Тўйдан икки кун ўтиб, бокира эмаслигини иддао қилиб куёви қувиб юборган Мастона Ато она қишлоғи -Тожикистон жанубидаги Балжувондан бошини олиб чиқиб кетди. Мастонанинг ўзи унга қўйилган айбловларни қатъиян рад этиб келади.
21 яшар Мастона кўргиликлари туфайли уй бекаси бўлишни орзу қилган оддий қишлоқ қизидан кучли аёлга айланганини айтади. Эндиликда унинг ўз олдига қўйган мақсади бор.
Мастона пойтахт Душанбедаги милиция академиясига ўқишга кириб, ўзиникига ўхшаш қисматга йўлиққан келинларга ёрдам беришни истайди:
- Кўрган-кечирганларим ёрдамида бошқаларга кўмак берсам бўлади. Менинг бошимга тушган ишлар бошқа кўп қизларнинг ҳам бошига тушган.
Мастонанинг отаси Асомиддин Жалолов қизи таҳсил олиши учун маблағ тўплашни ваъда қилган.
Мастона 2017 йилнинг августида турмушга чиқиб, тезда ажрашганидан бери отаси уни қўллаб келаётганини айтди.
Мастона куёв уни тўйгача бошқаси билан жинсий алоқа қилишда асоссиз айблаганини айтиб келади. Консерватив тожик жамиятида қизларнинг тўйдан олдин жинсий алоқа қилиши ўта катта гуноҳ ҳисобланади.
Ҳозирда пойтахт Душанбеда истиқомат қилаётган ота ва қиз собиқ куёвни туҳмат ва жинсий зўравонлик учун жавобгарликка тортиш учун курашмоқда.
Жалолов Ҳамадони тумани ҳамда Душанбе шаҳрида 16 давлат идорасига, жумладан, полиция, прокуратура, аёллар ишлари қўмиталари ҳамда маҳаллий ҳукумат идораларига мурожаат қилган.
Бир неча идора Жалоловнинг аризаларини олганини тасдиқлаган ва чора кўришни ваъда қилган.
Республика хотин-қизлар қўмитаси Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда Жалоловнинг мактуби келиб тушганини ҳамда Мастонанинг ишини суд кўриб чиқадиган бўлса, унга адвокат беришларини маълум қилди.
Орадан 15 ой ўтган бўлса-да, оила бошқа идоралар жавобини кутмоқда.
Жалолов қизига ишонишини, ўз мақсадига эришиш учун охиригача курашишини айтди.
Ўтган йилда Мастона Озодлик радиосига берган самимий интервьюси ортидан кўплаб одам уни қўллади, айримлар ҳатто унга уйланмоқчи бўлди.
Мастона жорий ойда Озодлик радиосига берган иккинчи интервьюсида шундай деди:
- Бошқа йиғламаслика қарор қилганман. Йиғлаганим етади. Ҳозирча яна оила қуришни режалаштираётганим йўқ. Таҳсил олиб, полиция ходими бўлишни, бошқа аёлларга ёрдам беришни истайман.
Москвада ишлаётган тожикистонлик аёл Мастонага моддий ёрдам беришни таклиф қилган. Жалолов эса қизи таҳсил олиши учун оиланинг сигир ва бузоғини сотган.
Мастона турмушга чиқиш ўрнига аввал таҳсил олмагани энг катта армони эканлигини айтади.
Унинг яна бир армони тўйдан олдин “бокиралик тестини” топширмаганидир.
Мастона тўйгача бокира бўлганини, аммо куёв унга ишонмаганини айтади. Унинг сўзларига кўра, келин-куёв яқинлик қилиши ортидан куёв уни қаттиқ дўппослаб, тўйдан олдин биров билан жинсий алоқа қилганини тан олишни талаб қилган.
- Сочингни қириб ташлаб, кўчага улоқтираман. Азоб чекишни хоҳламасанг, ўлдиришимдан олдин иқрор бўл, деди, - дея хотирлади Мастона.
- У бокира қиздан бир ҳафта қон келиши кераклиги айтиб, мени тергади. Тикдирмаслигинг керак эди, чунки сендан фақат бир кеча қон келди, деди.
Мастона қувилган кун унинг оиласи келинни Душанбега Миллий суд тиббиёти марказига олиб борган. У ерда шифокорлар Мастона тўйи кечаси чиндан бокира бўлганини тасдиқлашган.
Куёвнинг оиласи Мастонани ҳеч ким урмаганини, келин тўйдан олдин жинсий алоқа қилганини тан олганини айтиб келади.
Мастонанинг собиқ қайнонаси Хайринисо Эмомова:
- Уни ҳеч ким ургани йўқ. Ким умид билан тўйга шунга пул сарфлаб, келинни ота-онасига бирор сабабсиз қайтариб юборади? - деди.
Тожикистонда илк маротаба оила қураётган ёшлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши керак.
2015 йили қабул қилинган қонун ОИТС ҳамда гепатит каби таносил касалликлари тарқалиши олдини олишни кўзлайди. Тиббий кўрикдан ўтилганини тасдиқловчи тиббий гувоҳномасиз бўлажак келин-куёв загсдан ўта олмайди.
“Покизалик тести” ихтиёрий, аммо аксар қизлар куёв талаби билан ёки можаронинг олдини олиш учун ушбу тестдан ўтади.
Миллий суд тиббиёти маркази маълумотларига кўра, 2018 йилнинг биринчи ярмида камида 22 янги оила бокиралик бўйича мунозарани ҳал қилиш учун марказга мурожаат қилган. Айни муддат давомида 100 дан ошиқ бўлажак келин бокиралик тестидан ўтган.
Айрим ҳолатларда келиннинг бокиралигини тасдиқловчи шифокор гувоҳномаси ҳам шубҳалана бошлаган куёвни тинчлантира олмайди.
2017 йилда бундай мунозараларнинг бири фожиа билан якунланди: 18 ёшга тўлган келин ўз жонига қасд қилди, уни бунга мажбурлаган куёв озодликдан маҳрум қилинди.
Яқинда БМТ бокиралик тестларини жорий қилган давлатларни “тиббий жиҳатдан кераксиз бўлган” ушбу анъанани бекор қилишга чақирди.