Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, 18-19 август кунлари ғарбий минтақада диндорларга қарши тадбирлар ўтказилиб, мазкур тадбирлар чоғида расмийлар диний китобларни мусодара қилганлар.
Уйида тинтув ўтказилган бир неча киши Озодлик мухбирига диний мазмундаги ҳар қандай адабиёт, шу жумладан ҳадис китоблари ва шариатга риоя қилишни тарғиб этувчи бошқа манбаларни сақлаш тақиқлангани ҳақида огоҳлантирилганини айтиб берган.
Фуқаролардан бири унинг уйига эрталабки соат 6 да икки полициячи, фуқаролик кийимидаги бир шахс ва маҳаллий ҳокимиятнинг дин ишлари бўйича мулозими келиб, китоб жавонларини текшириб, диний мазмундаги барча китобларни олиб кетишганини маълум қилган.
Расмийлар ўзларида тинтув ўтказиш ҳақида суд қарори борлигини билдиришиб, Қуръони каримдан бошқа ҳар қанақа диний адабиётни сақлаганлик учун жавобгарлик кўзда тутилганидан огоҳлантиришган.
“Дин ишлари бўйича бошқарма мулозими ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари диний мазмундаги барча китобларни кўрсатишни талаб қилишди. Мен китобларнинг ҳаммасини олиб чиқиб, олдиларига қўйдим. Улар фақат иккита Қуръонни қолдиришиб, бошқа барча китобларни олиб кетишди. Ҳатто Россиядан совға сифатида келтирилган Қуръоннинг рус тилидаги таржимасини ҳам олишди”, деган маҳаллий диндорлардан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда.
Таҳририят хавфсизлик важидан суҳбатдошга оид шахсий маълумотларни очиқламаган.
Бошқа бир неча фуқаро диндорларни таъқиб қилиш кучайгани, хусусан ёш мусулмонларни сўроққа тутиш ҳолатлари кўпайганини ҳам маълум қилган.
Маълумотларга кўра, сўнгги бир неча ҳафтадан буён расмийлар “ўта тақводор” деб ҳисоблаган кўплаб фуқаро хавфсизлик идораларига сўроққа чақирилмоқда. Уларга кўра, диндорлар икки гуруҳга бўлиняпти – араб ёзувини билганлар ва мазкур ёзувни билмаганларга. Ҳуқуқ-тартиботчиларни энг кўп яқиндан буён намоз ўқишни бошлаган ёшлар қизиқтирмоқда.
Расмийлар томонидан диндорларга босим кучайганининг сабаблари маълум эмас. Бироқ, хабарларга кўра, ўтган ҳафтада Болқон вилоятининг Гумдағ қишлоғида Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари томонидан мактаб ёшидаги элликка яқин болага диний таълим берган катта ёшли маҳаллий мулла қўлга олинган.
Туркманистон ҳукумати дин ва эътиқод эркинлиги дохил фуқаровий эркинликларни чеклаётгани учун танқид қилиб келинади.
АҚШ Давлат департаменти 2014 йилдан буён Туркманистонни диний эркинликларга риоя қилиниши бўйича “алоҳида хавотир уйғотувчи” мамлакатлар қаторига қўшиб келади.
Болқон вилоятида яшайдиган фуқароларга кўра, диндорларни таъқиб қилиш бўйича кучайиб бораётган кампания доирасида расмийлар бошқа мамлакатларда чоп қилинган Қуръон таржималарини ҳам мусодара қилишмоқда.
Ўтган ҳафтадаги жума намози чоғида Туркманистондаги шаҳар масжиди қавми имомдан хоҳловчиларга намоз ўқиш, таҳорат олиш ва бошқа амалларни ўргатишни сўрашган. Бироқ масжид имоми бу таклифни қаъиян рад этиб, одамларни масжидга диний билим ўрганиш мақсадида келмасликка чақирган.
2023 йил январида Туркманистон ҳукумати Ахал вилояти жомеъ масжиди қошида мадраса қуриш режасини очиқлаган эди.
Озодлик мухбирлари диндорларга босим кучайиб бораётгани юзасидан Болқон вилояти ҳокимлигидан изоҳ олишга муваффақ бўлолмаган.
Форум