Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:35

Тожикистонда ақиқа ўтказиш, ҳожиларни "ҳожи ака", деб чақириш тақиқланади


Бундан буён Тожикистонда марҳумнинг 7 сига ва 40 ига мол сўйиш ва меҳмонлар олдига дастурхон ёйиш мумкин эмас.

Бу тақиқ Тожикистон парламенти 23 август куни маъқуллаган “Анъаналар, тантана ва урф-одатлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Янги қонун лойиҳаси парламентга президент Эмомали Раҳмоннинг ташаббуси билан киритилган.

Янги қонун лойиҳасида, шунингдек, болани суннатга ётқизиш маросимини оила даврасида, хонанда ва созандаларсиз ўтказиш назарда тутилган. Боланинг “қўлини ҳалоллаш” чақалоқ туғилганидан сўнг 20 кун ичида тиббиёт муассасасида бепул амалга оширилади.

Чақалоқ туғилганидан 7 кун ўтиб ўтказиладиган ақиқа маросимини ўтказиш умуман тақиқланди. Удумга кўра, ақиқа маросимида агар чақалоқ ўғил бўлса иккита, қиз бўлса битта қўй сўйилади.

«Бу чораларнинг барчаси ота-оналарнинг маблағларини тежаш ва халқ турмуш даражаси пасайиб кетишининг олдини олиш учун кўрилмоқда”, - дейилган Тожикистон президенти расмий сайтида.

Чоршанба куни парламент маъқуллаган қонун билан ҳаж сафаридан қайтганлар исмига “ҳожи” сўзини қўшиб айтиш ҳам тақиқланади.

Президентнинг таклифига кўра, амалдорлар ва юридик шахсларнинг “Анъаналар, тантана ва урф-одатлар тўғрисида”ги қонуннинг бажарилиши учун масъулияти кучайтирилмоқда.

Қонунни бузган амалдорлар 25-26 минг сомонийдан 35 минг сомонийгача, якка тартибда фаолият юритувчи тадбиркорлар, диний арбоблар ва уламолар 35 минг (қарийб 4000 АҚШ доллари) сомонийгача жарима тўлашга ҳукм қилиниши мумкин.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон президенти Мирзиёев ҳам тўйларни тартибга солиш тўғрисида гапирди.

XS
SM
MD
LG