Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:21

"Онаси бехабар". Сенат раисининг хизмат уйини ўғри урди


Танзила Норбоева ўтган йили "свет ўчиши тарихда қолган" деган сўзлари учун танқидга учраганди. Унинг ўзи уйини ўғри уриши билан боғлиқ ҳодисани шарҳламади.
Танзила Норбоева ўтган йили "свет ўчиши тарихда қолган" деган сўзлари учун танқидга учраганди. Унинг ўзи уйини ўғри уриши билан боғлиқ ҳодисани шарҳламади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевага тегишли хонадонда шу йилнинг 25 ноябрь куни 12 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағи йўқолган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Дўрмондаги давлат ва ҳукумат мулозимларининг махсус қўриқланувчи Норбоевага тегишли хизмат уйида унинг қизи Нилуфархон Камалова оиласи билан истиқомат қилиб келган.

25 ноябрь куни Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБнинг навбатчилик қисмига мазкур хонадон сервантидаги чойнак ичига яширилган 12 500 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи йўқолгани борасида хабар келиб тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (Ўғрилик) моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган. Дастлаб гумондор тариқасида 2 нафар аёл ҳибсга олинган.

Сенат матбуот хизмати ҳодисани тасдиқлаган, аммо Сенат раисининг ҳодисадан хабари йўқлигини таъкидлаган. Озодлик Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг хизмат уйларидан фойдаланишга доир бирон норматив ҳужжат ёки регламент қоидаларини очиқ манбалардан топа олмади. Сенат ҳам нима учун Сенат раисининг уйида унинг қизи оиласи билан яшаб келаётганига изоҳ бергани йўқ.

“Аввал халқнинг тузини оқланг!” – тармоқлар Путинга қуллуқ қилган Норбаева ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:27 0:00

Гумондор — хонадон энагаси

Сенат раиси хонадонидаги ўғрилик бўйича мазкур хонадонда энага бўлиб ишлаб келган 1985 йилда туғилган Д.Т. исмли шахс гумондор тариқасида ҳибсга олинади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси Кукиевнинг 2 декабрь тунги соат 23.45 даги қамоққа олиш тўғрисидаги ажримига кўра, гумондор тергов органи томонидан 2 декабрь куни соат 23.10 да Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 227-моддаси асосида ҳибсга олинган. Яъни, қамоққа олинган вақт билан эҳтиёт чораси танлаш ўртасидаги фарқ 30 минутни ташкил қилади.

Суд эҳтиёт чораси сифатида қамоқ белгилаб, гумондор Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли тергов изоляторига жойлаштирилган.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши матбуот хизматининг билдиришича, судьялар иш соати 09:00 дан 18:00 гача этиб белгиланган. Бироқ алоҳида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина тунда ҳам қамоққа санкция олиш мумкин бўлади.

Қийноқ иддаоси

Гумонланувчи Д.Т. дастлабки суриштирув жараёнида тергов органи томонидан қийноққа солингани ва руҳий босимлар остида қолганини иддао қилади.

Гумонланувчининг таъкидлашича, Тошкент шаҳар ИИББнинг 4-қаватида жойлашган тергов изоляторида унга нисбатан жисмоний қийноқлар ҳам содир этилган. Ўзининг иддао қилишича, Жиноят қидирув бўлими ходимлари уни дўппослашган, унга турли оғир жисмоний машқлар бажаришни юклашган.

“Сўнг кийимларингни ечасан, яланғоч ҳолда суратга олиб, эрингга юборамиз” дейишди, дейди прокуратурага ёзган, Озодликда нусхаси мавжуд шикоятида Д.Т.

Шикоятда жисмоний ва руҳий босимлар Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ходимлари Дилмурод, Бекзод томонидан содир этилгани иддао қилинади.

Ижтимоий тармоқдаги ажиотаж ва кутилмаган бурилиш

Мазкур ҳодиса ҳақида дастлаб ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пост қолдирган. Сўнг мазкур постга иқтибосан мамлакатдаги етакчи интернет нашрлари воқеани кенг ёритди.

Ҳодисанинг кейинги тафсилотлари билан ўртоқлашган ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Сенат раиси Танзила Норбоева қизининг хонадонида содир бўлган инцидентдан бехабар бўлган.

Ижтимоий тармоқдаги шов-шувлардан сўнг жабрланувчи Нилуфархон Камалова ўз аризасини қайтариб олган. Шунингдек, гумонланувчи Д.Т. озодликка чиқарилиб, жиноят ишини ёпиш борасида процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Human.uz интернет нашрига махсус интервью берган жабрланувчи Нилуфар Камалова ўзининг мустақил шахс экани ва фуқаролик ҳуқуқлари доирасида ўғрилик учун шикоят қилгани, ўзининг Сенат раиси бўлган онаси бу ҳодисадан хабарсиз эканини таъкидлаган.

Форум

XS
SM
MD
LG