Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Ҳазрати Имом масжиди атрофидаги хонадон эгалари уйлари бузилиши ва кўпқаватли уйларга кўчирилиши ҳақида огоҳлантириш хатлари олди. Бузилган уйлар ўрнида Ислом тараққиёт маркази қурилиши билдирилган. Хатда уйларнинг қачон бузилиши ва хонадон эгалари уйларини қачонгача бўшатиб қўйишлари ҳақида аниқ муддат келтирилмаган.
Лекин, Озодлик боғланган Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозими Эски шаҳарнинг Зарқайнар кўчасидаги айрим уйлар аллақачон бузила бошлагани ва огоҳлантириш хати олган хонадон эгалари ҳозирдан кўчиш тараддудини бошлашлари кераклигини айтди.
Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Зарқайнар кўчасида яшовчи Муяссар опа уйи бузилиши ҳақида Олмазор тумани ҳокимиятидан ноябрь ойи бошида огоҳлантириш хати олганини Озодликка айтди.
- Хат ҳам олдик, хокимиятдан ҳам келишди. “Бўшатинглар”, дейишяпти. “Ё домга кўчасизлар, домда яшашни хоҳламасангизлар товон пули бермиз, шу пулга уй қурасизлар ё сотиб оласизлар”, деяпти. Дом Сергелида экан. Биз унамадик. "Ё марказдан дом берасизлар ёки бузилган ховлимизнинг ўрнига ховли берасизлар", деяпмиз. Бошқа қўшнилар ҳам кўнмаяпти, жуда норози бўлиб туришибди, - дейди Муяссар опа.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Архитектура ва қурилиш бошқармаси мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда Эски шаҳарнинг Ҳазрати Имом масжиди атрофидаги уйлар Ислом тараққиёт маркази қурилиши учун ер очиш мақсадида бузилиши ва огоҳлантириш хати олганлар ҳозирдан кўчиш ҳаракатини бошлаши кераклигини айтди.
- Ҳозирча масжид атрофидаги уйлар бузиляпти. Зарқайнар қўчасининг 13 ва 14-тупикларидаги уйлар аллақачон бузиляпти. Уларга Сергелида қурилаётган янги домлардан уйлар берилди. Домда яшашни хоҳламаганларга уйини квадрат метрига қараб товон пуллари таклиф этилмоқда. Биринчи босқичда Ҳазрати Имом масжиди атрофидаги уйлар бузилади. Огоҳлантириш хатлари олган уй эгалари ҳозирдан ҳаракатини бошлаши керак, бульдозер солинган пайт қистовга тушиб қолмасликлари учун улар олдиндан огоҳлантириляпти, - деди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Архитектура ва қурилиш бошқармаси мулозими.
Эски шаҳарнинг бошқа маҳаллаларидаги уйлар тақдири нима бўлиши ҳозирча номаълум қолмоқда.
Шу маҳаллалардан бирида яшовчи Муяссар опанинг сўзларига кўра, эски шаҳарликлар орасида ҳамманинг уйи бузилиши, унинг ўрнига эса кўп қаватли уйлар қурилиши ҳақида овозалар юрибди.
- Эски шаҳарда бизнинг атрофимиздаги эски маҳаллаларнинг ҳаммаси бузилармиш. Ҳозир ҳамманинг боши қотган, лекин қачон бузилади, ўрнига нима берилади, ҳокимиятдагилар ҳеч нарса айтишмаяпти. Бу ерда битта хонадонда 10-15 одам яшайдиган оилалар бор. Бизнинг хонадон олти хонали, фарзанд ва неваралар, ҳаммаси бўлиб 8 киши яшаймиз, квартира бизга тўғри келмайди, - дейди Муяссар опа.
Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Озодлик боғланган мулозими эса, Эски шаҳардаги бошқа уйлар ҳам бузилиши ва улар ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиши режада борлигини яширмади.
Расмийга кўра, Toshkent City лойиҳаси доирасида Эски шаҳардаги лойсувоқ пастқам уйлар ўрнида ойнаванд осмонўпар бинолар қурилиши мўлжалланяпти.
- Toshkent City лойиҳаси доирасида Эски шаҳар қисмидаги барча уйлар под снос тушади, лекин бу ҳали-бери бўлмайди. Ҳозир Ҳазрати имом атрофи бузиляпти, - деди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг исми сир қолишини истаган мулозими.
Тошкент шаҳрининг, асосан, Олмазор ва Шайҳонтоҳур туманларини ўз ичига олган Эски шаҳар аҳоли нисбатан зич яшайдиган, қадимий маҳаллалардан иборат.
Лекин, Эски шаҳарда қанча одам яшаши ҳақида аниқ статистик маълумот йўқ.
Шаҳар ҳокимлиги сайтида келтирилишича, Олмазор туманида 400 мингдан ошиқ, Шайҳонтоҳур туманида эса 400 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Олмазор туманида аҳоли зичлиги ҳар километр квадратга қарийб 9 минг киши, Шайҳонтоҳур туманида эса 11 минг кишидан тўғри келади.