Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:52

Tashkent Cityга берилган уйидан кўчишни истамаганлар куч билан кўчирилмоқда (ВИДЕО)


Милиционерлар тарафидан мажбурлаб кўчириш жараëни
Милиционерлар тарафидан мажбурлаб кўчириш жараëни

Жорий ҳафта Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги ҳудудининг Tashkent City бизнес мажмуаси қурилиши боис бузилиши режаланган Ўқчи-Олмазор массивидаги уйлардан кўчишни истамаган аҳоли 8 мартдан бошлаб мажбуран кўчира бошланди.

Озодликка юборилган видеотасвирларда зарғалдоқ нимча кийган ҳокимлик ишчиларининг аҳолини мажбуран кўчираëтгани акс этган.

Ўз уйларидан кўчишни истамаганлар Шайхонтоҳур ИИБ ходимлари тарафидан тартиббузарликда айбланиб ушлаб кетилган.

Ушланганлар яқинларига кўра¸ милиция бу жараëнда куч ишлатган. Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозимлари Tashkent City қуриладиган ҳудуддан кўчишни истамаганлар “куч билан кўчирилиши” ва бу борада ҳеч бир шикоятга ўрин йўқлигини айтишди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти капитал қурилиш ва коммунал масалалалар билан шуғулланувчи мулозими Бекзод Мадраҳимовга кўра¸ “Tashkent City қуриладиган ҳудудда яшайдиганлар билан боғлиқ муаммолар тўлалигича ҳал бўлган”:

- Биринчидан, ҳаммаси уй жой билан таъминланди. Шу боис уларни мажбуран кўчиришга 100 фоиз ҳаққимиз бор. Уларга бир ой олдин уйни бўшатиб чиқиб кетиш ҳақида огоҳлантириш хати берилган. Агар ўзини истаги билан чиқиб кетмаса, давлат уларни по любому мажбуран кўчириб юборади. Ким қаршилик қилса, маъмурий жавобгарликка тортилади¸ деди 9 март куни Озодликка гапирган ҳокимлик мулозими.

Одамлар калтакланди

Пахтакор ва Бунëдкор метро бекати оралиғида жойлашган Ўқчи маҳалласида яшовчи нафақадаги ўқитувчи Зироат опанинг Озодликка 9 март куни айтишича¸ ҳокимият билан уйи бузиладиган оилалар ўртасида ҳали муросага келинмаган:

- Шаҳарнинг чеккасидан дом берамиз деди¸ кўнмадим. Шунча йил шу маҳалладаги 76-мактабда ишлаб¸ шаҳар марказидаги маҳаллада яшаб келган одам Лисунова тарафлардаги домга бориб яшай олмайман¸ дедим. Ўйлаб кўрамиз¸ дейишувди. Лекин мана аëлларнинг байрами куни келиб бизни хор қилиб¸ уйдан ҳайдаб чиқаришни бошлаворишди¸ дейди уйи бузилаëтган аëл.

Кекса ўқитувчи аëлнинг айтишича¸ айни туманда уйи бузилишига қаршилик кўрсатган Дилмурод исмли йигит Шайхонтоҳур туман ИИБсига олиб кетилган.

Олмазор массивида яшовчи Мурод Сотволдиевнинг 9 март куни Озодликка айтишича¸ "уйидан кўчишни истамаганларни милиция калтаклаган ва тез ëрдам врачлари чақиритилган.

"Тошкент Сити қурилиши сабабли одамлар ўз уйларидан чиқариб юборилмоқда"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00

Шайхонтоҳур туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан 9 март кунги суҳбатда “ уй бузилиш ҳақидаги ҳокимлик қарорига қаршилик кўрсатганлар ҳуқуқбузар сифатида туман ИИБсига олиб кетилган"лигини тасдиқлади:

- Ҳукуматнинг қарорига бўйсунмаса¸ любой давлатда қамайди. Давлатни қарори бор. Ўқчи-Олмазор массивида давлат миқëсидаги лойиҳа бунëд бўлаяпти. Булар битта кладовкам бузилди¸ деб ҳукумат қарорига тўғаноқ бўлаяпти. Ўша сиз билан гаплашган опанинг харобасини ўрнига янги қурилаëтган уйлардан таклиф қилдик. 2165 оила квартира олишга¸ 1027 оила эса компенсация олишга рози бўлди. Масала аллақачон ҳал бўлган. Ҳудудда қурилиш бошланиши керак. Шикоят қилишга ҳаққи йўқ. Уларга берилган ҳамма муҳлатлар ўтиб бўлди¸ деди ҳокимлик мулозими.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг капитал қурилиш ва коммунал масалалалар билан шуғулланувчи мулозими Бекзод Мадраҳимовга кўра¸ Ўқчи-Олмазор массивида уйи бузилганларга атаб Яшнаобод туманида кўп қаватли уй қурилмоқда:

- Бу уй 5 ойдан кейин битади. Гарантия. Унгача ижарада туриш учун беш ой эмас¸ олти ойга пул бердик. Ойига бир ярим миллион сўмдан ижара учун пулни санаб олишди. Шунга ҳам қаноат қилмай¸ яна нимадир ундириш мақсади бор бу уй бузишга келган бульдозерлар йўлини тўсаëтганларнинг¸ деди мулозим.

Ўтган ҳафта Озодлик билан суҳбатлашган Олмазор маҳалласида уйи бузиладиганлар уйлари муҳрланганлиги ва ҳокимият таклиф қилган товондан норози эканлигини билдирган эди.

Ўқчи маҳалласида яшовчи Абдулазиз Одилов 6 март куни «товон сифатида берилган уйларда бошқа одамлар яшаëтгани ва уларни чиқариб юборишга ҳокимлик ëрдам бермаган"ини айтган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийси Бекзод Мадраҳимов 9 март куни Озодлик билан суҳбатда “бу муаммони ҳал қилиб беришга тайëрман” деди:

- Келишсин менинг олдимга. Ҳал қиламан. Гап битта. Агар кимдир биз берган квартирани бўшатмаëтган бўлса, бугун ҳал қиламан бу муаммони. Кексалар биз берган квартирани этажини алмаштириб беринг, деб сўрашибди Озодлик мақоласида. Буни ҳам ҳал қилиб бераман. Лекин давлат белгилагандан кўра кўпроқ имтиëз талаб қилса, буни рад қиламан, деди Озодликнинг жараëнга оид саволларига жавоб қайтарган Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозими.

Халқаро матбуот назарига тушган "квартира масаласи"

Tashkent City қурилиши боис аҳоли дуч келаётган муаммоларни Британияда инглиз тилида чиқадиган The Guardian нашри ҳам кўтариб чиқди.

18 октябрь куни The Guardian нашри ҳам инглиз¸ ҳам ўзбек тилида чоп этилган "Мен қутида яшашни истамайман: Одамлар Тошкент обод бўлиши учун ўз уйидан кўчирилмоқда" деб номланган мақола Tashkent City лойиҳасининг оддий одамлар ҳаëтига таъсирига бағишланган эди.

Ишбилармонлик маркази сифатида бунёд этиладиган Tashkent City комплекснинг умумий майдони 70 гектарни ташкил этади. Бу бинода офислар, меҳмонхона ва ресторанлар, хиёбон ва технопарклар иш олиб боради.

Тошкентнинг Ўқчи-Олмазор массивида бунёд этилиши режалаштирилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард долларни ташкил қилади.

Ҳозирча бу лойиҳанинг инвестори ким экани расман эълон қилинмади.

XS
SM
MD
LG