Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:15

Гитара ушлаган Навоий. Тармоқни титрaтган трендлар


Тошкентда ўтказиладиган концерт афишасида гитара ушлаган Алишер Навоийнинг тасвирлангани тармоқдаги қадимчиларнинг эътирозига сабаб бўлди
Тошкентда ўтказиладиган концерт афишасида гитара ушлаган Алишер Навоийнинг тасвирлангани тармоқдаги қадимчиларнинг эътирозига сабаб бўлди

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик ўтган ҳафтада тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка фарғоналик TikTokчи блогер Диëра Абдужабборова ҳамроҳлик қилди.

Абдужабборовага кўра, ўтган хафта ичида барча платформалар асосан, икки сиëсий мавзуни муҳокама қилишган:

“Ўзбекистонда президент сайловлари билан боғлиқ мавзу ва россиялик мухолифатчи Навальний уюштирган намойишлар асосий муҳокама мавзуси бўлди. Навальний масаласида тармоқ иккига бўлинди: Кремль тарқатаëтган пропаганда таъсирига тушиб қолган саëз ва саводсиз қатлам Путинни ҳимоя қилиб, Навальнийни "сотқин" деб атади. Энг қизиғи, одатда сиëсий темаларни кам муҳокама қиладиган TikTokнинг ўзбек сегментида Навальний мавзуси топга чиқди. Бу, энди Россиядаги TikTokчиларга эргашув бўлди десак, тўғри бўлади. Ўзбекистонда сайлов мавзусининг, асосан икки жиҳати тортишилди. Биринчидан, сайлов кунининг декабрдан октябрга кўчирилиши ва собиқ қўшиқчи Отажоновнинг президентлик амбициялари. TikTokчилар "Отажонов президент бўлса, Ҳалима маданият вазири бўлади" деган шаклдаги мемлар билан унинг устидан ҳажв қилишди”.

Диëра Абдужабборова
Диëра Абдужабборова

"Торли асбоб"

Навоийнинг рок қиролига айлангани тармоқдаги қадимчиларни ҳуркитди.

Flyin` Up ("Парвоз”) номи билан донг чиқарган ўзбек рок-гуруҳи 24 январь куни Тошкентда ўтказиладиган концерт афишасида гитара ушлаган Алишер Навоийнинг тасвирлагани тармоқдаги қадимчиларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

Facebook юзери Абдувоҳид Ëқубовнинг ëзишича¸ бу афиша "Навоийни таҳқирлашдир".

“Ҳазрат Навоийнинг қўлига унинг эътиқодига тўғри келмайдиган чолғу асбобини ушлатиб қўйишлик уни масхара қилиш ҳисобланади.”

Шу билан гитара ва ҳар қандай мусиқа асбоби ва уни чалиш “ҳаромлиги” ҳақида ҳам “фатволар” берилди.

Аснода бу постерни чоп қилган Flyin` Up гуруҳини линч қилиш чақириқлари янгради.

Уларга жавобан Joldasov Arustan исмли юзер “ Яхшиси, бу постерни чизган рассомни Париждаги ўқитувчи каби калласини олиб ташласанглар бўлмайдими” деб пичинг қилди.

"Навоий рок куйламоқда"
"Навоий рок куйламоқда"

Санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича, “бу қарши чиқаëтганлар Навоийдан ҳам, гитарадан ҳам хабари йўқ хайтерлар, холос”.

“Давлат музейида бир миниатюра бор. Тахминан Навоий яшаган даврда мусулмон рассоми тарафидан чизилган. Расмда бир мусулмон чолғучининг гитара чалаëтгани ва атрофда салла кийган одамлар мафтун бўлиб тинглаëтгани акс этган. Гитара аслида, шарқ мусиқа асбоби. Европага Мисрдан кириб келган. Қадимги Миср деворий суратларида ҳам гитара акс этган. Тўрт торли мусиқа асбоби. Иккинчидан, Навоий ҳозирги мутаассиб ўзбеклардан фарқли равишда, мусиқа ва рассомликни қадрлаган. Навоийнинг қўлига торли асбоб ушлатилганида мен муаммо кўрмайман. Аслида бу ерда рассом Кайдалов чизган сурат сал ўзгариш билан тақдим қилинган", - дейди мунаққид.

Алишер Навоий
Алишер Навоий

Журналист Ибрат Сафога кўра, “хафа бўлиш ва сиёсий корректлик ўртасида жанг кетмоқда”.

“2010 йилда Ўзбекистоннинг энг ажойиб фотографи ва документалисти Умида Аҳмедовани Жиноий кодексда мавжуд бўлмаган “миллат шаънини булғаш” айби билан судга тортишганди. У ўз ишларида гендер тенглигини ҳаққоний тасвирлашга уринган ва халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Унинг асарлари бизга шўролардан мерос қолган социалистик реализм типидаги дабдабали ва ялтироқ суратлардан кескин фарқ қиларди. Миллат тафаккурида унинг *ҳозир ҳам* буюклигини уқтирувчи рамзлар яратилганди. Умида Аҳмедова эса, бу рамзлар рамкасидан ташқарига чиққан.

Алишер Навоийнинг гитара чалиб тургани акс этган постер ҳам бизнинг тафаккуримизга муҳрланган рамзлардан буткул фарқ қилади, шу сабаб кўпларга уни ҳазм қилиш қийин. Аммо буюк адиб унда ҳақоратланганми? Постер муаллифининг гениаллиги ҳам шунда - у жуда эҳтиёт бўлган. Гитара ушлаш ҳақоратми? Совуқда бурун қизариши ҳақоратми? Навоий бобомизни қандай ҳолда акс эттиришга кимдир эксклюзив монопол ҳуқуқни олганми? Йўқ, албатта. Айни дамда, рок гуруҳига тарғибот йўлида у ўз мақсадига эришди, рекламани танқидчилар ҳам таъминлади.

Аслида бу каби постер Алишер Навоий кимлигини унутган ҳамда сохта ватанпарварлик ва пуч шиору рамзлар таъсирида улғайган авлодга Навоий борлигини яна бир бор эслатяпти. Бу яхшими, ёмонми?

Баъзи бошқа мисолларда: Абай, Шекспир, Гюго, Сервантес постерлари. Буюк адибларни замонага мослаштириб қайта-қайта тасвирларда акс эттириш дунёда оддий нарса. Бу Ғарб нима қилса, шуни қилиш керак дегани эмас, лекин камроқ хафа бўлишни ва кенгроқ фикрлашни Ғарбдан ўрганса арзийди”, деб ёзди журналист Фейсбук саҳифасида.

Умида Аҳмедова суратга олган тасвирлар ҳам тоқатсиз эътирозларга нишон бўлган эди
Умида Аҳмедова суратга олган тасвирлар ҳам тоқатсиз эътирозларга нишон бўлган эди

Бир ëнда Навальний, бир ëнда Путин...

TikTokчи блогер Диëра Абдужабборовага кўра, кейинги бир хафта ичида тармоқдаги ўзбек сегментининг 6 тармоғи “путинчилар ва навальнийчиларга бўлинган”

“Навальний ҳимоясига чиққанлар жасоратига тасанно айтганлардан кўра, Путиннинг “патинкасини ялаймиз” дейдиганлар кўпроқ бўлди. Анъанавий медиа¸ радио ТВ¸ газета ва сайтлардан фойдаланмай, фақат ТикТокда ўтирадиганлар Навалнийни қўллади. Кремль парваришидаги матбуотдан бошқани ўқимаганлар эса, Путин тарафида эди.”

“Ғарб ноғорасига ўйнашяпти. Ҳали Путинни яхши билишмас экан. Ҳали ўзини ўрнига шундай кадрни қўйиб кетадики, Ғарб к...тини чангаллаб қолади. Путин чекист, ақлли инсон, Ғарбни тавбасига таянтиради ҳали. Навальний сотқин”, деб ëзди YouTube юзери Нодир Фаҳриддинов.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик фаол Алексей Гаршиннинг Тошкентдаги Россия элчихонаси олдида¸ Амир Шарифуллиннинг эса, эски ТошМи мавзесида қилган бир кишилик пикетлари акс этган видео ва суратлар ҳам тармоқ кун тартибида турди.

Тошкентдаги пикет
Тошкентдаги пикет

Бу икки пикетчининг ИИБга олиб кетилишини қоралаганлардан бири “Рус мухолифатчисига озодлик талаб қилган ўзбек ватандошининг ўзбек милисахонасига чақиртирилиши Ўзбекистон ҳукуматининг аллақачон Кремлга хизмат қила бошлаганини билдиради”, деб ëзди.

“Пўлат Бобожонович! Раҳбарингиз Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевми ёки Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцевми? Жавобини майда ҳарфлар билан мактуб шаклида ëзворинг, Пўлат Раззоқович.”

Ўзбекистоннинг учинчи президентининг оти Жаҳонгирми?

Жаҳонгир Отажонов «Халқ манфаатлари» деб номланган янги сиёсий партия тузиш ҳаракатига тушгани акс этган видео атрофида тортишувлар қизиди. “Эгиз туққан хотинлар учун тавсия: Болларингиз отини Жаҳонгир¸Сапарбой ва Отажон деб қўйинг, энг камида Дамас оласиз”, деб ëзишди.

Элтуз нашридаги карикатура
Элтуз нашридаги карикатура

Таҳлилчи Анвар Назир эса, Жаҳонгир Отажоновни “сайлов пайтида одамларни ҳақиқий мухолифат ва жиддий танловдан чалғитиш учун ўртага чиқарган торпедо-спойлер ”, деб атади.

“Партия - спойлер, деган тушунча Россияда бор. Путинга қарши партия пайдо бўлса, уни омма, сайловчи, олдида рус тилида айтсак, размить қилиш, оммани чалғитиш учун , худди шунақа номли сохта мухолиф партия пайдо бўлади. Жаҳонгирнинг бу ишлардаги мақсадлари бугун бир қанча, оммани, ҳақиқий мухолиф доиралардан ўз томонига тортиш, ҳақиқий мухолиф қатламни парчалаш , сайловни ўйинга айлантириб, демократия, эркинлик тушунчаларини омма олдида обрўсизлантириш, жиддий муаммоларни муҳокамасидан ясама мавзуга омманинг эътиборини тортиш.

Охирги сабаб, бу олдин ҳам учраган нарса, мисол бирор бир жиддий муаммо омманинг эътиборига тушиб қолса , бирдан ясама ФБ гуруҳларида бошқа мавзу чиқиб қолади, асосан тафаккурни эмас, ҳиссиётни ишга соладиган. Кўпинча, мисол, диний омил билан боғлиқ. Чунки дин мавзуси доим бизда кўпчиликни эътиборини тортади, кўпинча динга алоқасиз бўлса ҳам аслида. Бунақа «мавзуларни» эслатиб ўтирмайман, мендан яхши буни биласизлар.

Жаҳонгирни яратилиши ҳам сиёсатчи сифатида мураккаб масала эди. Шунга кўпчиликни назари тушсин бунга деб, "мусиқа ҳаром" деган салафийча демагогия олдинга ташланди”.

Жаҳонгир Отажонов
Жаҳонгир Отажонов

Ноз отини ўйнатиб чобуксуворим бу кеча..

Маданият вазирининг боғча болаларига ишқий ғазаллар асосидаги қўшиқларни эшиттириш таклифи¸ калишини ечиб уйга кирган президент¸ мошина ойнасини тонировка қилган ашулачи Севинчнинг штраф тўлаб ғамгин бўлгани ҳам тармоқлар эътиборига тушди.

Серфарзанд оила
Серфарзанд оила

TikTokда кўп кўрилган видеолардан бири “ Серфарзанд оила” деб аталади.

Кадрда никоҳ либоси кийиб, ЗАГСдан ўтаëтган келин ва куëв кўринади. Келинга қўнғироқ бўлади. Келин “кашасини бериб туринг, бир соатда бораман” дейди. Куëв бўлса, буни эшитиб “ия сени ҳали қизинг ҳам борми” дейди. Келин эса, “Э Қўчқор ака, ўғлим ҳам бор яқинда мактабга чиқади”, дейди.

Бу лавҳани “Сариқ бола қашқа. Кераги йўқ бошқа” деган скетч ҳафта охирида қувиб ўтди.

Сарвиноз Қурëзова
Сарвиноз Қурëзова

XS
SM
MD
LG