Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:35

“Путин маъқуллаган операция". Чехиядаги портлашларга оид янги тафсилотлар очиқланди (ВИДЕО)


“Insider” нашри ва “Bellingcat” гуруҳи Россия Бош разведка бошқармасининг (БРБ — ГРУ) чет элдаги махсус операциялари ҳақидаги тадқиқотининг иккинчи қисмини эълон қилди. Журналистларга кўра, рус жосуслари болгариялик қурол савдогари Емельян Гебревнинг пайига тушганлар. Гебрев Украинанинг энг муҳим қурол-яроғ таъминотчиларидан бири эди.

Тадқиқотнинг биринчи қисми 2014 йили Чехиянинг Врбетице қишлоғидаги ўқ-дори омборида юз берган портлашлар ГРУнинг кенг кўламли операцияси натижаси эканлигини, унда камида саккиз зобит, жумладан, генерал Андрей Аверьянов ҳамда Скрипалларнинг заҳарланиши орқали танилган Александр Мишкин ва Анатолий Чепигалар иштирок этганини кўрсатганди.

Янги қисмда, Чехиядаги портлашлар қурол-аслаҳа таъминотини кесишга ёрдам бермагач, улар Гебревни икки марта асаб фалажловчи модда билан ўлдиришга урингани тўғрисида ҳикоя қилинади.

Разведка гуруҳининг сафарлари таҳлилига кўра, заҳарли моддани хориждан келтиришда улар дипломатик юкларни ташиш имтиёзларидан фойдаланган бўлиши мумкин.

“The Insider” бош муҳаррири Роман Доброхотов “Настояшее время” мухбири билан суҳбатда нега, тахминан, Россия махсус хизматлари ҳарбий омборни портлатишга қарор қилишгани, нега бу воқеа Минск битимлари имзоланганидан кейин содир бўлгани, шунингдек, Гебревнинг ўзини тутиши билан боғлиқ саволларга ойдинлик киритди.

Унинг айтишича, қуролфуруш Гебревнинг “менга тегишли ЕМКО ширкати Украинага қурол-аслаҳа етказиб бермаган” деган баёнотини баъзилар инкор этиш деб тушунишган. Аслида эса бу гапдан таъминот воситачилар орқали амалга оширилгани англашилади.

Чехиядаги омборда сақланаётган молларга келсак, улар ростдан ҳам Украинага жўнатишга мўлжалланмаган эди, бироқ ГРУ жосуслари буни билмаган ва қуролларни Украина армияси учун деб ўйлаган.

Доброхотов Украинадаги манбалар Гебрев ўша пайтда Украинанинг ягона йирик таъминотчиси бўлганини, уларга зарур ўқ-дори ишлаб чиқарадиган икки заводдан бирини Россия назорат қилгани боис Гебревнинг ҳатто муқобили бўлмаганини тан олишганини айтади.

“Бинобарин, руслар айнан уни ўлдирмоқчи бўлишгани тушунарли. Портлашлар эса Чехиядаги омборларда эмас, маълум вақтдан сўнг, моллар Болгарияга кўчирилгач юз бериши керак эди, натижада у ерда сақланаётган ва кейинчалик учта кемада Украинага етказилган аслаҳалар ҳам йўқ қилиниши кўзда тутилганди. Аммо жосуслар Гебрев снарядларни Болгарияга ташиб кетишни режа ҳам қилмаганидан бехабар бўлишган. Шунинг учун иш бошқача тус олди”, дейди Доброхотов.

“Бошқача тус олди” деганда “The Insider” бош муҳаррири “кечиктирилган портлаш” ўхшамаганини назарда тутади. Унинг фикрича, катта эҳтимол билан, омбор ходимларининг айби билан биринчи портлаш октябрда‑ёқ содир бўлган.

Иккинчи портлаш ҳам, гарчи кечроқ бўлган эса-да, яна Чехиянинг ўзида юз берган. Ва барча режалари барбод бўлган “гручилар” энди Гебревнинг ўзини ўлдиришга қасд қилади.

Роман Доброхотов биринчи портлаш Минск битимлари имзоланганидан сўнг, яъни урушнинг қизғин палласи ўтиб бўлгач юз берганини изоҳлар экан, мазкур террор хуружлари ёзда ёки сентябрда, ҳали ҳарбий ҳаракатлар фаол давом этаётган пайтда оператив тарзда ишлаб чиқилганини, кейинчалик эса шунчаки уни бекор қилмасликка қарор қилишганини айтади.

“Портлатишга ҳамма нарса тайёр бўлса, нега энди портлатмаслик керак”, деган оддий мантиққа суянишган деб тахмин қиламан. Яна бир ўта муҳим маълумот шуки, операция якунланиши билан гуруҳдаги 8 агентдан 6 нафарига давлат томонидан квартиралар берилган. Менимча, квартиралар — Россия Қаҳрамони унвонига илова бўлган. Ҳар ҳолда, Боширов ва Петров сифатида машҳур бўлиб кетган Мишкин ва Чепигалар унисини ҳам, бунисини ҳам олишганини биламан.

Бунинг маъноси шуки, операция энг юқоридан, шахсан Путин томонидан маъқулланган. Россия Қаҳрамони медалларини у ўз қўли билан топширади. Бинобарин, бу шунчаки Мудофаа вазирлиги операцияси эмас, санкцияни шахсан Путин берган”, дейди Доброхотов.

“The Insider” бош муҳаррири бош муҳаррири Россия махсус хизмати агентлари заҳарловчи моддани чет элдан олиб келишда дипломатик почтадан фойдаланганини таъкидлайди. Унга кўра, суиқасдга Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари аралашмаган бўлиши мумкинлигига ишонади. Зеро, ГРУ билан Ташқи разведканинг қўли шунчалар узунки, улар махсус амалиётларни дипломатлар билан келишиб ўтиришмайди.

“Шунга қарамай, диппочтадан фойдаланишганига ишончимиз комил, акс ҳолда, Капинос фамилияли “грушник”нинг Гебревни заҳарлаб ўлдириш операциясининг бошқа иштирокчилари йиғилган София шаҳрига жуда яқин жойлашган Салоникига сафарини бошқа нима билан изоҳлаш мумкин? Унинг Салоникига келиб-кетиш вақти қолган нариги жосус ҳамкасбларининг кейинги ҳаракатларига жуда уйғун. Ва у сафар мақсади сифатида айнан дипломатик сафарни қайд этган.

Қисқаси, у шунчаки операция иштирокчиларидан бири бўлганида бошқалар каби самолётда учиши мумкин эди. Бир неча ўн чақирим наридаги шаҳарга бошқа мамлакат орқали расмий сафар қилиб боришнинг нима ҳожати бор эди? Хуллас, мен ўйлайманки, улар “Новичок”ни олиб келиш учун шундай йўл тутганлар, зеро, биласизки, дипломатик юклар божхонада текширилмайди”, дея сўзини якунлаган Доброхотов.

XS
SM
MD
LG