Тбилиси мэрлиги учун сайловнинг дастлабки натижалари Milan футбол клубининг собиқ футболчиси, етакчи “Грузия орзуси” партияси вакили Кахабер Каладзе ғолиб бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Шаҳардаги 737 участканинг 99 фоизидан ошиғидан олинган натижаларга кўра, Каладзе 51,1 фоиз овоз тўплаган. Бу ҳақда 22 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси билдирди.
“Бирлашган миллий ҳаракат” партияси номзоди Заал Удумашвили 17,5 фоиз, мустақил номзод Алеко Элисашвили эса 16,5 фоиз овоз олган.
Пойтахт мэри лавозими учун 13 номзод беллашди.
Марказий сайлов комиссияси мамлакат бўйлаб муниципал сайловларда 1,6 миллион одам овоз берганини билдирди. Бу сайловчиларнинг 45,64 фоизидир.
Тбилиси, Батуми, Кутаиси, Поти ҳамда Рустави шаҳарларида мэр сайловлари ўтказилди. Қолган ҳудудларда муниципалитет ва туман етакчилари сайловлари бўлиб ўтди.
Сайловчилар, шунингдек, 64 маҳаллий кенгашга 2 058 аъзо танлаш учун овоз берди.
Сайловчилар орасида ўтказилган сўровлар Тбилиси шаҳри кенгаши сайловида “Грузия орзуси” коалицияси олдинда эканлигини кўрсатди.
Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Кутаисида ҳам мазкур партия номзодининг қўли баланд келиши кутилмоқда.
Грузияда мэр бўлиш учун номзодлар 50 фоиздан ошиқ овоз тўплаши керак. Акс ҳолда сайлов иккинчи турга қолдирилади.
Бундан аввалги сайлов 2014 йилда ўтказилган эди. Ўшанда ҳам аксар ўринларга “Грузия орзуси” коалицияси номзодлари сайланган эди.
Каладзени “Грузия орзуси” партияси асосчиси, собиқ бош вазир Бидзина Иванишвили қўллайди.
Каладзе туризм соҳасини яхшилаш, ҳукумат бюрократиясини озайтириш ҳамда янги транспорт тармоқларини қуриш орқали шаҳар иқтисодини яхшилашни ваъда қилмоқда.
Танқидчилар “Грузия орзуси” партиясини административ ресурсларни суистеъмол қилишда айбламоқда. Каладзенинг ўзи эса бу айбловларни рад этади.
Иванишвили 2013 йил сиёсатни тарк этган. Аммо кўпчилик у парда ортидан “Грузия орзуси” партиясини бошқаришига ишонади. Партия 2012 йил парламент сайловларида собиқ президент Михаил Саакашвилининг партиясини енгган.