Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:33

Толибон билан бизнес: Афғон-ўзбек тижорий алоқалари тез орада тикланиши айтилмоқда


Афғонистонга Марказий Осиёдан ягона темир йўли Ҳайратон кўприги орқали ўтади. 20 март, 2016
Афғонистонга Марказий Осиёдан ягона темир йўли Ҳайратон кўприги орқали ўтади. 20 март, 2016

1 сентябрь куни Ўзбекистоннинг тижорий юк ортилган икки поезди темир йўл орқали Афғонистонга кириб борди. Бу ҳақда хабар агентликлари Афғонистон Савдо- саноат палатасига таяниб хабар тарқатди.

Поездга қандай юк ортилгани айтилмаяпти. Бу - Толибон мамлакатни назоратга олганидан буён Афғонистон билан амалга оширилган илк тижорий темир йўл қатнови.

Ўтмишда Афғонистонни беқарорлик манбаи сифатида кўриб келган Ўзбекистон Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан жанубий қўшниси билан логистика ва хусусан, темир йўл соҳасида катта лойиҳаларни бошлаган эди.

Кобулда янги ҳукуматни эълон қилиши кутилаётган Толибон Ўзбекистонга Афғонистонда темир йўл ва электр узатиш линияларини қуришда кўмак кўрсатиш ниятини эълон қилди.

Хўш, Толибон ҳокимияти остида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан энергетика ҳамда темир йўл соҳасидаги ҳамкорлиги қанчалик истиқболга эгами?

Ўзбекистон ва Толибон алоқаларни тиклашга тайёр

Pajhwok агентлигининг Афғонистон Савдо-саноат палатасига таяниб хабар беришича, икки мамлакат ўртасида савдонинг қайта тикланиши ҳақида музокаралар бормоқда. Аммо икки составда мамлакатга қандай юк олиб кирилгани ва унинг миқдорига оид маълумот йўқ.

Афғонистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти толиблар билан учрашув ўтказгани, уларда савдо соҳасидаги ҳозирги вазият - ёпиқ банклар ва никоҳ салонлари, товарларни божхона расмийлаштируви билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, афғон тадбиркорларининг уларнинг хавфсизлиги борасидаги хавотирлар муҳокама қилингани айтилмоқда. Хабарда айтилишича, Толибон бу масалаларга иложи борича тезроқ ечим топишга ваъда берган.

Ҳозирча толиблар мамлакатнинг келажакдаги сиёсий тузилиши тўғрисида якуний қарорни эълон қилганича йўқ.

Сешанба куни қилган чиқишида Толибон ҳаракатининг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид мамлакатнинг янги ҳокимияти Афғонистоннинг сармоявий жозибадорлигини ошириш ва малакали ишчиларни ишга жалб қилиш орқали иқтисодни тиклаш ниятида эканлигини маълум қилди. У хорижий давлатлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган афғонларни ишни қайта бошлашга ва қўрқмасликка чақирди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Афғонистоннинг аввалги ҳукумати билан яқин бизнес алоқаларини ўрнатган, логистика ва хусусан, темир йўл соҳасида катта лойиҳаларни бошлаган эди.

Толибон ҳаракати Ўзбекистонга Афғонистонда темир йўл ва электр узатиш линияларини қуришда ёрдам бериш ниятини эълон қилди. Бу ҳақда Толибон ўзбек расмийларига юборган Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан табрикда айтилган.

Табрик матни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Қобулжоновнинг Телеграм каналида эълон қилинди.

Биз қўшни Ўзбекистон билан самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатишни хоҳлаймиз. Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, темир йўл ва электр узатиш тармоқларини қуришни давом эттиришдан манфаатдорлигимизни тасдиқлаймиз. Афғонистон Ислом Амирлиги томонидан ўзбек шерикларимизга бу йўналишда барча зарур ёрдам кўрсатилади, дейилади каналда келтирилган “Афғонистон Ислом Амирлигининг музокаралар гуруҳи аъзоси ва сиёсий идора матбуот котиби” Муҳаммад Суҳайл Шаҳин хатида.

Ўзбекистон - Афғонистонга электр энергияси етказиб берувчи энг йирик давлат

Ўзбекистон Афғонистонга электр қуввати етказиб берувчи энг йирик қўшни давлат бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги жорий йилнинг 24 августида Афғонистондаги оғир сиёсий ва иқтисодий бўҳрон ўзбек электр токининг етказиб берилишига мутлақо таъсир этмаганини билдирган эди.

Ўзбекистон мамлакатда ҳокимият Толибон қўлига ўтганига қарамай, ўз мажбуриятларига мувофиқ Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришда давом этаётгани маълум қилинган.

"Электр таъминоти белгиланган жадвалга мувофиқ узилишларсиз давом этмоқда", дейилган эди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ёз ойларида Афғонистон томони, анъанага кўра, Тожикистондан импорт ортиши туфайли Ўзбекистондан электр энергияси истеъмолини камайтиради.

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" Акциядорлик жамияти 2019 йилнинг 25 декабрида “Da Afghanistan Breshna Sherkat” (DABS) билан шартнома имзолаб, афғон энергетика компаниясига ҳар йили 6 миллиард кВт / соатгача электр энергиясини 10 йил муддатга тўлаш шарти билан етказиб келмоқда. Ўзбекистондан Афғонистон истеъмолчиларига электр энергияси етказиб бериш ҳажми суткасига тахминан 35 МВтни ташкил этади.

Бундан бир йилча олдин "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" DABSдан коронавирус пандемияси пайтида узатилган электр қуввати учун юзага келган қарздорликни узиб қўйишни сўраб, расман мурожаат қилгани маълум. Ҳатто шундай вазиятда ҳам ўзбек энергетика вазирлиги расмийлари электр тармоқни узиб қўйиш билан афғонларга таҳдид қилмаганини алоҳида таъкидлаганди.

Мутахассис: Афғонистонга электр энергия етказиб бериш ҳажми камайиши мумкин

Ўзбекистоннинг биринчи Энергетика вазири, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаинов юзага келган вазиятда Ўзбекистон электр узатишни бироз камайтириши мумкинлигини истисно қилмайди.

Суткасига 35 МВт – бу жуда катта ҳажм! Навоий вилоятида қурилган қуёш фотоэлектростанцияси борку – ўшани қуввати 10 МВт. Бу 252 миллион киловатт дегани! Лекин, шартнома катта ҳажмга имзолангани билан уни тўлдириш учун, менимча, жуда кам имконият: 5 МВт беролсаям катта гап! Бизда унчалик кўп эркин қувватлар йўқ, афғонларга етказиб бергани. Чунки Сурхондарё ва Қашқадарё воҳаларида саноат корхоналари кескин кўпайди, ўзимизнинг талабимиз ошиб кетди. Ҳар ҳолда шартнома бўйича бироз миқдорда узилишлар билан берилиб турган бўлиши мумкин. Чунки Афғонистонда юзага келган вазиятда Ўзбекистондан берилган электр энергиянинг пулини қайтариб олиш масаласи пайдо бўляпти – кимдан сўралади?! – дейди Анвармирзо Ҳусаинов.

Суҳбатдош Афғонистоннинг Ўзбекистон билан қўшни Балх вилоятида хитойликлар томонидан иккита иссиқлик электр станциялари қурилгани ва улар янги барпо этилган учта нефтни қайта ишлаш заводи ва азот заводини таъминлаётганини маълум қилди. Хабарларга кўра, Балх вилоятида Хитой нефть-газ компанияси томонидан катта миқдорда нефть ва газ бойликлари топилган.

Анвармирзо Ҳусаинов бундай вазиятда Ўзбекистон Афғонистон билан алоқаларни тўлиқ узиб ташламасликни, зеро Ўзбекистон манфаатлари сиқиб чиқарилган жойга Хитой кириб бориши аниқлигини айтади.

Толибон билан бизнес: Халқ қўрқуви ва ҳукумат манфаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:20 0:00

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ушбу мамлакатга электр энергиясини етказиб беришни кўпайтириш мақсадида узунлиги 260 км бўлган Сурхон - Пули-Хумри электр узатиш линиясини қуриш тўғрисида шартнома ҳам имзоланган эди.

2021 йил июль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик конференциясида иштирок этиш учун Тошкентга келган Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан учрашувда Шаҳин кўрсатган инфратузилма лойиҳаларини муҳокама қилган эди.

Томонлар Термиз - Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар темир йўлини қуриш ва "Сурхон-Пули-Хумри" янги электр узатиш линиясини қуришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлаган эдилар.

Президент Мирзиёев эса, ҳали Афғонистонда ҳали ҳукумат тузилиб улгармасидан Толибон раҳбарларидан Мулла Абдулғани Бародарни “жаноби олийлари” деб атаган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди.

31 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирида чиқиш қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Афғонистонни тўлиқ назоратига олган Толиблар билан ҳамкорликни “дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари” даражасига кўтариш истиқболи ҳақида гапирди.

XS
SM
MD
LG