Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Тадбиркорлар “Сурхон” футбол клуби учун 50 миллион сўмдан пул ўтказишга мажбурланмоқда


"Сурхон" футбол жамоаси. Championat.uz сайтидан олинди
"Сурхон" футбол жамоаси. Championat.uz сайтидан олинди

Сурхондарё вилоятидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларига “Сурхон” футбол жамоаси учун 50 миллион сўмдан пул ўтказиш мажбурияти қўйилди.

Тадбиркорларнинг айтишларича, вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг футбол жамоасини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳақидаги ихтиёрий-мажбурий топшириғи, қурилиш ташкилотлари, тош майдалаш корхоналари, тижорат банкларига ҳам берилган.

“Сурхон” футбол жамоасига хайрия қилишга бағишланган мажлис 19 июль куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган.

Вилоят ҳокимлиги мулозими, “вилоятнинг юзи” бўлган маҳаллий жамоани қўллаш учун шундай топшириқ берилганини тасдиқлар экан, бу тадбир ихтиёрий тарзда амалга оширилаётганини билдирди.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш баёни
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш баёни

​Термиз шаҳридаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларига “Сурхон” футбол жамоаси учун 50 миллион сўмдан пул ўтказиш вазифаси юклангани ҳақида тадбиркорлардан бири Озодликка маълум қилди:

“Ўтган ҳафта вилоят ҳокимлигидаги мажлисда ҳоким “Сурхон” футбол жамоасига ҳомийлик қиласизлар¸ бу президентнинг қарори дедию, лекин қанақа қарор эканлигини айтмади. Хусусий қурилиш ташкилотлари, МЧЖлар, банклар, карьерлар, заправкалар пул ўтказиши лозимлигини айтди. Жумладан, биз метан газ қуйиш заправкалари ҳам 50 миллион сўмдан ўтказишимиз шартлиги айтилди”.

Озодликка юборилган вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш баённомаси иловасида вилоятдаги 51 та сиқилган газ қуйиш шохобчаси номи кўрсатилган.

Метан газ қуйиш шохобчалари рўйхати
Метан газ қуйиш шохобчалари рўйхати

Озодлик суҳбатлашган бошқа метан газ қуйиш шохобчаси раҳбари ҳам уларга 50 миллион сўмлик ноқонуний солиқ солингани тасдиқлади.

“Думини ҳам кўтара олмай судраладиган жамоага берадиган пулим йўқ. Лекин бермасанг, барибир кейин сенга ўчакишиб, бир камчилигингни топиб, уни бўрттириб, жазолашади. Шунинг учун, 50 миллион бўлмаса ҳам, имконим борича топиб беришга мажбурман”.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ўтган ҳафтада вилоят ҳокими “Сурхон” футбол жамоасини қўллаш учун тадбиркорларга хайрия қилиш топшириғи берганини тасдиқлади.

“Сурхон” футбол жамоаси собиқ ҳоким Эркин Турдимов талаби билан профессионал лигага қўйилган эди. Ҳозир у асосий состав, дублёрлар, хуллас 50 кишига яқин жамоа. Уларнинг ҳисобида камида 5-6 миллард сўм пул бўлиши керак. Ҳар бир ўйинчи билан 70-50 миллион сўмлик шартнома қилдирилади. Харажати кўп. Лекин уларга бунча пулни топиш имкони бўлмаяпти. Вилоят ҳокими ҳам тадбиркорларга ана шу жамоага ҳомийлик қилишга чақиряпти. Масалан, Ҳайитали деган тадбиркоримиз 500 миллион сўм ҳомийлик қилди. Қолган тадбиркорларга ҳам айтилди. Мажбурий эмас, ихтиёрий бўлаяпти”.

Корхона ва ташкилотлар рўйхати
Корхона ва ташкилотлар рўйхати

​Озодликка юборилган вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш баённомаси иловасида “Сурхон” футбол жамоасига хайрия қилиш топширилган рўйхатда вилоятдаги салоҳиятли давлат идоралари, тижорат банклари, йирик тадбиркорлик субъектлари, жами 226та ташкилотнинг рўйхати келтирилган.

"Сурхон" футбол жамоаси вице-президенти Шердонақул Холбоев Озодлик билан суҳбатда жамоанинг молиявий ҳолатига масъул эмаслигини айтди.

- Мен фақат администраторман, мен молиявий аҳволни тушунмайман, Тошкент шуғулланади молиявий аҳвол билан, деди Шердонақул Холбоев.

Ўзбекистондаги футбол клубларига тадбиркорларнинг пул ўтказишга мажбурлангани ҳақида илгари ҳам Озодлик хабар берган эди.

Шу йил бошида Андижон вилоят ҳокими вилоят ҳудудида фаолият юритаëтган барча тадбиркорлик субъектларига “Андижон” футбол клуби учун жами 8 миллиард 55 миллион сўмлик “ҳомийлик ëрдами” йиғиш талабини қўйган эди.​

2018 йилнинг ноябрида Жиззах вилоятидаги мактабларнинг ишчи-ходимлари ойлигидан бир кунлик иш ҳақи (ўртача 70-100 минг сўм оралиғида) “Сўғдиёна” футбол клуби ҳисобига ўтказилган эди.

2017 йилнинг январида эса ўқитувчилар “Навбаҳор” футбол клуби учун ҳомийликка мажбурланган эди.

XS
SM
MD
LG