Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 03:31

Хорижий жангарилар Сурия армиясида лавозим олди. Бу ҳукуматларни ташвишга солади


Хорижий жангчиларнинг бир гуруҳи Суриянинг Туркия билан чегарага яқин шимоли-шарқий Тал Тамр шаҳрида. 15 апрель, 2015 йил.
Хорижий жангчиларнинг бир гуруҳи Суриянинг Туркия билан чегарага яқин шимоли-шарқий Тал Тамр шаҳрида. 15 апрель, 2015 йил.

Хабар қилинишича, Суриянинг янги раҳбарлари қатор хорижий исломий жангчиларга, жумладан, хитойлик уйғурлар, этник албан ва тожик фуқаросига юқори мартабали ҳарбий лавозимларни берган. Бу уларнинг ватанларида хавотир уйғотмоқда, бироқ Яқин Шарқ бўйича етакчи мутахассис уларнинг инқилобни ўз мамлакатларига олиб киришга уриниши эҳтимолдан узоқ эканлигини таъкидлайди.

Суриянинг янги бошқарувчилари бир нечта хорижлик исломий жангчиларга юқори мартабали ҳарбий лавозимларни берган бўлиб, бу инқилобнинг ўз ҳудудларига тарқалишидан хавотирланган маҳаллий ҳукуматларни ташвишга солмоқда.

Reuters ва AFP хабарларида айтилишича, Суриядаги номалум манбаларга кўра, чет элликлар орасида Шимолий македониялик этник албан, Тожикистон фуқароси ва уч нафар хитойлик уйғур расмий лавозимларга кўтарилган.

Хабарларга кўра, тожикистонлик 41 яшар Сайфиддин Тожибоев янги Сурия ҳукумати мудофаа вазирлигининг тезкор штаб қўмондони этиб тайинланган.
Хабарларга кўра, тожикистонлик 41 яшар Сайфиддин Тожибоев янги Сурия ҳукумати мудофаа вазирлигининг тезкор штаб қўмондони этиб тайинланган.

Хорижлик жангчилардан учтасига бригада генерали унвони, яна камида учтасига полковник унвони берилган, деб хабар қилинмоқда, бироқ "Озодлик" радиоси бу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлай олмаган.

Маълумотларга кўра, Абу Қатада ал-Албаний номи билан ҳам танилган македониялик Абдул Самрез Жашарий полковник бўлган.

48 ёшли Жашарий 2024 йил декабрь ойида Сурия президенти Башар ал-Асадни ағдариб ташлаган, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот деб эътироф этилган Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) билан иттифоқ тузган, асосан этник албанлардан иборат жангари гуруҳи “Хемати Албан”ни бошқаради.

Жашарий 2016 йилда АҚШ Молия вазирлиги томонидан террорчи деб эълон қилинган.

ҲТШ кучларига яқин бўлган тожик блогерлари айтишича, полковник бўлган яна бир хорижлик тожикистонлик Сайфиддин Тожибоевдир.

Тожибоевнинг Сурия армиясида тезкор штаби қўмондони этиб тайинлангани ва майорликдан полковник даражасига кўтарилгани ҳақидаги хабарларни "Озодлик" радиоси тасдиқлай олмади.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идорасидаги номи ошкор этилишни истамаган манба 5 январь куни Озодлик радиоси тожик хизматига Тожибоевнинг тайинланиши ҳақидаги хабар ҳукуматга маълум эканини айтди.

41 ёшли Тожибоев хорижий можароларда иштирок этганликда, террорчи ташкилотларга аъзоликда ва террорчи гуруҳларга жангчи ёллашда айбланиб, Тожикистонда қидирувда. Унинг номи Тожикистон марказий банкининг молиявий фаолият билан шуғулланиши тақиқланган санкцияга учраган шахслар рўйхатида ҳам мавжуд.

"Тожибоев ва унинг укаси 2013 йилда Сурияга борган ва ўшандан бери у ердаги ҳарбий можароларда қатнашмоқда, – деди Душанбедаги манба Озодлик радиосига. – Тожибоев террорчи гуруҳларга қўшилиш учун бир неча тожик фуқароларини ҳам ёллаган."

Тожибоев Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) аъзоси бўлган. Бу партия бир пайтлар оммалашган бўлиб, кейинчалик тақиқланган ва 2015 йилда "террорчи" деб эълон қилинган. Партия терроризм айбловларини рад этади.

Суриядаги хорижий жангарилар - нима маълум?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:50 0:00

Тожибоев 2012 йилда ТИУПнинг Тожикистон шимолидаги Спитамен туманидаги маҳаллий бўлими раҳбари бўлиб қисқа муддат ишлаган, сўнг истеъфога чиқиб, партия сиёсатини танқид қилган.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари, миллий ярашув ва халқаро ҳамжамият билан муносабатлар бўйича мўътадил сиёсатни қабул қилишга очиқчасига ваъда берган ҲТШ хорижий фуқароларнинг тайинловлари тўғрисида расмий баёнот чиқармаган. Исломий гуруҳ ўзи билан иттифоқ тузган турли жангари гуруҳлардан профессионал армия тузишга уринмоқда.

ҲТШ таркибига Россия, Марказий Осиё ва Болқондан келган кўплаб жангчилар киради. Уларнинг аксарияти 2014 йилда ИШИД экстремистик гуруҳи Сурия ва Ироқнинг айрим ҳудудларида халифалик ташкил этилганини эълон қилганидан кейин Сурияга келган.

Ватандаги хавотирлар

Бу жангчилар ўз мамлакатларида барқарорлик ва миллий хавфсизликка потенциал таҳдид сифатида кўрилади.

2024 йил декабрь ойида ижтимоий тармоқларда Суриядаги тожик жангчилар акс этган видеолар тарқалганда, Тожикистон хавфсизлик кучларига яқин бўлган, исмини ошкор қилишни истамаган манба Душанбенинг ўз фуқароларининг чет эл урушларида қатнашаётганини кўриб, ташвишга тушаётганини айтган.

"Улар бир кун келиб Тожикистонга қайтиб, бу ерда жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин," деб таъкидлади манба “Озодлик” радиосига, жангчиларни вақти келса портлайдиган бомбага ўхшатиб.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё ҳукуматлари Ироқ ва Суриядан юзлаб ўз фуқароларини – ИШИД жангчиларининг оила аъзоларини ватанига қайтарди ва уларга "фуқаролик ҳаётига" қайта мослашишда ёрдам кўрсатди.

Ўнлаб бошқалар ҳукумат амнистияларидан фойдаланиб, ўз ихтиёри билан қайтди.

Мутахассислар фикрича, Сурияда ҳали ҳам бир неча минг хорижлик жангари қолган бўлиши мумкин.

Ҳукуматларни ташвишга солаётган нарса – жангариларнинг ҲТШ мафкураси ёки исломий инқилобни ўз мамлакатларига олиб келишга уриниш эҳтимолидир.

"Сиёсий жиҳод асри: Ҳайъат Таҳрир аш-Шом тадқиқоти" асари муаллифи Аарон Зелин Озодлик радиосига берган интервьюсида таъкидлашича, бу тайинловлар илгари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги Суриянинг янги ҳукмдорларининг Суриядан ташқаридаги режаларини англатмайди.

"Бу Жўлоний ва ҲТШнинг мазкур шахслар Сурия давлатининг буйруқларига бўйсунишлари ва уруш деярли тугагани сабаб мустақил ҳаракатлар бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун қилаётган уринишидир," деди Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти катта илмий ходими Зелин.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Шараа мамлакатда маълум вақт яшаган ва Асад режимига қарши курашда ҲТШни қўллаб-қувватлаган хорижликларга Сурия фуқаролигини бериш ҳақида гапирган.

"Жўлоний уларни маҳаллийлаштириб, сурияликларга айлантирмоқчи... Уларнинг мустақил ҳаракат қилишидан кўра, жамиятга қўшилиб, ҲТШга эргашганлари яхшироқ, ёки ҳеч бўлмаганда улар вазиятни шундай кўришмоқда," деди Зелин.

Форум

XS
SM
MD
LG