Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Тожикистонда мухолифатчи 30 йилга қамалди


 Суҳроб Зафар (чапда) ва Насимжон Шарифов.
Суҳроб Зафар (чапда) ва Насимжон Шарифов.

Душанбе шаҳри суди Тожикистон мухолифатининг икки фаоли – “Группа 24” етакчиси Суҳроб Зафарни 30 йил, унинг сафдоши Насимжон Шарифовни эса 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Суд ҳукми 10 октябрь куни ёпиқ эшиклар ортида эълон қилинган.

Тожикистон расмий идоралари бу хабарни на тасдиқлаган, на рад этган.

Озодликнинг тожик хизмати суҳбатлашган икки манба “судья маҳбусларга прокурор талаб қилган жазони тайин қилгани”ни айтган.

30 йилга озодликдан маҳрум қилиш Тожикистон қонунчилигидаги энг қаттиқ жазолардан бири бўлиб, у камдан-кам ҳолларда қўлланади. Сўнгги босқич умрбод қамоқдир.

Манбаларга кўра, Суҳроб Зафар судда пора олмагани, бировни ўлдирмагани, умуман, надомат чекишга арзийдиган қилмишларни содир этмаганини айтган. У, шунингдек, “Группа 24” террористик ёки экстремистик ташкилот эмаслигини урғулаган.

Ҳукм тафсилотлари номаълум.

“Группа 24” вакиллари аввалроқ Суҳроб Зафар ва Насимжон Шарифов ноҳақ равишда “конституциявий тузумни зўрлик йўли билан ўзгартиришга даъват этиш”да айбланаётганини маълум қилганди.

Ҳар икки мухолифатчи сўнгги йилларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшаб келган. Улар бирин-кетин февраль ва март ойларида ғойиб бўлган. Тожикистон бош прокурори орадан ярим йил ўтганидан кейингина Суҳроб Зафар ва Насимжон Шарифов Душанбеда экани, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини тан олган.

“Группа 24” фаоллари уларни Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўғирлаган деб ҳисоблайди. Мухолиф ҳаракат ўз раҳбарига нисбатан суд жараёни адолатли ўтганини ҳам шубҳа остига олган.

“Группа 24” 2014 йилда Тожикистон Олий суд қарори билан “экстремистик ташкилот” деб эълон қилинган. Ушбу ташкилотга аъзолик сабаб Тожикистон, Россия ва бошқа мамлакатларда ўнлаб киши қамоққа олинган.

XS
SM
MD
LG