Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:08

"Жара": Қозоғистондан қувилган Путиннинг поп-юлдузлари Тошкентга келмоқда


"Жара" мусиқа фестивали 23 май куни пойтахтдаги “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиши режаланган.
"Жара" мусиқа фестивали 23 май куни пойтахтдаги “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиши режаланган.

Россиянинг Украинага босқини ва Ғарб санкциялари сабаб рус санъаткорлари учун майдон тораймоқда.

Урушни очиқ қўллаб-қувватлаган россиялик юлдузлар Европа ва баъзи собиқ совет ўлкаларида тақиққа учради.

Аммо Тошкент россиялик "путинпараст” санъаткорларга бағрини очмоқда.

“Z батальони” ёки “путинпарастлар тўдаси” дея танқид қилиниб, Озарбайжон ва Қозоғистонда тақиққа учраган Россиянинг “Жара” мусиқа фестивали бу йил Тошкентда ўтказиладиган бўлди.

Ўттизга яқин россиялик санъаткорлар иштирокидаги мусиқа фестивали 23 май куни пойтахтдаги “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиши режаланган.

“Жара” фестивалининг Тошкентда ўтказилиши бир ҳафта олдин эълон қилинди. Ташкилотчилар баёнотида бундай дейилади:

“Русофоб кайфияти ташкилотчиларни жойни ўзгартиришга мажбур қилмоқда: Олмаотада 9-12 март кунлари бўлиб ўтиши керак бўлган очиқ осмон остидаги “Жара” фестивали Тошкентга кўчирилмоқда. Бунинг сабаби Қозоғистон ижтимоий тармоқларидаги фаол русофобиядир”.

Ташкилотчилари ва қатнашчилари орасида Украинадаги урушни қўллагани учун Европа Иттифоқи санкцияларига учраган санъаткорлар бўлган “Жара” фестивалига Ўзбекистон ҳукумати нима асосда рухсат берди?

Озодлик бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлигига саволлар йўллаган ва жавоб кутмоқда.

Маданият ва туризм соҳасига яқин мулозим Озодликка фестиваль иштирокчилари таркиби кўриб чиқилаётгани ва мамлакатнинг нейтрал позициясидан келиб чиқиб, мувозанат топишга ҳаракат қилинаётганини айтди.

"Жара" фестивали, Боку.
"Жара" фестивали, Боку.

Урушни қўллаган юлдузлар

Ўзбекистон Маданият ва турзим вазири Озодбек Назарбеков уч ой аввал Озодлик билан суҳбатда Украинадаги урушни очиқ қўллаган россиялик эстрада юлдузларининг Тошкентда концертлари уюштирилаётгани ҳақида бундай деганди:

“Бу ҳолатларга Ўзбекистоннинг позицияси маълум. Ҳар иккала тарафни хоҳиш истакларини на қўллаш ва на қоралашдан тийиламиз. Россиядан фақат бу йил келгани йўқ, ҳар йили келади, уларни Ўзбекистонда мухлислари борлигини эътироф этамиз. Лекин сиёсий позицияларини ифодалашларига йўл қўймаймиз.”

Дастлаб Тошкентда бўлажак “Жара” фестивали афишасида Украинадаги урушни қўллагани учун Европа Иттифоқи санкцияларига тушган россиялик хонанда Григорий Лепс ҳам бор эди.

Кейин ташкилотчилар афишадан урушни қўллаб-қувватловчи баъзи санъаткорларни, жумладан Григорий Лепсни олиб ташлашди.

Григорий Лепс билан бирга Дима Билан ва Лолита ҳам афишада ғойиб бўлди.

Уларнинг барчаси, у ёки бу тарзда, Украинанинг бир қисмини Россия томонидан босиб олинишини қўллаб-қувватлаган.

Афишада Қрим аннексиясини қўллаб чиқиш қилгани ва ярим оролда концерт бергани учун Украинага кириши тақиқланган санъаткорлар ҳамон бор.

Ольга Бузова Донецкка борган, Украинанинг Россия оккупацияси остидаги бу вилоятига ўзи билан ёрдам ҳам олиб борган.

Гарчи Григорий Лепс афишадан олиб ташланган эса-да, у фестивал ташкилотчиларидан бири ҳисобланади.

Григорий Лепс "Жара" фестивали ташкилотчиларидан бири ҳисобланади.
Григорий Лепс "Жара" фестивали ташкилотчиларидан бири ҳисобланади.

Лепс Путин ва урушни қўлловчи Z-концертларда қатнашган, Донецкда жанг қилаётган айирмачилар билан видеога тушган. Ўзи урушни очиқдан қўллаб қувватлаган.

“Тошкентда “Жара” фестивалининг ўтказилиши шармандалик ва жирканч. Иштирокчилар орасида Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган санъаткорлар бор. Бас, шундай экан фестивалдан тушган даромад Украинада тинч аҳолини қирғин қилиш учун сарфланади дея оламиз. Ўзбекистон фуқаролари эса чипта сотиб олиб, Россия бошлаган жиноятнинг беихтиёр иштирокчисига айланиши мумкин”, - дейди ўзбекистонлик санъатшунос Сергей Игнатьев.

Украинага Россия босқини бошланганидан кейин урушни ёқлаб чиққан кўплаб россиялик хонандалар дунёнинг кўплаб мамлакатларида исталмас шахсга айланди.

Германияда урушни қўллаб-қувватловчи россиялик қўшиқчи Филипп Киркоровнинг 6 февраль кунига белгиланган гастроли бекор қилинди.

Аммо, Киркоровнинг Тошкентдаги концертига монелик қилинмади.

Россиялик ашулачи Филипп Киркоров.
Россиялик ашулачи Филипп Киркоров.

Урушни қоралаган ашулачилар эса Россияда қувғинга учради. Алла Пугачёва, Андрей Макаревич, Светлана Лобода каби юлдузлар бадарға бўлди.

Ўзбекистонлик ашулачи Наргиз Зокировага урушни қоралагани учун Россияга киришга эллик йилга тақиқ қўйилди.

Санъатшунослар фикрича, маданият СССРда тарғибот қуроли бўлгани каби бугунги кунда Россияда у шундайлигича қолмоқда.

Авторитар, тоталитар мамлакатда маданият фақат ҳокимиятга хизмат қилади ва халқаро миқёсда ташвиқот воситаси сифатида фойдаланилади.

Қозоғистон ва Озарбайжондан қувилган "Жара"

Россиянинг фестивални Озарбайжонда, Қозоғистонда ёки Ўзбекистонда ўтказишга уриниши эса ташқи тарғибот ва шу давлатларда таъсирни кучайтириш, дейишади таҳлилчилар.

Аммо, Россиянинг фестивални Қозоғистонда ўтказиш режаси маҳаллий қозоқ фаоллари норозилиги сабаб амалга ошмади.

9-12 март кунлари Олмаотада ўтказилиши керак бўлган “Жара” мусиқа фестивали қозоғистонликларнинг Украина можаросига муносабати туфайли бекор қилинди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларнинг Қозоғистон сегментида ушбу фестивалга қарши кенг кўламли виртуал норозилик акцияси бошланган эди.

Аксарият фойдаланувчиларнинг фикрича, урушни ёқлаган россиялик санъаткорлар концертига руҳсат берилиши “Украинадаги урушни қўллаб-қувватловни” англатади.

Ольга Бузова.
Ольга Бузова.

Ўтган йили айнан шу важ билан Озарбайжон бу фестивалга мезбонликдан воз кечганди.

Шу боис шоу ташкилотчилари “Жара” мусиқа фестивалини Ўзбекистон пойтахтига ўзгартиришга мажбур бўлишди.

“Шахсан мен Ўзбекистон ватандоши сифатида урушни қоралаган рус санъаткорларининг Тошкентга келиб концерт беришида муаммо кўрмайман. Ҳуш келибсиз деймиз уларга. Лекин, Россиянинг Украинада олиб бораётган урушни ёқлаб чиққан ашулачиларни бу ерда кўришни хоҳламайман. Масалан барча Zчилар билан урушни қўллаб-қувватлаган Григорий Лепсни умуман кўргим йўқ. “Жара” нега Қоғозистон ёки Озарбайжонда қабул қилинмадию Ўзбекистонда руҳсат берилди. Ўзбекистон бағрикенг, меҳмондўстлик қиляпти, деган фикр айтиляпти. Мен бунга қўшилмайман. Менимча биз ҳам Боку ва Олмаота сингари урушни қўллаб чиққанларга майдон бермаслигимиз керак”, - дейди ўзбекистонлик блогер Никита Макаренко.

Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, фестивалнинг Тошкентда ўтказилишига президентнинг қизи Саида Мирзиёева розилик берган.

Янги Ўзбекистон боғида бўладиган фестиваль ҳомийларидан бири эса Orient Finance Bankдир.

Ушбу хусусий банк ўтмишда Саида Мирзиёева тарғиб қилган "Мендирман Жалолиддин" филмига ҳам ҳомийлик қилгани маълум.

Тўрт йил аввал Ўзбекистон президентининг куёви "путинпараст ашулачи" Полина Гагарина концертига хомийлик қилгани ҳақда Озодлик хабар берганди.

“Жара” мусиқа фестивалининг Тошкентда ўтказилиши ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг норозилигига сабаб бўлди.

"Бизга нима кераги бор буни"?

Баъзилар тадбирни бекор қилишни талаб қилиб чиқди.

“Нега ўзини Россиясида ўтказмайди? Бизга нима кераги бор буни"? деб ёзди ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар.

“Путинпараст” санъаткорларга ўзбек саҳналарининг тўри биринчи марта берилаётгани йўқ.

Ўтган йил сентябрь ойида ўз баданига президент Путиннинг учта суратини ва свастикага ўхшаган рамзни татуировка қилдирган Сергей Полуниннинг рус солдати кийимида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театри саҳнасидаги чиқиши жанжалга сабаб бўлганди.

Сергей Полунин.
Сергей Полунин.

Ташкилотчиларга кўра, рус раққосининг ҳарбий кийимда чиқиши залда ўтирган томошабинларнинг эътирозига учраган.

Танаффус пайтида, орасида украинлар ҳам бўлган томошабинлар “Ўзбекистондан буни кутмаган эдик” деган сўзлар билан зални тарк этишганди.

Полуниннинг Ўзбекистонга гастроли ортидан уни ташкиллаштирган Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш фондининг камида икки ходими ишдан бўшатилган.

Аммо, "ким “путинпараст” раққосни Тошкентга таклиф этди?" деган савол ҳануз жавобсиз қолмоқда.

Санъатшунослар фикрича, Ўзбекистоннинг ўзида баъзи санъаткорлар ташқи кўриниши ёки сиёсий қарашлари учун тақиққа учраган бир пайтда, урушни ёқловчи рус ашулачиларига майдон берилиши таажубланарли.

“Катта эҳтимол билан Ўзбекистон матбуотида бу ҳақда ҳеч қандай муҳокама бўлмайди. Бундай вазиятда “Ўзбекконцерт”нинг позицияси кулгили кўринади. “Ўзбекконцерт” қўшиқ матни ва санъаткорларнинг саҳнадаги ўзини тутишини маъқуллайдими, бу мен учун қизиқ бўларди. Агар Россиядан келган санъаткорлар урушни тарғиб қилса, расмийлар бунга қандай муносабатда бўлишади? Бузова бадани рангидаги шимда саҳнага чиқса тақиқланадими? “Жара” Путин сиёсатининг очиқ тарғиботидир. Ушбу фестивални Тошкентда ўтказишга рухсат бериш Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган урушини қўллаб-қувватлашни англатади”, - дейди санъатшунос Сергей Игнатьев.

Бундан олдин Европа Иттифоқи санкцияларига тушган россиялик “путинпараст” актёрлар Владимир Машков ва Сергей Безруковларнинг Тошкент кинофестивалига таклиф этилгани, баъзиларининг мамлакат Олимпия қўмитаси мулозими ҳам бўлган зиддиятли тадбиркор Салим Абдувалиев хонадонида меҳмон бўлгани тармоқларда муҳокама қилинган.

Россиялик қўшиқчиларнинг ўзбек зодагонлари тўйларида кўриниш бериши одатий ҳол.

Кремл пропагандачиси ва Қрим аннексиясининг ашаддий тарафдори бўлган россиялик режиссёр Никита Михалков ўтган йили Тошкент фестивалининг хос меҳмони бўлганди.

Форум

XS
SM
MD
LG