Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:06

Одамларни оёғи билан даволайдиган “табиб” ҳибсга олинди


Замонавий тиббиëт номидан таклиф қилинаëтган сифатсиз¸ аммо қиммат хизматдан безган ўзбекистонликлар ҳар хил "табиб"ларга юзланмоқда.
Замонавий тиббиëт номидан таклиф қилинаëтган сифатсиз¸ аммо қиммат хизматдан безган ўзбекистонликлар ҳар хил "табиб"ларга юзланмоқда.

Бухоро вилояти Олот туманининг Қуйи Буржоқ қишлоғида истиқомат қиладиган Қаҳрамон мулла исмли “табиб” ҳибсга олинди. Оддий тракторчидан чиққан бу “табиб”, Озодлик манбаларига кўра, оёғидан тарқаладиган биотоклар билан одамларни даволаган. Унинг олдига ҳатто қўшни давлатлардан ҳам одамлар шифо излаб келишгани айтилаяпти.

Олот туманининг Қуйи Буржоқ қишлоғида яшовчи 62 яшар “табиб” Қаҳрамон Пўлатов 16 май куни ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган олотлик манбага кўра, Қаҳрамон Пўлатов паспорт текшириш баҳонасида борган ҳокимият вакилларига "қаршилик кўрсатганлик” важи билан ҳибсга олинган:

“​Вилоят прокуратураси вакиллари милиция ходимлари билан табибнинг уйига бостириб келишди ва унинг қўлига кишан солиб, олиб кетишди”, деди манба.

Манбага кўра, асли касби тракторчи бўлган Қаҳрамон мулланинг довруғи сўнгги икки йил ичида атрофга тарқалган эди:

“Бу одам асли тракторчи бўлган. Кейин фермерлик қилди. Ишлари юришмади, шекилли, фермерликни ҳам топшириб юборди. Пенсияга чиқиб, уйида уймаланиб юрарди. Менимча, тўрт-беш йил олдин у оёғида биоток пайдо бўлганини айтиб, касалларни “даволай” бошлади. Аввал одам кам келарди, лекин сўнгги икки йил орасида ҳовлисидан одам узилмай қолган эди”, деди манба.

Буржоқ қишлоғида истиқомат қиладиган ўқитувчи ҳам Озодлик билан суҳбатда Қаҳрамон мулланинг уйи кичик шифохонага айланганини ўз кўзи билан кўрганини айтади:

“Ҳамқишлоқмиз, бир куни нима қиляпти экан деб, уйига бордим. Борсам, Қаҳрамон мулла одамларни ётқизиб қўйиб, уларнинг оғриган жойларини оёғи билан силаяпти. Ўша пайтда у бир одамнинг бошига оёғини қўйиб турган экан. Ёнида иккита шогирди ҳам бор. Улар ёрдам беряпти. Билсам, у касалларни уйига бир неча кунлаб ётқизиб қўйиб, даволар экан. Уч маҳал овқат ҳам қилиб берар экан. Одамлар ўзлари кўнглидан пул чиқариб ташлаб кетар экан”, деди ўқитувчи.

Қаҳрамон мулладан шифо излаб қўшни республикалардан ҳам беморлар келгани айтилади.

Озодлик Қаҳрамон Пўлатов давосидан аниқ шифо топган ёки фирибгарлик қурбони бўлган шахслар ҳақида маълумотга эга эмас.

Баъзи хабарларга кўра, Қаҳрамон мулланинг уйидан 15 қоп ўзбек сўми ва ўнлаб сигирлар мусодара қилинган.

Бироқ, Олот тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, бу иддаоларни инкор қилди:

“Қаҳрамон Пўлатовнинг уйидан бунча қоп пул чиқди, ўнлаб моли бор экан, тошкентлик тансоқчилари бор экан, деганлари ёлғон. Менинг билишимча, у ҳеч қайси беморга бунча пул берасан деб айтмаган. Кимдир ихлос қилиб шифо топган бўлса, ўз ихтиёри билан пул ташлаб кетган. Айни пайтда уни Бухорога олиб кетишган. Бу иш билан вилоят прокуратураси шуғулланяпти. Менинг эшитишимча, унга фирибгарлик ва лицензиясиз фаолият юритиш айблари қўйилган”, деди мулозим.

Ўзбекистонда Халқ табобати академиясининг лицензиясисиз одамларни даволаш ноқонуний ҳисобланади.

Шунинг учун, лицензиясиз фаолият юритган табибларнинг ҳибсга олиниш ҳолатлари учраб туради.

Жумладан, ўтган йилнинг май ойида Шаҳрисабз туманининг Оммоғон қишлоғида яшовчи 15 яшар "табиб" Миразиз Тўхтавишев (Оммоғон маҳалласи фаоли Миразизнинг фамилияси Тўхтавишев деди, лекин расмий манбаларда унинг фамилияси Санаев эканлиги айтилади - таҳририят)нинг фаолиятини МХХ тўхтатган эди.

Сурхондарëда “Доктор Максим” деган халқ табобати ширкати очиб, одамларни Тибет тиббиëти услубида даволашни йўлга қўйган табиб Холиқул Юсупов 15 яшар қизни зўрлаганликда айбланиб қамалган ва 2014 йилда қамоқдан унинг ўлиги чиққан эди.

XS
SM
MD
LG