Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Юнус Ражабий маҳалласида яшовчи бир гуруҳ аҳоли пойтахт марказидаги энг сўлим ўрмонзорнинг хусусий инвесторга кафе қуриш учун берилишига норозилик билдирмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансида бўлган бу ҳудуд Чилонзор ва Яккасарой туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўрижар канали бўйида - марҳум президентнинг қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтилган собиқ K.T.Komba тунги клуби яқинида жойлашган.
23 ноябрь куни Facebook тармоғидаги ўзбекистонликлар фаол бўлган қатор гуруҳларда тарқаган видеомурожаатларда норозилар бу ерни олишга "ҳатто Гулнора Каримова ҳам ботинмагани"ни айтиб¸ мазкур лойиҳа ортида коррупцион келишувлар турганини иддао қилди.
Озодлик билан суҳбатда Яккасарой туман ҳокимлиги расмийси бу ернинг “хусусий инвестор” томонидан 2019 йили аукционда қонуний сотиб олингани¸ айни пайтда қурилиш бошлаш учун маҳалла аҳли розилиги олинишини билдирди.
Тошкентдаги каттаю кичик боғлар¸ хусусан¸Алишер Навоий номидаги миллий боғ ҳудудининг асл эгаси сир тутиладиган “инвестор”ларга кўнгилочар муассасалар қуриш учун сотиб юборилгани пойтахтликлар норозилигига сабаб бўлиб келмоқда.
Бўрижар ëқасидаги норозилик
23 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқаган норозилик тадбири шанба¸ 21 ноябрь куни бўлиб ўтган.
Тадбирда Тошкент марказида жойлашган Юнус Ражабий маҳалласида яшовчи ўнлаб аҳоли қўлларида ўз талаблари ëзилган плакатларни ушлаган ҳолда¸ Facebookдаги Уят.уз канали муаллифи, журналист ва блогер Абу-Али Ниëзматовга норозиликка сабаб бўлган воқеани тушунтиради.
Йиғилганларнинг “Рустам акага сўз берайлик” деган луқмасидан сўнг гап бошлаган маҳалла фаолларидан бири¸ Тошкентда ноëб бўлган ўрмонзор ўрнида “бир тадбиркорнинг кафе ва болалар майдончаси” қурмоқчи бўлаëтганини айтади.
“Маҳалла аҳли билан келишилмаган ҳолда¸ олдиндан анча ишларни қилишипти¸ проектларни қилишипти. Маҳалла оқсоқоллари билан келишишган. Ният яхшику, лекин қуриладиган жой тўғри келмайди. Бу Тошкентда қолган кичик ўрмонзорлардан бири¸ аҳоли бу ерда айланиб¸ дам олади. Бизнинг ниятимиз¸ бу ерда ҳеч нима қурилмасин. Бунақа қурилиш экологияга таъсир қилади. Бу жой¸ табиат қандай яратган бўлса¸ шундоқлигича қолсин”¸ - дейди видеодаги маҳалла яшовчиларидан бири.
Айтилишича¸ мазкур ҳудудда қурилиш қилиш учун маҳалла аҳли ва Яккасарой туман Халқ депутатлари кенгаши розилиги олиниши лозимлиги ҳолда¸ ҳозирча аҳолидан бундай розилик сўралмаган. Айни пайтда¸ видеотасвирда фаоллар қурилишга старт бериш учун тайëргарлик бошланганини айтиб¸ ўз орқасида турган махсус вагончаларни бунинг тасдиғи сифатида кўрсатади.
Юнус Ражабий маҳалласида яшовчи ва ўзини қурувчи-архитектор деб таништирган яна бир нотиқ¸ кафе ва болалар майдончаси қурилиши учун дарахтлар кесилиши баробарида¸ кафени юрғизиш учун қуриладиган инфратузилма яшил зонага ниҳоятда катта зиëн етказишини таъкидлайди.
“Инвестор бу жойга пул қилиш учун келади. Пул қилиш керак бўлса¸ масалан¸ Қўйлиққа борсин¸ бошқа қанча зона бор¸ ўша жойга борсин! Нима учун айнан бу жойга келяпти? Бу ҳудуддаги дарахтлар 50 йил олдин экилган. Бу ерда яшил массив¸ ўрмон пайдо бўлди. Бу парк эмас¸ Тошкент ўрмони бу! Бу карусель қўйиб¸ кўнгил очадиган¸ болалар учун ўйингоҳ қурадиган жой эмас. Болалар майдончаси қуришнинг ўз нормалари бор ва бунинг учун ярим дарахтзорни кесиб ташлаш керак бўлади. Бизга бунақа қимматга тушадиган майдончанинг кераги йўқ!”
Тўпланганлар Бўрижар бўйидаги ўрмон ўрнида кафе ва ўйингоҳ қурилган тақдирда¸ маҳалланинг машиналар парковкасига айланиши¸ ўз таъбирларича, “Шанхай бўлиши”ни айтади.
“Бу жойга Каримов даврида ҳам кўз тикканлар кўп бўлди. Лекин на Каримов¸ на унинг қизи¸ у пайтда ҳеч ким оғиз оча олмаслигини билса ҳам¸қўлини теккизмади. Гулнора пастда эски кафенинг ўрнида янгисини қурди (K.T.Komba назарда тутилмоқда – таҳр.)¸ лекин бу жойга тегишга ботинмади. Ҳозир эса, қандайдир инвестор келиб¸ янги кафе қурмоқчи. Уни ҳокимиятдагилар қўллаб-қувватламоқда. Кечирасизку¸ лекин бунақа режани шунчаки қўллашмайди. Ҳокимият ва маҳалла қўмитаси нега бу инвесторни қўллаëтганини Коррупцияга қарши қўмита яхшилаб ўрганиб чиқиши керак”¸ - дейди қурилишга қаршилар номидан гапирган Юнус Ражабий маҳалласи фаоли.
Тошкентдаги ноëб ўрмонзорга кўнгилочар муассаса қуриш режасига қаршилар видеомурожаатида¸ нафақат бу ҳудуд¸ балки пойтахтдаги барча яшил зоналарда қурилиш қилишни мутлақ тақиқлашни ҳам талаб қилади.
Масъуллар жавоби: Қурилиш ҳали бошланмади!
Озодлик 23 ноябрь куни ижтимоий тармоқда тарқаб¸ Тошкентдаги дарахтзор ва боғларнинг сирли инвесторларга қурилиш учун сотилаëтганига қарши эътирозларни янада кучайтирган бу воқеага изоҳ сўраб, Яккасарой туман ҳокимлигига мурожаат қилди.
Ҳокимлик матбуот котиби “ўзининг жуда бандлигини айтиб”¸ Бўрижар соҳилида кафе қуриш режасига нисбатан норозиликларга изоҳ бермади.
Ҳокимликнинг шахсини очиқламаган масъули¸ бу норозиликни “подадан олдин чанг чиқариш” уриниши дея баҳолади.
“Бу ер Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансида. Ўтган йил уни Congress Hall деган МЧЖ аукционда сотиб олган¸ ҳаммаëқ қонуний. Катакомба ëпилганидан кейин бу жой қаровсиз қолган. Олдинига бу ерда гостиница қурмоқчи бўлди. Маҳалла бунга март ойида қарши чиқди. Ҳокимият 5 сотих жойга енгил типдаги кафе¸ морожное сотадиган жой қуриб¸ атрофини ободонлаштиришга рухсат берди. Маҳалла розилиги олинсин¸ дейилди. Маҳалла оқсоқоллари бизда нуронийлар ва болалар дам оладиган жой йўқ¸ шуни қуриб берсин, дейишди. Инвестор бунга кўнди. Лекин бир гуруҳ норозилар чиқиб¸ блогерларни чақириб¸ шунақа қилаяпти”¸ - деди Яккасарой туман ҳокимлигининг Озодлик гаплашган мулозими.
Юнус Ражабий маҳалла қўмитаси расмийларидан бири Озодликка қурилиш лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва у муҳокамага тақдим қилинганини билдирди.
“Бу ер шаҳар ҳокимининг заҳирасида. Нима қарор чиқарса¸ улар чиқарган¸ яъни бу жойни хусусий инвесторга берворган. Маҳалла раҳбарлари тадбиркорни қўллашга қарор қилди¸ лекин бир гуруҳ аҳоли унга қарши. Маҳаллада юзта кам 7000 аҳоли яшайди¸ ҳамманинг фикри бир хилмас. Ҳозирча бу қурилиш бошлангани йўқ. Фақат иккита контейнер турибди. Бу ҳам байдаркачиларнинг вагончаси. Қурилиш фақат маҳалла розилик берсагина бошланади¸ ҳокимият маҳалла кенгаши қарори асосида қарор чиқаради. Ҳозирча бунақа қарор йўқ”¸ - деди Юнус Ражабий маҳалласи етакчиларидан бири.
Бўрижар соҳилидаги энг сўлим жойни Тошкент шаҳар ҳокимлиги заҳирасидан қурилиш учун сотиб олган Congress Hall МЧЖси¸ Озодлик кўрган расмий регистрация ҳужжатларига кўра¸ 2019 йил 29 январь куни қайдга олинган. Устав жамғармаси 10 милллиард сўмга яқин экани ëзилган расмий ҳужжатдан¸ МЧЖнинг умумий овқатланиш соҳаси эмас¸ балки “бошқа тоифаларга киритилмаган қуруқликдаги йўловчи ташишнинг бошқа турлари” билан шуғулланиши кўрсатилган.
Бўрижар бўйидаги боғ ерининг бу МЧЖ томонидан қачон¸ қанчага¸ қайси асосда сотиб юборилганига оид очиқ манбаларда маълумот йўқ. Айни пайтда бу ширкатнинг ҳозиргача қандай лойиҳаларни амалга оширгани ҳам жамоатчиликка маълум эмас.
Регистрация ҳужжатида МЧЖ раҳбариники, деб ëзилган телефон рақамига 23 ноябрь куни ҳеч ким жавоб бермагани боис Озодлик Congress Hall эгаларидан Юнус Ражабий маҳалласи фаоллари эътирозларига жавоб ололмади.
Тошкентдаги энг марказий ва тарихий боғлар 50 йилга сотиб юборилмоқда
Бўрижар канали бўйидаги камида 50 йиллик дарахтзорнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги¸ яъни пойтахтликлар ихтиëридан чиқарилиб¸ хусусий тадбиркорга берилиши Ўзбекистон пойтахтидаги миллий боғлар ерига дахл қилишнинг биринчи мисоли эмас.
Ўзбекистонликлар орасида “Комсомол кўли” номи билан танилган кўл жойлашган Алишер Навоий номидаги миллий боғ 2017 йили “Stargate Systems” ширкатига ўзбекча Disneyland қуриш учун сотиб юборилди.
Журналистик суриштирув давомида “Stargate Systems” ширкатининг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли экани аниқланди.
2019 йил ëзида салкам 14 гектар майдонни эгаллаган Ғафур Ғулом боғи ҳам Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Сингапурда рўйхатдан ўтган “BMP Smart Decision Private Limited” ширкатига берилди.
“Хорижий инвестор” деб тақдим этилган Сингапур ширкати эгаси¸ Озодлик ўтказган суриштирув давомида асли ўзбекистонлик Шерзод Ҳалимов исмли ўзбекистонлик бўлиб чиқди.
Шунингдек¸ Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан Ҳамид Олимжон метро бекати ëнидаги Оналар ва болалар парки йўқ қилиниб¸ унинг ўрнида 20 қаватли банк биноси қуриладиган бўлди.
Жамоатчилик мулки саналган боғларнинг сотилиши “любая бизнес хороша” деган гапи билан танилган тадбиркор¸ Ўзбекистондаги энг йирик Акфа/Артел ҳолдинги эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев Шавкат Мирзиëев томонидан Тошкент шаҳрига ҳоким этиб тайинланганидан сўнг бошланган жараёндир.
Коррупция ва манфаатлар тўқнашувига доир қатор халқаро суриштирувлар марказида бўлган Ортиқхўжаев ҳозирга қадар бу суриштирувларда кўтарилган саволларни жавобсиз қолдириб келади.