Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:53

Трампнинг ғалабаси Ўзбекистон ва минтақа учун нимани англатади?


Доналд Трамп. АҚШ президент сайлови, 2024
Доналд Трамп. АҚШ президент сайлови, 2024

6 ноябрь куни Доналд Трампни президент сайловидаги ғалабаси билан табриклаган президент Шавкат Мирзиёев уни "бой тажрибали ва моҳир сиёсатчи" деб таърифлади. Мирзиёев Трампни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Президент матбуот хизмати эълон қилган табрик матнида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври айнан Трампнинг биринчи президентлик даврида бошлангани урғуланган.

Украина урушида нейтрал позицияни эгаллаганини айтиб келадиган Мирзиёев маъмурияти кўп векторли ташқи сиёсатга урғу бериб келади. Аммо америкалик дипломатлар расмий Тошкент кўпроқ Украинага нисбатан нейтрал эканига эътибор қаратишган.

Мирзиёевнинг ўзи ҳозирга қадар Украина можаросини тилга олмаган ва уруш бошланганидан буён бирон марта президент Зеленский билан мулоқот қилмаган.

Айни пайтда таҳлилчиларга кўра, Россиянинг Украинага тажовузи фонида Мирзиёев Москвадан келадиган хавфларни тушунади ва Вашингтон билан яқин алоқалардан кўзланган мақсадлар орасида ана шу хавфни камайтириш ҳам бор.

"Биз Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгармас позициясини, ортга қайтмас тус олган туб ислоҳотларимизга кўрсатиб келаётган доимий кўмагини алоҳида қадрлаймиз", деб айтган Мирзиёев ўз табригида.

Экспертлар АҚШ Ўзбекистонни ўзининг миллий хавфсизлик, террорга қарши кураш сиёсати ҳамда Россия ва Хитой таъсирини жиловлаш ҳаракатларида минтақада марказий давлат сифатида кўришини айтадилар.

Ўзбекистон расмийлари АҚШ сайловларини ҳеч қачон шарҳламаган, Оқ уйдаги қайси маъмурият - республикачи ёки демократлар мамлакат манфаатига кўпроқ мос келиши борасида очиқ баёнотлар берилмайди.

Аммо ўтмишда Вашингтон билан алоқаларнинг яқинлашиши айнан Трамп мансуби бўлган республикачилар маъмурияти даврига тўғри келган.

Дональд Трамп: Шавкат Мирзиёев ўз мамлакати ва ҳамма жойда ҳурмат қилинадиган одам!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00

АҚШда 2001 йил 11 сентябридаги ҳужумлар ортидан Вашингтон Афғонистондаги амалиётларни дастаклаш учун Қарши яқинидаги Хонобод базасида юзлаб ҳарбийларини жойлаштирганди.

Гарчи Андижондаги қонли воқеалар ортидан муносабатлар ёмонлашган ва Америка ҳарбий базаси ёпилган бўлса-да, Пентагоннинг Ўзбекистон билан алоқалари тўхтаб қолмаган. Олдинроқ Байден маъмурияти Афғонистонда Толибон ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистонга олиб чиқилган ҳарбий техникаларни Ўзбекистонга ҳадя қилгани маълум бўлди. Уларнинг техник назорати ҳамон Пентагон қўлида.

Президент Шавкат Мирзиёев Байден-Ҳаррис маъмурияти даврида АҚШга фақат бир марта сафар қилди. 2023 йил сентябрида у АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари лидерларининг C5+1 форматидаги саммитида қатнашди.

Экспертлар назарида Украинага тажовузи сабаб халқаро майдонда яккалаб қўйилган Россия президенти Владимир Путин Марказий Осиё билан муносабатларни мустаҳкамлашга интиларкан, минтақа билан алоқалар АҚШ учун геосиёсий зарурат бўлиб қолаверади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Мирзиëев¸ унинг ислоҳотлари ва бугунги Ўзбекистон ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:04 0:00

Марказий Осиё

Қирғизистонлик сиёсатшунос Медет Тўлагенов фикрича, Афғонистондан америкалик аскарлар олиб чиқиб кетилганидан сўнг минтақа АҚШ учун унчалик жозибадор бўлмай қолган, аммо билвосита манфаатлар ҳали сақланиб турибди.

“Иқтисодий нуқтаи назардан айрим конларга қизиқиш бор. Айниқса Қозоғистонда. Менимча, бундан ортиғи уларни қизиқтирмайди. Албатта, билвосита манфаатлар ҳам бўлади, чунки Трамп даврида АҚШ билан Хитой қарама-қаршилиги авж олиши муқаррар. Украинадаги уруш манзарасида АҚШ-Россия алоқаларини йўлга қўйиш билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. Бироқ булар бари бевосита эмас, билвосита манфаатлар”, дейди Тўлегенов.

Минтақа сиёсатшунослари “Марказий Осиё кўпроқ Россия билан яқин, минтақага нисбатан сиёсатда жиддий ўзгаришлар бўлиши амри маҳол”, деб ҳисоблайдилар.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида Бишкек Қўшма Штатлар билан стратегик ҳамкорлик тўғрисида ҳужжат имзолашга ҳозирланаётганини маълум қилди.

“АҚШ билан ҳамкорлик ҳам биз учун устивор йўналишлардан биридир. Кўрамиз, сайлов натижалари расман тасдиқланганидан сўнг ҳамкорлик қай тариқа давом этаркин. Ҳозирда АҚШ билан сиёсий мулоқот олиб борилмоқда, Қўшма Штатлар билан стратегик битим имзолаш устида ишлаяпмиз”, деди мулозим.

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

Қирғизистон 2015 йилда АҚШ билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани бир томонлама бекор қилган эди. Ўшандан бери томонлар янги битим имзолаган эмас, аммо музокаралар анчадан буён давом этмоқда.

Қозоғистон парламенти депутати Емурат Бапи Озодликнинг қозоқ хизматига берган изоҳида Доналд Трамп маъмуриятининг санкция сиёсати Қозоғистон иқтисодиётига таъсир қилиши мумкинлигини айтди.

“Қозоғистон жаҳон сиёсатида катта рол ўйнайди деб айта олмайман. Бироқ нефт соҳаси давлат бюджетининг асосини ташкил этиши сабабли айнан шу соҳада кичик муаммолар пайдо бўлиши мумкин. АҚШ Россияга қарши санкциялар туфайли радикал муносабатларга ўтса ва Россия нефти нархини туширишга уринса, менимча, бу бизнинг иқтисодий аҳволимизга муайян таъсир этиши эҳтимоли бор”, дейди депутат.

Azda.tv нашри асосчиси Муҳаммаджон Кабиров ҳам Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда АҚШнинг минтақадаги сиёсатида туб ўзгариш юз беришини кутмаётганини айтди:

“Айни пайтда Тожикистон – Марказий Осиёда Вашингтон билан чекланган алоқаларга эга ягона мамлакат бўлиб турибди, бу борада бирон жиддий ўзгариш бўлиши амри маҳол. Трамп сайланган тақдирда ўзгаришлар бўлиши имконияти бор. Унинг биинчи президентлик даврида Тожикистон Вашингтонга бир оз яқинлашганини кўрдик”, дейди эксперт.

Украина

Россияга қарши урушда асосан АҚШнинг ҳарбий ва молиявий кўмагига таянаётган Украина президент сайловини диққат билан кузатди.

Доналд Трамп АҚШ Украинага кўрсатаётган ёрдам кўламини бир неча бор шубҳа остига олган ва Киевга дастакнинг катта қисмини Европа ўз гарданига олиши лозимлигини айтган эди. Шунингдек, у сайловда ғалаба қозонган тақдирда энг қисқа муддатда урушни тўхтатишга ваъда берган. Трамп аниқ бир қадамларни очиқламаган бўлса-да, Киев уруш Россия шартларига биноан тўхтатилиши мумкинлигидан хавфотир олмоқда.

“Трамп урушни якунлаш бўйича музокаралар билан боғлиқ муайян хатарларни пайдо қилди, чунки Россияга ён берилиши эҳтимоли бор, Украинага ёрдам камайиши эҳтимоли бор. Аммо, рост, Камала Харрис сайланиб, Конгрессда республикачилар кўпчиликни ташкил қилганида ҳам шунақа хавфлар келиб чиқарди”, дейди украиналик сиёсатшунос Владимир Фесенко.

Украина парламентининг халқаро ишлар қўмитаси раиси Александр Мережко эса Трампнинг ғалабасида “муаммоларни ҳам, имкониятларни ҳам” кўраётганини айтади.

“Трамп фақат Қўшма Штатлар манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилади. Бу айнан нимани АҚШ учун манфаатли деб тушунишига ҳам боғлиқ. Шундай экан, биз Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш АҚШ фойдасига эканини унга исботлаб беришимиз керак, – дейди Мережко. – Кўп нарса, масалан, у миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисини тайинлаганида ойдинлашади. Трампнинг атрофида АҚШнинг Украинага нисбатан сиёсати хусусида турлича фикрдаги одамлар бор. Жумладан, АҚШ нега Украинани дастаклашда давом этиши кераклигини яхши англайдиганлар ҳам топилади”.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ўз телеграм-каналида сентябр ойида Трамп билан Украина-АҚШ ҳамкорлиги бўйича ўтказилган музокараларда урушни тугатишнинг муҳтамал режалари муҳокама қилингани ҳақида ёзди:

“Украина президенти Владимир Зеленский ва жамоамизнинг сентябрда Доналд Трамп билан учрашуви яхши ўтган эди. Украинанинг ғалаба режасини, Украина ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва урушни якунлаш йўлларини батафсил муҳокама қилган эдик. “Куч орқали тинчликка” – бизга бугун худди шу ёндашув керак. Зеро, Россия ва автократлар фақат куч тилини тушунадилар. Агрессорлар адолатнинг қатъий чегараларига қайтарилиши лозим. Бизга – адолатли дунё, дунёга эса кучли АҚШ ва демократия тантанаси зарур”.

Россия

Доналд Трамп Россияга нисбатан айнан қандай сиёсат тутажагини очиқламаган бўлса-да, Кремл унинг тимсолида Владимир Путин учун қулай музокарачини кўрмоқда, дейди россиялик сиёсатшунос Иван Преображенский.

“Камала Харрисдан кўра Трампнинг сайланиши Кремлдаги олиймақом кабинетларда кўпчиликни қувонтиргани аён, чунки Трамп “тушунса бўладиган одам” сифатида уларни қониқтиради. Трамп: “Путин менинг ғирт бебошлигимни билади, шунинг учун мендан қўрқади”, деб ўғ оғзи билан айтган. Аслида ҳам Путин унинг тахминан ўзидай бебошлигини билади, у билан келишув ва манфаатлар юзасидан тушунарли тилда гаплашади”, дейди Преображенский.

Сиёсатшуносга кўра, АҚШ билан Россия ўртасида зиддият кучайган тақдирда ҳам Путин ва Трамп деэскалация чораларини кўриши мумкин:

“Орқадан пичоқ санчишлар бўлиши, масалан, Россия қирувчи учоғи уриб туширилиб дунё ядровий уруш ёқасига келиб қолиши мумкин, лекин икки томон бир-бири билан тушунарли тилда гаплашади”.

Форум

XS
SM
MD
LG