Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:48

Қурилишдан – тасвирга олиш майдонига. Турк сериалларида ўйнаётган тожик мигрантлари


Авенир Ғуломносиров олти ой ичида бешта турк сериалида суратга тушган.
Авенир Ғуломносиров олти ой ичида бешта турк сериалида суратга тушган.

Уч нафар тожик мигранти турк сериаллар индустриясидан ўзларига иш топиб олишди. Улар кинода статист ва каскадёр сифатида қатнашишмоқда. Улардан икки нафари Туркияга “ҳар қандай ишга рози бўлиб” келганини айтади.

Миллиондан ортиқ тожиклар ўз ватанларидаги сурункали ишсизлик ва қашшоқлик сабаб четдан иш излашга маҳкум. Мигрантларнинг аксар қисми Россияда оғир меҳнат билан шуғулланади.

Бироқ тожикистонлик уч мигрант – Иззатулло Мирзоев, Манучеҳр Саъдиев ва Авенир Ғуломносировнинг омадлари бор экан: улар, фалакнинг гардиши билан, гуркираб ривожланаётган турк сериаллари индустриясида ўз ўринларини топиб олишган.

Ҳеч бир актёрлик тажрибаси йўқ собиқ қурувчилар Бурақ Ўзчивит, Серкан Чайоглу каби машҳур турк актёрлари ўйнаган бир нечта теленовеллада кичик ролларда чиқишга улгуришибди.

31 ёшли Манучеҳр Саъдиев 8 йил Россияда қурилишда ишлаган, бир умрлик касб-корим шу, деган хаёлда юрган. Бироқ декабр ойида уни гўё миграция қонун-қоидаларини бузгани учун Россиядан депортация қилишган.

Саъдиев бошқа иш топа олмай ҳафсаласи пир бўлгач, чўнтагида 30 доллар билан Туркияга учиб келади – бу тожик фуқароларига уч ойгача визасиз яшаш ҳуқуқини берувчи камсонли мамлакатлардан бири эди.

“Учоқдаёқ ён-веримдаги йўловчилардан суриштира бошладим: қандай қилиб ижарага хона топса бўлади? Қаердан қанақа иш топиш мумкин? Мен ҳар қанақа ишга тайёр эдим, чунки кун кечиришим керак эди. Ёнимда ўтирган одам бир кино ширкати каскадёрлар қидираётганини айтиб қолди, – дейди йигит. – Ундан ширкат рақамини олдим ва ҳар куни қўнғироқ қилиб, менга иш беринглар, деб ялиндим”.

Тез орада Манучеҳрни тарихий мавзудаги телесериал учун каскадёр қилиб олишади. Бу унинг кино индустриясидаги илк тажрибаси эди. Шундан сўнг янги таклифлар тушади ва йигит Истанбулда камтарона ҳаёт кечиришига етарли пул ишлайди, ҳатто ўзидан орттириб уйига ҳам унча-мунча жўнатади.

Турк сериаллари Марказий Осиё мамлакатларида жуда машҳур.

“Бир куни холамникида турк сериалини кўриб ўтирганимизда: “Хола, шунақа фильмларда чиқишимни бир тасаввур қилиб кўринг-а”, деганим ёдимда. Бу ҳазил эди, актёрликни ҳеч қачон орзу қилмаганман, бир кун келиб каскадёр бўлиш-ку етти ухлаб тушимга кирмаган”, ҳикоясини давом эттиради Манучеҳр.

У янги касбида муайян хавф-хатар, қалтисликлар мавжудлигини тушунади.

“Каскадёрларга энг хавфли роллар берилади. Масалан, [фильм сюжети бўйича] биз тарафга бомба отишади, темир парчаси сачраши эҳтимоли доим бор. Ёки отдан ёмон йиқилишинг, жанг саҳналарида бошингдан ёки кўзингдан жароҳат олишинг мумкин”, дейди у ишининг нозик жиҳатлари ҳақида сўзларкан.

Ким кимга пул тўлайди?

Иззатулло Мирзоев 2019 йилда Туркияга келгач дастлаб тўқимачилик фабрикасида ишлаган, бироқ ойлиги жуда кам бўлгани учун кўнгли тўлмай, доим бошқа иш сўраб-суриштирган экан. Кунларнинг бирида озарбайжонлик мигрант ўртоғи унга кинода кичик роллар ижрочиси бўлиб қатнашишни таклиф қилади.

34 яшар Мирзоев Туркияга келгунига қадар бир неча йил пауэрлифтинг (штанга, тошлар кўтариш) спорти билан шуғулланган, мусобақаларда иштирок этган. У пайлари қавариб турган танам, оғир тошлар билан кўп машқ қилганим кинода статист (сўзсиз роллар ижрочиси) бўлиб ишга киришимга ёрдам берди, деб ҳисоблайди.

“Мен содда, биринчи куниёқ продюсердан “кинода ўйнашни таклиф қилганингиз учун пул тўлашим керакми?” деб сўрабман. У анқайиб қолди. “Ким кимга пул бериши керак?” деб қайта сўрадим. “Йўқ, биз сизга пул тўлаймиз”, дейишди”, жилмаяди Иззатулло.

ОЗОДЛИК ФИЛЬМИ: Вайроналар остидаги Антакияга сафар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:37:11 0:00

У ойига тўрт минг долларгача пул топаётганини айтади. Айтишича, янги иши даромад бериб турса бас, шон-шуҳрат уни қизиқтирмайди.

“Баъзан менда бир-икки луқма сўзи бор сал кўринарли ролни олиш имконияти пайдо бўлади, лекин ўзим хоҳламайман, чунки бунақа рол бир съёмка кунидаёқ тайёр бўлади. Менга жуда кичик бўлса ҳам, суратга олиш узоқроққа чўзиладиган эпизодик рол керак, чунки ҳар бир суратга олиш куни куни учун пул тўланади”, дейди Мирзоев.

Осилсанг, баланд дорга осил!

Тожик статист актёрларидан энг ёши – 26 яшар Авенир Ғуломносиров ўтган йилнинг ноябригача Россияда ишларди. Истанбулга келганига энди олти ой тўлган бўлса-да, у бешта фильмда суратга тушишга улгурибди.

Авенир ўзини турк сериалларининг ашаддий мухлиси деб атайди. Айниқса, 2019 йилдан бери намойиш этилаётган “Қурилиш: Усмон” телесериалини севиб томоша қилар экан.

Ўтган йили статист бўлиб қатнашишга ариза бериб, ўзи ёқтирган “Қурилиш: Усмон” сериалида эпизодик ролни қўл киритибди. Кейин эса “Қуддус фотиҳи: Салоҳиддин Айюбий” ва “Меҳмед: фотиҳ султон” сериалларида қатнашибди.

“Менга сўзи бор ролларни беришмайди, чунки туркчани яхши билмайман, – дейди у. – Аммо биринчи ишимдан кейиноқ турк тилини ўргана бошладим, имкониятларимни оширмоқчиман”.

Ғуломносиров Туркияда бўладими ёки Тожикистондами, кино индустриясида ном қозонишни режалаётганини айтади.

Бироқ Туркия яқинда Тожикистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди – янги қоидалар 20 апрелдан кучга киради. Ғуломносиров Туркияда ўз орзуларини рўёбга чиқаришда давом этиш учун ишчи виза олишга ариза берган.

Форум

XS
SM
MD
LG