Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:26

Сурхондарёда пахта отряди бошлиқлари ҳокимият ваъда қилган маошни ололмаяпти


Отряд бошлиқларининг асосий вазифаси уюшмаган аҳолидан пахта теримига одам жалб қилиш ҳисобланади - иллюстратив сурат
Отряд бошлиқларининг асосий вазифаси уюшмаган аҳолидан пахта теримига одам жалб қилиш ҳисобланади - иллюстратив сурат

Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида аҳолини пахта теримига жалб қилишга вазифаланган отряд бошлиқларига ваъда қилинган иш ҳақи берилмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган отряд бошлиқларига кўра, улар пахта теримида қатнашиш истагини билдирган ишсиз одамларни йиғиб, теримга сафарбар этишда бош-қош бўлган.

Лекин пахта териб бўлингандан сўнг, уларнинг меҳнати унутилган ва расмийлар иш ҳақи беришдан бош тортмоқда.

Қизириқ тумани ҳокими Илҳом Юсупов отряд бошлиқларининг эътирозлари ўринли эканлигини тан олиб, яқин кунларда уларнинг барчасига ваъда қилинган пул берилишини айтди.

Қизириқ туманидаги пахта теримчилари отрядининг исми сир қолишини сўраган бошлиқларидан бирининг айтишича, одамларни пахта теримига жалб қилиш учун ҳокимият уларга ваъда қилган 2 миллион сўм маошни ололмаяпти:

“Биринчи сентябрдан бошлаб уйма-уй юриб, 80 нафар ишсиз одамни отрядга бирлаштирдим. Шунча одамга ўзим бош-қош бўлдим, ҳокимият қаерга деса, ўша ерга теримга олиб бордим. Бу ишимиз учун ҳокимлик бизга 2 миллион сўм маош ваъда қилган эди. Энди пахта тугади, иш битди - арава лойдан ўтди, лекин пулни бермаяпти”.

Отряд бошлиғига кўра, одамларни йиғиш ва уларни ҳужжатлаштириш учун ўз ёнидан пул сарфлаган:

“Бунча одамнинг паспортини ўзимиз ёнимиздан ксерокопия қилдик, ҳужжатларни тахлаш учун бир неча марта туман марказига бориб келдик, шунинг ўзига ҳам анча харажат қилиб қўйдик”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа отряд бошлиғининг айтишича, уларга бир миллион сўмдан пул берилган:

“Беш кун аввал ўнтача отряд бошлиғини пахта заводига чақириб, бир миллиондан пул бериб, мана шу иш ҳақларинг бўлди, деди. Сизлар икки миллиондан ваъда қилган эдингизларку, десам, бошқа пул йўқ, деб жавоб беришди. Кўпчилик шу бир миллионни ҳам олмаган. Ҳокимиятга борсак кластерга бор дейди, кластер меҳнат биржасига бор, дейди. Бизнинг номзодимизни маҳалла берган, ҳокимият тасдиқлаган, сектор раҳбари бўлган солиқ инспекциясига биркитиб қўйилган. Солиқ вакили бизга ишни бошланглар, пулларингни биз олиб берамиз, деб ваъда берган эди. Хуллас, энди иш битгандан кейин ҳамма ўзини олиб қочяпти”.

Унинг айтишича, туман бўйича 120 нафар отряд бошлиғининг юздан кўпи иш ҳақини ололмаган.

Туман солиқ инспекциясининг секторга қўйилган Суюн исмли вакилининг айтишича, меҳнат биржаси кластерга пулни ташлаб берса, муаммо ҳал бўлади:

“Кластер алоҳида ҳисоб рақами очиши керак, биржа унга пулни ташлаб беради, кейин отряд бошлиқларига иш ҳақлари берилади”.

Қизириқ тумани ҳокими Илҳом Юсуповнинг айтишича, отряд бошлиқлари иш ҳақининг ярми меҳнат биржаси, ярми эса кластер томонидан қопланиши керак:

“Кластер томонидан озгина кечикиш бўлган. Бу масалани ҳал қиламиз. Эртага соат 11 да отряд бошлиқлари пулини олади”.

Ўзбекистонда уюшмаган аҳоли ҳисобидан пахта териш отрядларини шакллантириш аввалги йилларда ҳам кузатилган.

Ўтган йили ҳам бир қанча отряд раҳбарлари терим тугаганидан сўнг иш ҳақини ололмагани ҳақида Озодликка шикоят қилган эди.

Жумладан, Хоразм вилояти Шовот туманида пахта мавсумида пахтага одам чиқарган, теримни ташкиллаштирган 35 нафар отряд раҳбари иш ҳақини тўрт ой давомида ололмаган.

XS
SM
MD
LG