Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:27

Тожикистонлик бобо 10 яшар етим набирасини Ироқдан қайтаришда ëрдам сўрамоқда


Муҳаммадраҳим Шоев
Муҳаммадраҳим Шоев

Улар Тожикистондан чиқиб кетганида олти кишилик оила эди, аммо Ироққа бориб, "Ислом давлати" (ИД) экстремистлар гуруҳига қўшилганидан сўнг оиланинг бошидан кечирганларини фақат бир киши сўзлаб бериши мумкин. Оиланинг беш аъзоси ўлдирилди.

– Ўғлимнинг оиласидан фақат 10 яшар набирам Марям омон қолди, – дейди Муҳаммадраҳим Шоев Озодлик мухбирига.

Тожикистон пойтахти яқинидаги қишлоқда деҳқончилик билан кун кўраëтган Шоев ўғли Жамолиддинни сўнгга марта 2015 йили кўрганини айтади. Ўшанда у чет элдан Ғайратободга қисқа муддатга келган эди. Жамолиддин олти ойча қишлоғида тургач, хотини ва фарзандларини ўзи билан бирга олиб кетади.

Шоевга ўғли Мисрга кетмоқчи бўлганини, ўша ерда ўн йилча олдин ўқиганини айтади. Отанинг 37 яшар ўғли билани оиласи Ироққа бориб қолишидан хабари бўлмаган.

Ироқда етим қолган қиз

Шоев орадан уй ой ўтиб, 2017 йили Мўсул шаҳрига қилинган ҳужум вақтида ўғлининг оила аъзоларидан фақат набираси Марям омон қолганини эшитиб, уни “Ироқдан уйига қайтариб олиб келмоқчи” бўлаётганини айтади.

Марям Шоеванинг дараги қўққисдан чиқиб қолган. Россия телевидениеси Мўсул шаҳри ИД жангарилари чангалидан қутқарилгандан сўнг Ироқдаги бир бошпанага олиб келинган рус тилида сўзлашувчи болалар ҳақида кўрсатув тайёрлаб эфирга узатади. Ўша кўрсатувни кўрган бир тожик мигранти уни таниб қолиб, Озодлик мухбирига унинг қариндошлари манзилини беради.

Набираси тирик қолганидан хабар топган Шоев Тожикистон ҳокимият идораларидан уни ватанга қайтаришда ёрдам сўрайди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бу иш бир оз вақт олишини айтади.

– Биз у ерда қолиб кетган тожик аёллари ва болаларини ватанга қайтариш учун Ироқнинг Қозоғистондаги элчихонаси билан иш олиб бораяпмиз, – деди вазирлик матбуот хизмати вакили Озодлик билан суҳбатда куни.

Ҳукуматнинг ҳисоб-китобича, 2014 йилдан бери ИД сафига бориб қўшилиш учун 1000 дан ошиқ тожик миллатига мансуб киши Ироқ ва Сурияга жўнаб кетган. Уларнинг 200 га яқини болалардир.

Тожикистон ИД сафига қўшилиб, жиноят содир этмаган барча ватандошларига афв эълон қилди ва уларнинг ўз ихтиёри билан мамлакатга қайтиши мумкинлигини билдирди. Ўшандан бери ўнлаб одам ортга қайтиб, нормал ҳаётга қўшилиб¸ ўз иши ва ўқишини давом эттирмоқда.

Қайтар йўлнинг узоқлиги

Тожикистон ҳокимият идораларига кўра, балоғатга етмаган ва ҳужжатсиз болаларни ортга қайтариш мураккаб жараён бўлиб, узоқ вақт талаб қилади. Бунинг учун уларнинг кимлигини аниқлаш ва вақтинчалик сафар ҳужжатларини тайёрлаб, Ироқ элчихонасига топшириш керак бўлади. Шундан сўнг болаларга Бағдоддан учоқда йўлга чиқишга рухсат этилади.

Ўша болаларнинг Шоевга ўхшаш яқин қариндошлари болаларга васийлик талаб қилишдан олдин кимлигини ва оилаларга тааллуқлигини аниқлаш учун ҳужжат ва суратлар тақдим этиши шарт.

Шоев зарур ҳужжат ва суратларни ҳокимият идораларига топширгани ва айни пайтда жавоб кутаëтганини айтади.

Шоевнинг Ироқда ўлдирилган ўғли Жамолиддин дастлаб Мисрдаги Ал-Азҳар университетида ўқиш учун 2004 йили жўнаб кетган.

Отанинг билдиришича, у ўз юртидан уйлангани учун тез-тез қишлоғига келиб турган ва ўша ерда тўрт нафар фарзанди туғилган.

– Ўғлим менга сўнгги марта 2017 йил августида қўнғироқ қилган эди. Шунинг сўнг бедарак кетди, – деди Шоев.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Озодликка маълум қилишича, Жамолиддин Шоевнинг исми Ироқ ва Сурияга бориб, ИД сафларига қўшилган тожик ватандошлари орасида йўқ. Шоев ўғли ва унинг оила аъзоларининг аксарияти ҳалок бўлганини тасдиқлаганини айтди.

Вазирлик Марям Шоевани бобоси ёнига қайтариш учун қанча вақт кетишини аниқ айтмади.

- Ноумид – шайтон, дейди Шоев.

Тожикистондаги яна бир қанча бобо-момолар, амма-холалар, амаки-тоғалар ҳокимият идораларидан уруш ҳудудларида қолган вояга етмаган қариндошларини қайтаришда кўмак сўрамоқда.

Бу болалар Ироқ ва Сурияда ИД сафларига қўшилгани ортидан ўлдирилган ёки бедарак кетган тожик ватандошларининг етим қолган фарзандларидир.

XS
SM
MD
LG