Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Тилла келин ва тўнкарилган пирамида. Тармоқни титратган трендлар


Тармоқ манзараси. Коллаж
Тармоқ манзараси. Коллаж

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик ўтган ҳафтада тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка SММ-менеджер Ноила Қутлиева ҳамроҳлик қилди.

Тошкентга қайтган Қодирий

Қутлиевага кўра¸ 1937 йилда отилган атоқли ëзувчи Абдулла Қодирий акс этган граффитининг Тошкент кўчаларидан биридаги бинога чизилиш жараëни тармоқда қизиқиш уйғотди. Инстаграм ва Ютубга жойланган видеода номаълум рассомларнинг кечқурун бино деворига Қодирий суратини чизгани ва трафарет билан мана бу сатрларни ëзгани кўринади.

Баччаға кокил солиб, оҳ-воҳ ила ўйнотамиз.

Қаримиз, боёнимиз, балки бу вақт оқвондамиз,

Ногаҳон кўрсак агар бир бесоқолни қотамиз.

Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгучи,

Биз ани даҳрий санаб, тўфангча бирла отамиз.

Тошкент кўчасидаги граффити
Тошкент кўчасидаги граффити

Вебстерда бачча мавзуси

Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган польшалик журналист Агнешка Пикулицка Тошкентдаги Вебстер (АҚШ) университетидаги маърузасида "Бобур асарларида акс этган баччабозлик" эпизодлари ҳақида сўз юритган. Шу билан бирга, Афғонистондаги Толибон режимида баччабозлик авж олганига эътибор қаратган. Бу дарсни кимдир видеога ëзиб олиб, тармоқларга сиздирган. Тармоқдаги муҳофазакор гуруҳнинг минглаб обуначилари "бу домла Бобурни ҳақорат қилди", дея Агнешка Пикулицкани виртуал сазойи қилди.

Агнешка Пикулицка
Агнешка Пикулицка

Жаннатдаги Ленин

22 апрель куни шўролар доҳийси Владимир Ленин туғилган кунини тармоқнинг ўзбек сегменти ўзича нишонлади.

Фейсбук фаоли Мақсуд Қаршиев рассом Владимир Васильковский тарафидан 1973 йилда чизилган «Ленин жаннатда » деган асарни тармоққа қўйди.

"Ленин жаннатда" асари
"Ленин жаннатда" асари

Тармоқ фойдаланувчилари Ленин ҳақида чоп қилинган ўзбек халқ эртакларидан парчалар қўйишди. 1970 йилда “Ўздавнашр” томонидан рус тилида нашрдан чиқарилган “Ленин бобо йўлидан” номли китобда Лениннинг 160 пудлик тошни ағдаргани ва учта топишмоқни топиб, "Аллоҳ иродаси билан" осмондан ерга туширилгани ҳақида “ҳикоя қилинади”.

Ленин ҳақида эртак
Ленин ҳақида эртак

Маска жоиз

Кечган ҳафта давомида имом Саййид Раҳматуллоҳ Термизийнинг масжидлар қулфланиб, таровиҳ намозлари очиқ майдонларда ўқилиши ҳақидаги карантинга оид ваъзи Ютуб, Инстаграм ва Фейсбукда энг кўп томоша қилинган видеолардан бўлди. Инсоннинг ҳаёти барча нарсадан устун, уни эҳтиёт қилайлик – маска жоиздир, деди имом Саййид Раҳматуллоҳ.

Ўзбек имомлари
Ўзбек имомлари

Текин китоб фақат Колумбияда бўлади

Самарқандлик блогер Фарруҳ Самарқандий Фейсбукдаги саҳифасида "жорий президент ташаббусларидан бирининг чиппакка чиққани акс этган" суратни эълон қилди. Суратда Самарқандда ташкил қилинган кўча кутубхонасининг абгор аҳволи акс этган. Блогер муқояса учун Колумбия ва Истанбулдаги айни кўринишдаги кутубхоналар расмини қўйди.

Кутубхоналар қиëсланган пост
Кутубхоналар қиëсланган пост

“Биринчи расмда ўғрилик, наркомания, босқинчилик авжиган (авжига чиққан-таҳр.) деб билинадиган Колумбиядаги китоб жавони акс этган.Иккинчи расмни Истанбул кўчаларидан бирида олганман.

Учинчи расмда эса Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий истироҳат боғидаги китоб жавони. Ойналари синдирилган, китоблари ўғирланган. Ҳойнаҳой қайсидир носпуруш нос ўраб сотаётган бўлса керак китоб варақларига”.

Президент невараси яшайдиган уй
Президент невараси яшайдиган уй

«Агар фолловерларим 50 мингтага кўпайиши учун эрга тегишим кераклигини олдинроқ билганимда, бу ишни олдинроқ қилардим». Марям Тиллаева Instagram’даги кузатувчилари кўпайгани муносабати билан ўз севинчини билдирди.

Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг набираси, Лола Каримованинг қизи Марям Тиллаева (Марьям Тилляева) 13 апрель куни ўзидан 13 ëш катта россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиққан эди. Тўй 13 апрел куни Лас-Вегасда бўлиб ўтди.

Озодбек "томдан ташади"

“Палончи томдан ташаса, сенам ташайсанми?” дея дакки берарди интернет асридан бурун катталар. Бугун давр ўзгарди. TikTok’чи Озодбек Хуррамов Дубайдаги осмонўпар бинодан сакраб, шаҳар устидан пастга қулашини видеога олди. Кичик парашют ва яна бир неча қанотсимон жиҳозлар кўмагида Озодбек Хуррамов ерга урилиб, парча парча бўлиб кетмади.

TikTok
TikTok

Ўзбекистондаги энг эркин шаҳар

Суҳбатдошимиз Ноила Қутлиеванинг таги нукуслик бўлганиданми ëки бошқа сабабми¸ ишқилиб, унга журналист Элдор Асановнинг “Нукус дафтари” ëқибди:

“Шу пайтгача ўзбекистонлик блогер ëки журналист “чет давлатга бориб” келганини йўлнома қилиб ëзарди. Ўзбекистон музофотларидаги шаҳар кентларга эса паст назар билан қараларди. Айниқса, Урганч ва Нукусга борганлар шароит ëмонлиги¸ хира пашшалар¸ ништари жон олғучи чивинлар ва энг мухими қорин оғриғидан шикоят қилишар эди. Журналист Элдор Аасанов эса, Асанов формати Телеграм-каналида бу анъана пирамидасини терс тўнкариб, Нукус шаҳрига бошқача кўз ташлабди. Ўқиб севиндим”, дейди Ноила.

“Шаҳарнинг асл хазинаси – Савицкий музейи. Бу ҳақиқий маданий хазинадон. Ўта ноёб коллекция тўпланган экан. Сурат ва ҳайкалларнинг бадиий қийматидан ташқари, улар XX аср Ўрта Осиё тарихи бўйича тайёр манба эканини таъкидлаб ўтай. Бу музей менда чуқур таассурот қолдирди. У янада гуркирашга ва шуҳрат топишга муносиб.

Савицкий музейининг бурчакли тузилиши. Асосийси эса – эркинлик руҳи. Ҳа, негадир бошқа шаҳарларимизга нисбатан эркинроқ туюлди бу шаҳар. Бошқа шаҳарлар, айниқса Тошкентнинг ҳавосига шимирилиб кетган консерватизм ва тушкунлик руҳиятини сезмадим. Одамлар қувноқроқ, эркинроқ туюлди. Шу чекка, эски шаҳарда ҳам кўнгил ёзишнинг йўлларини топиб, ҳаётдан умидворлик сезилади”.

Нукус шаҳри
Нукус шаҳри

Дарахт шоир бўлса..

Қутлиевага кўра¸ тармоқларда тренддан ташқари бир устувор кайфият ҳам бор:

“Бу мамлакатдаги вазиятдан ҳафсаласи пир бўлган одамнинг қочиб кетиш истагидан келиб чиққан кайфият. Кейинги хафтада бу кайфият яна кучайди”.

Қутлиеванинг бу гапи шоир Муҳаммад Солиҳнинг дарахт нима ўйлаши ҳақидаги шеърини эслатди. Дарахт шоир бўлса “саëҳат¸ саëҳат ва саëҳат” ҳақида ëзган бўларди. Саëҳат дегани, бу бориб, айланиб қайтишни англатади. Тармоқлардаги ўзбек сегменти эса, бутунлай жуфтакни ростлаш ҳақида гапирмоқда. Албатта, Зарина Низомиддинова ва Шерали Жўраевнинг қиëфадошлари¸ милиция кийимини кийиб, ахлат титаëтган бомжлар ва АҚШдан Ўзбекистонга қайтган киноактёр Улуғбек Қодировни ҳам муҳокама қилди.

Ижтимоий тармоқлардаги трендларни Озодлик билан бирга кузатинг.

Тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз, фикрларингизни биз билан баҳам кўринг.

Эксклюзив сурат ва видеоларингизни бизнинг тармоқлардаги платформаларимиз орқали бўлишишингиз мумкин.

Биз билан боғланиш учун:

Мессенжер ва имейл

420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

XS
SM
MD
LG