Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:54

Куз тугаяпти, санашга жўжа йўқ, банклар кредит беришни тўхтатди


Аҳолига товуқ¸ эчки боқиш ва лимон етиштириш учун жорий йил февралидан бошлаб берилаëтган кредитлар жорий йил декабридан бошлаб тўхтатилади. Микрокредитбанкнинг Фарғона вилоятидаги бўлимларидан бири ходимининг 24 ноябрь куни Озодликка айтишича, бу кредит лойиҳаси самарасиз, деб топилган.

Озодлик билан суҳбатлашган баъзи кредит олганлар товуғи ўлгани ва лимони қуриб қолганини айтишди. Банк ходимлари эса товуғи ўлган ëки лимони қуриган “қарздор” олган кредитини уч йил мобайнида ойма-ой қайтариши зарур¸ акс ҳолда кафолат учун қўйилган мол-мулки мусодара қилинишини билдиришди.

- Аҳолини тадбиркор қилиш мақсадида товуқ, қорамол, лимон кўчатлари етиштириш учун кредит бериш кампанияси расман ўз якунига етди. Тижорат банкларига ойлик қирқимда мазкур йўналишларда кредит бериш режалари бекор қилинди¸ деди банк ходими.

Озодлик мухбири гаплашган Жиззах¸ Денов ва Амударë туманларидаги банк ҳодимлари ҳам айни гапни такрорлашди.

Банк ходимларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг «Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра ажратилган микрокредитларни қайтариш масаласида муаммо чиққан.

Жиззахлик 27 яшар фермер Иброҳимжон 24 ноябрь куни Озодлик мухбири билан суҳбатда кам таъминланган оилаларга кредит сифатида берилган товуқларнинг касалга чалиниб ўлгани ва лимон кўчатларининг қуриб қолганини айтиб берди.

- Банклар парранда етиштирадиган ширкатлар ҳисобига пул ўтказиб берди. Бу пул кам таъминланган оилаларга кредит сифатида расмийлаштирилди. Тизим асосида ишлайдиган кенг ëруғ товуқхоналарга ўрганган товуқлар уй шароитига мослаша олмасдан бирин-кетин ўлиб қолди. Ҳокимият текинга берган жўжалар ҳам ўлди. Мен яшайдиган Зарбдор туманида битта ҳам хонадон кредитга берилган товуқлардан фойда кўрмади. Лимон ҳам шунақа бўлди. Одамлар қўлбола теплица қуриб бу лимонларни етиштиришга уринишди. Мен билган 8 та хўжаликда лимонларнинг ҳаммаси қуриб қолди. Ер шўр Жиззахда. Шўр ерда лимон битмаслигини ботаника ўқиган ëш бола ҳам билади¸ дейди Иброҳимжон.

Озодлик мелиоратив ҳолати Жиззахдан кўра яхшироқ дея малакаланадиган Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги ўртаҳол оила бошлиғи билан 24 ноябрь куни гаплашди. Ўзини Акбарали ака деб таништирган киши жорий йил февралида банк кредити асосида 50 та лимон кўчати олгани ва бу кўчатларнинг ҳаммаси қуриганлигини айтди:

-Лимонларнинг илдизи қуриганми ëки баҳорги совуқ боисми, биттаси ҳам тутиб кетмади¸ дейди суҳбатдош.

Олган ҳам, берган ҳам айбдор

Аҳолига кредит шартномаларини расмийлаштириш билан шуғулланадиган Ўртачирчиқ туман ҳокимлиги ҳуқуқшуносига кўра¸ товуқ ва лимон етиштириш учун берилган кредит шартлари бажарилмагани ортидан муаммо келиб чиққан:

- Буюртманомаларга мувофиқ цитрус¸ асосан лимон учун теплица ва парранда қафасларини марказлашган ҳолда қуриб бериш ва тайёр ҳолда хонадон эгаларига топшириш вазифаси буткул бажарилмади. Цитрус ўсимликлар кўчатларини олиб келиб экиб бериш, мутахассисларни жалб этган ҳолда агротехник тадбирлар ва касалликларга қарши курашиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилмади. Кредит эвазига жўжа ëки лимон олган аҳоли вакилларида эса, етарли тажриба ва малака бўлмади. Оқибатда кредит линияси ëпилди, деди ҳуқуқшунос.

Касал товуқлар

Тошкент вилоят давлат ветеринария бошқармаси ходими Озодлик билан жорий йилнинг март ойида қилган суҳбатида “парранда касалликлари боис кредитга олинган товуқлар ўлганини ” билдирган эди:

- Кредитга олинган товуққа касал тегмайди, деб ўйлаш нотўғри. Шу кунларда паррандаларда юқумли бронхит, ларинготрахея каби касаллар урчиган. Паррандабоқарлар бу касалликларга қарши курашишлари керак. Бизга мурожаат қилишса, 30 турдаги диагностик ва профилактик кўмак кўрсатамиз. Товуқнинг ташқи кўринишига қараб, унинг қандай касалликка чалинганини аниқласа бўлади. Касалланган товуқ ёки хўроз камҳаракат бўлиб қолади, қанотларини судраган ҳолда, бир жойда кўзларини юмганича кўп ўтиради, донламай қўяди. Шундай товуғи борлар дарров бизга маълум қилсин¸ деган эди ветеринария бошқармаси ходими.

Ўртачирчиқлик маҳаллий фермернинг 24 ноябрь куни Озодликка айтишича¸ ўтган йил март ойида товуқлар касалга чалинганидан кейин кредит олганлар ваҳимага тушиб ўлмай қолган товуқларни арзон гаровга сотиб юборишган.

Эчки кўрдингми йўқ

Жорий йилнинг июнида Андижонга сафари пайти «Олтинкўл» туманидаги фермер хўжалигидаги зотдор эчкиларни кўрган президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир хонадонга иккитадан эчки тарқатишни таклиф қилган эди. Бунинг ортидан маҳаллий матбуотда “эчки боқишнинг ҳайрли юмуш экани “ ҳақида тарғибот бошланди. Банкдан кредит олиб эчки боқиш истиқболлари ҳақида гапирилди.

Жиззаҳлик 27 яшар фермер Иброҳимжон кредитга эчки олган бирорта фермерни билмаслигини айтади:

- Лимон беришди¸ жўжани ҳам. Лекин биров кредитга эчки олганини билмайман. Умуман биз тарафларда одамлар қўй боқади. Қўйдан фойда бор. Бир йилда 50 та қўйингиз 100 та бўлади¸ - дейди фермер, - Яхшиям эчки олишмади. Лекин товуқ ўлган¸ лимон қуриган бўлса ҳам кредитни тўлаш керакку?!

Қиëмат қарз

Амударë туманидаги банк ходими 24 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда айтишича, товуғи ўлган ëки лимони қуриган “қарздор” уч йил мобайнида ойма-ой олган кредитини қайтариши зарур¸ акс ҳолда кафолат учун қўйилган мол-мулк мусодара қилинади.

Ният яхши эди ëки сиëсийлашган товуқлар

Вазирлар Маҳкамасининг “Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ахолига кам фоизли имтиёзли маблағларига товуқ олиб боқиши, ёки лимон етиштириши кўзда тутган эди.

Бу ҳужжатда ҳар бир туманда эҳтиёжманд оилаларга 200 тагача товуқ ëки лимон кўчати олиш учун имтиëзли кредитлар берилиши айтилган.

XS
SM
MD
LG