғлиқни сақлаш вазири лавозимига ўтказилиши ижтимоий тармоқларда энг коррупциялашган тизимга оид навбатдаги нотўғри қарор сифатида танқид қилинмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги (ССВ) манбаларга кўра, тез орада Мусаев ўз одамларини олиб келади ва тузилманинг вилоятдаги бошқармаларига ҳам ҳисобчи, иқтисодчи раҳбарларни қўяди, деган хавотир бор.

Бу тизимни, амалда 2020 йилдан бери бошқариб келаётган 48 яшар Мусаевни шахсан таниганлар, қаттиққўл ва ҳисоб-китобга пухта раҳбар, деб олқишламоқда.

Айни пайтда Мусаев, Бош вазир А. Ариповнинг ишонган “ҳисобчиси” ҳамда ҳукуматнинг юқори бўғинларидаги коррупцион занжирнинг муҳим бўлаги, деган иддаолар ҳам илгари сурилмоқда.

Беҳзод Мусаевнинг ўтмиши ҳам мунозарали. Озодлик манбалари 2011 йилда Мусаевнинг АҚШга қочиб боргани ва у ерда сиёсий бошпана олганини иддао қилишган.

Ҳокимият пиллапояларидан қисқа муддатда кўтарилган ва нисбатан ёш кадр бўлган Мусаев бу маълумотларни бирор марта изоҳламаган, бунга бошқа расмийлар ҳам аниқлик киритмаган. ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов, Озодликка бу борада расман сўров юборишни тавсия қилди, Озодлик бу сўровга жавоб кутмоқда.

Айни пайтда, Тошкентдаги манбалар қайта сайланган президент Шавкат Мирзиёев тез орада, таркибида Беҳзод Мусаев ҳам бўлган ёш раҳбарлардан баъзиларига ҳукуматда етакчи лавозимларни бериши кутилаётганини айтмоқда.

“Президент командасидан”

Тармоқ фойдланувчилари пандемияга қарши кураш давом этаётган паллада ССВга нега шифокор эмас, солиқчи раҳбар этиб тайинлангани тушунарсиз эканини айтиб, қарорнинг тўғрилигини савол остига олишди.

Ҳозирча янги тайинлов юзасидан ҳеч қандай изоҳ берилгани йўқ. ССВ матбуот котиби Фурқат Санаев Озодлик мухбирининг бу борадаги мурожаатига кейинроқ жавоб берилишини ваъда қилди.

Аслида Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш тизимига янги одам эмас - у коронавирус пандемияси роса авжига чиққан палла - 2020 йил май ойидан буён айни комплексга раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ўтган йили майда у Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

“Яхши менежер”?

Ўзбекистонда соҳа раҳбарлари, айниқса, давлат идораларидаги мулозимларга нисбатан “менежер” деган таъриф деярли ишлатилмайди. Уларнинг кўпчилиги совет тузумидан чиққан бюрократлар, нари борса, марказлашган иқтисоднигина тушунадиган иқтисодчилардир.

Аммо Мусаевнинг тайинланиши асносида айрим маҳаллий блогерлар ССВнинг янги раҳбари “яхши менежер” экани ҳақида ёзишди.

“Мусаев ёш, илмли, амбицияси кучли бола. Чет элларда ўқиб келган, замонавий бошқарувни билади, ҳисоб-китобга пухта, ишини биладиган раҳбарда, хуллас. Харизмаси ҳам бор, ўзига яраша. Менинг билишимча, бу болани шахсан Мирзиёевнинг ўзи танлаган. Чунки чет элда ўқиган, бунинг устига ўзбекона муомаласи ҳам бор, президент айтмоқчи, маданиятли кадр. Менинг эшитишимча, уни тўғридан-тўғри президентнинг ўзи танлаб, тайинлаган”, дейди исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган тошкентлик журналист.

Мусаевни шахсан танишини айтган бу журналистга кўра, қайта сайланган президент Мирзиёев тез орада, таркибида Беҳзод Мусаев ҳам бўлган ёш раҳбарлардан баъзиларига ҳукуматда етакчи лавозимларни бериши кутилмоқда:

“Ўзи ҳукуматда шундай бир команда бор, “Президент командаси”, деб Мирзиёевнинг ўзи айтдиям яқинда, биласиз. Беҳзод Мусаев, Шерзод Шерматов (Халқ таълими вазири), Русланбек Давлетов (Адлия вазири), Темур Ишметов (Молия вазир), Сардор Умурзоқов (Ташқи савдо ва инвестиция вазири) ўша командадаги ёш-ёш болалар. Ҳаммаси чет элда ўқиган, тил билади, ҳокимиятда йиллардан бери ўтирган катта ёшли кадрларга нисбатан тозароқ, қўрқмай гапира олади, кейин итоатли, садоқатли. Эътибор берган бўлсангиз, Мирзиёев асосий вазирликларни шу командага бериб бўлди”.

“Тез кўтарилган ёш кадр”

48 яшар Мусаев, Ўзбекистонда хизмат пиллапояларидан жуда тез кўтарилган ва асосан, пул-маблағ ҳисоби, тақсимоти ва тасарруфи катта бўлган ижтимоий-иқтисодий соҳаларни бошқариш ваколати берилган нисбатан ёш кадрдир.

  • 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.
  • 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.
  • Карьерасини 1998-2002 йиллар оралиғида Молия вазирлигида давлат қимматбаҳо қоғозлар бозори назоратини юритишдан бошлаган. 2006-2010 йилларда Ҳисоб палатасининг раиси бўлган.
  • 2010 - 2011 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари бўлган. 2018 йил декабридан эса қўмита раиси лавозимларида ишлаган.
  • 2020 йил май ойидан буён Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаётган эди.

Озодликнинг ССВ даги манбасига кўра, ўтган йил октябрда вазир Алишер Шодмонов ишдан олиниб, ўрнига Абдуҳаким Ҳожибоев тайинланган бўлса-да, вазирликда йирик молиявий масалалар ва айниқса, коронавирус чора-тадбирларга оид асосий молиявий қарорлани айнан Беҳзод Мусаев бераётган эди:

“Вакцина, дори-дармон, тиббий асбоб-анжом сотиб олиш каби масалалар, тендерларни ташкил қилиш ва тақсимлашдаги ҳамма масалалар, Бош вазир ўринбосари бўлганидан бери Беҳзод Мусаев ва унинг командасига бериб қўйилган. Асосий қарор булардан ҳам тепада берилади ва булар техник ижросини қилиб беради. Уни ҳисоб-китобга жуда пухта, дейишади. Ўзини командаси бор. Ўтган йили ёзда бош вазирга ўринбосар қилинди ва аввал ўзи билан Солиқ бошқармасида ишлаган 12 кишини ССВга ўтказди - кассир, ҳисобчи бўлиб ишлаган бухгалтер, иқтисодчилар вазирликда ўтирибди, ҳозир. Буни вазирликнинг кадр таркиби ҳужжатларини бир кўрган одам тушунади”, деди Озодликнинг ССВдаги манбаси.

“Ариповнинг ҳисобчиси”

Аммо ССВ тизими ва ҳокимиятга яқин айрим манбалар Беҳзод Мусаев, ҳокимиятнинг коррупциялашган юқори доирасида асосан, пул-маблағ тақсимоти ва тасарруфини бошқараётган ишончли ҳисобчи, деб иддао қилмоқда.

Бундайлар даъвосича, бу ёш кадрни шахсан Бош вазир Абдулла Арипов қўллайди.

Озодликнинг коронавирус даври статистикасига оид суриштируви, айнан шу паллада пандемияга қарши кураш учун ажратилган 80 триллион сўмлик маблағ, ҳокимиятга яқин олигархлар ва амалдорлар томонидан турли схемалар воситасида ўзлаштирилганини ўртага чиқарган.

Жумладан, Тошкент шаҳар Санитария эпидемиология хизмати етакчи мутахасиссларидан бирининг иддао қилиши, коронавирус пандемияси учун ажратилган маблағлар ўзлаштирилган коррупцион схемаларнинг техник ижросида Беҳзод Мусаевнинг “хизмати катта”:

“Беҳзод Мусаевни ичкарида “Ариповнинг кассири”, дейишади. Мусаев ИИВда қидирувда бўлган, айнан талон-тарож учун. Америкага қочиб ҳам кетган, бошпана ҳам олган, деб ёзишди. Лекин Арипов бош вазир бўлди, орадан ҳеч қанча ўтмай Мусаев ҳам ишга қайтарилди. Жиноят ишлариям, қидирув ҳам ёпилиб кетди. Мана энди ССВга вазир қилишди. Чунки, бу йил қишда пандемия кучаяди, деган гап бор. Яна пул ажратилади. Ўзи йил бошида ажратилган 3 триллион сўм тугади, устига яна 1 ярим триллионга яқин ажратилган. Яна ажратилади, дейишяпти. Шунинг учун, бу ерга ўзини одамини қўйишди. Аслида Шодмонов ҳам ўзларининг одами эди”.

“Президентга содиқ”

Ўз вақтида Давлат Солиқ қўмитаси, раисликка тайинланган Мусаев ҳақида Шавкат Мирзиёевга содиқ экани урғуланган эди.

“Беҳзод Мусаев мамлакатимиз Президентига содиқ, кенг дунёқарашга эга, узоқни кўзловчи, тинмай изланувчан ва олдига ҳамиша стратегик вазифаларни мақсад қилиб келган юқори малакали мутахассисдир”, дейилганди қўмита матбуот хизмати хабарида.

Аммо президентга содиқ бу кадрнинг, ўтмишда жиноий ишларга алоқадорликда гумон қилингани, айнан давлат мулкини ўғирлаш ва талон-тарож гумони билан қидирувга берилгани унинг бугунги тайинловига нисбатан эътирозни янада кучайтирди.

“Жиноий ўтмиш”

Беҳзод Мусаев 2010-2011 йилларда Давлат солиқ қўмитаси, ўша пайтлардаги раис генерал Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган ва номаълум сабабларга кўра ишдан кетган эди.

Орадан қисқа муддат ўтиб, Озодлик манбалари Мусаевнинг АҚШдан сиёсий бошпана олгани бунга эса Ўзбекистонда унга нисбатан ҳозирланаётган жиноят ишидан хабар топгани сабаб бўлганини иддао қилганди. Ўша пайтда ҳам, кейинчалик ҳам бу хабарлар расман тасдиқланмаган.

Аммо, Шавкат Мирзёев президентликка келганидан 2 йил ўтиб, Мусаев яна Давлат солиқ қўмитасига қайтарилди - президентнинг 2018 йил 12 март кунги қарори билан Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бу тайинловдан бир кун ўтиб - 13 март куни ҳам 1973 йил 12 декабрда туғилган "Беҳзод Мусаев Анварович" деган шахс Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сайтида қидирувга берилганлар рўйхатида турган эди.

Беҳзод Анварович Мусаев, ИИВ қидирувдагилар рўйхатида, 2018 йил 13 март.
Беҳзод Анварович Мусаев, ИИВ қидирувдагилар рўйхатида, 2018 йил 13 март.

Бу шахс ҳақида маълумот бериш сўралган эълонда ëзилишича¸ сурати тақдим этилмаган Беҳзод Мусаев¸ Ўзбекистон Жиноят Кодексининг олтита моддаси¸ хусусан¸ 167-модда ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)¸ 175-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш)¸ 178-моддаси (Чет эл валютасини яшириш)¸ 179-моддаси (Сохта тадбиркорлик)¸ 184-моддаси (Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) ва 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) да кўзда тутилган жиддий иқтисодий жиноятларни содир этганликда гумонланганиб¸ қидирувга берилган.

Ўшанда, Озодлик бу мақолани эълон қилганидан саноқли соатлар ўтиб, Беҳзод Мусаев ИВВ қидирувга берган шахслар рўйхатидан олиб ташланган, бу эълон ҳамда номи тилга олинган шахсга нисбатан очилган жиноий иш натижаси ҳақида, Ўзбекистон ИИВ ўшандан буён бирор маълумот бергани йўқ.

Хусусан, ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов, Беҳзод Мусаевга очилган жиноят иши юзасидан маълумот олиш учун расман сўров юборишни сўради, Озодлик бу сўровни юборди, жавоб кутмоқда.

5 йилда 5 вазир

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса, Шавкат Мирзиёев энг коррупциялашган, деб тан олган вазирликдир. Ўз вақтида президент бу вазирликда давлат ғазнасида ажратилган миллионлаб доллар пул ўғирланганини очиқ айтган.

Аммо Мирзиёев президентликка келганидан бери айнан шу вазирликнинг раҳбарини 5 марта алмаштирди.

Ислом Каримов даврида вазир қилиб тайинланган Анвар Алимов, 4 йилдан сўнг - 2016 йилда Шавкат Мирзиёев президентликка келгач ишдан олинган. Ўша пайтда унинг ўрнига тайинланган кейинги вазир - Адҳам Икромов атиги 2 ой ишлади.

2017 йил февралидан Алишер Шодмонов ССВ вазири қилиб тайинланди. Вазирликдаги Озодлик манбасига кўра, бу раҳбарлар орасида Шодмонов кучли медик эди:

“Коронавирус пандемияси пайтида вазирликка жуда катта маблағ ажратилди, лекин тақсимоти эса вазирликда бўлмади, биласиз. Яъни, ковид пуллари катта талон-тарож бўлди ва бунда фақат бизнинг вазирлик айбдормас. Бошқа вазирликлар, ҳокимиятлар, буни ичида мелисасиям бор, миллий гвардиясиям бор, банклар - хуллас маблағ роса талон-тарож қилинди. Ҳалиям давом этяпти. Мусаев буни тўхтатиб қоладими? Йўқ, менимча. Буни тўхтатишга кучи етадиган вазир бўлмаса керак, бизнинг давлатда”.

XS
SM
MD
LG