Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 03:48

Террорчиликда айбланган тожикистонлик Сурия армиясида лавозим олди


41 яшар Сайфиддин Тожибоев янги Сурия ҳукумати мудофаа вазирлигининг тезкор штаб қўмондони этиб тайинланган.
41 яшар Сайфиддин Тожибоев янги Сурия ҳукумати мудофаа вазирлигининг тезкор штаб қўмондони этиб тайинланган.

Бошқа мамлакатлар ҳудудида бўлган ҳарбий можароларда, шунингдек террорчилик операцияларида иштирок этгани учун ўз ватанида қидирувга берилган тожикистонлик Сайфиддин Тожибоев янги Сурия армиясида юқори лавозимга тайинланди.

Сайфиддин Тожибоев 41 ёшда, Сўғд вилоятининг Спитамен туманида туғилган. “Ҳайят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи билан биргаликда Асад режимига қарши курашган “Жамоат ат-Тавҳид вал-Жиҳод” гуруҳининг жанговар қаноти командирларидан бири бўлган. Ушбу гуруҳ жангариларининг аксари Марказий Осиёдан.

Суриядаги хорижий жангарилар - нима маълум?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:50 0:00

Сайфиддин Тожибоев янги Сурия ҳукумати мудофаа вазирлигининг тезкор штаб қўмондони этиб тайинлангани ҳақида 3 январ куни “Ҳайят Таҳрир аш-Шом” террорчилик гуруҳи сафидаги тожик блогерлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилишган эди.

Тожибоев улар билан суҳбатда янги лавозимда ишни аллақачон бошлаб юборганини айтган.

2024 йил 9 декабрда, Башар Асад режими қулашидан бир кун ўтиб ўрнатилган Сурия ўтиш даври ҳукумати ушбу янгиликни на тасдиқлади ва на инкор этди, бироқ 31 декабр куни Reuters агентлиги мамлакат қуролли кучларида бир қанча муҳим лавозимлар ажнабий жангариларга берилгани ҳақида хабар тарқатди. Агентлик суҳбатдошига кўра, Суриянинг янги Мудофаа вазирлигида 50 та лавозимдан олтитасига чет эллик жангарилар тайинланган.

Тожикистон кучишлатар тузилмаларидаги манба 5 январ куни Озодлик радиоси билан суҳбатда Сайфиддин Тожибоев катта ҳарбий лавозимга тайинланганидан хабардорлигини айтди.

“Тожибоев 2013 йилдан бери укаси билан Сурияда юрибди, террорчи гуруҳлар тарафида жангларда иштирок этган. У кўплаб фуқароларимизни ўз гуруҳи сафига оғдириб олган. Сайфиддиннинг устидан жиноят иши қўзғатилган, ўзи қидирувда”, деди Озодлик суҳбатдоши.

Тожикистон Миллий банки сайтида Сайфиддин Тожибоев терроризмга алоқадор шахслар рўйхатига киритилган ва у билан ҳар қандай пул операциялари тақиқланган.

“Ҳайят Таҳрир аш-Шом” гуруҳидаги блогерлар лавозимга тайинланиши ортидан Сайфиддин Тожибоевга полковник унвони берилгани ҳақида ёзишмоқда.

Бироқ унинг Сурия фуқаролигини олган-олмагани маълум эмас.

Тожикистон ҳукуматига оид нашрлар бир неча марта Сайфиддин Тожибоевни тожик фуқароларини чет элда ҳарбий можароларда иштирок этиш учун ёлловчи шахс сифатида тилга олган.

Сурияга кетгунига қадар Тожибоев Тожикистонда тақиқланган Ислом уйғониши партияси (ТИУП) аъзоси бўлган, 2012 йилда бир оз вақт партиянинг Спитамен тумани шуъбасига раҳбарлик ҳам қилган, аммо кейин ушбу партия сафидан чиққан.

Бир пайтлар парламент партияси бўлган ТИУП 2015 йилда “террорчи ташкилот” деб эълон қилинган, унинг ўнлаб фаоллари қамоққа отилган, кўплари хорижга қочган. Партия етакчилари тожик ҳукуматининг ушбу қарорини ҳеч бир асоси йўқ, бичиб-тўқилган айблов деб ҳисоблашади.

Тожикистон ҳукумати маълумотига кўра, 2013–2017 йилларда 2 минг нафардан ортиқ тожикистонлик Сурия ва Ироққа жўнаб кетган. Уларнинг аксари Ислом давлати тарафдорлари бўлган ва ушбу гуруҳ мағлубиятга учрагач, тарқалиб кетган.

“Ҳайят Таҳрир аш-Шом” таркибида жанг қилган тожикларнинг кўпчилиги Суриянинг 2015 йилдан бери ушбу ташкилот назоратида қолаётган Идлиб шаҳрида экани айтилади. Тожикистон ҳукуматига кўра, Идлибда қарийб 400 нафар тожик фуқаролари мавжуд.

Форум

XS
SM
MD
LG