Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:26

Коллеж ўқувчисининг уриб ўлдирилгани бўйича терговнинг адолатсиз бораëтгани айтилмоқда


Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Шаханд агроиқтисодиёт коллежининг 2-босқич ўқувчилари томонидан уриб ўлдирилган 3- босқич ўқувчиси 19 яшар Абдуғаффор Алижоновнинг ўлимида асосий айбдор очиқда қолиб, бошқалар ҳибсга олинган.

Бу иддаони Озодликка марҳумнинг яқинлари¸ айни пайтда тергов ҳаракатларида иштирок этаётган мулозимлардан бири маълум қилди.

Абдуғаффор Алижонов 1 июнь куни коллеж биноси олдида калтаклаб ўлдирилган эди.

Тўрақўрғон Ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра¸ Абдуғаффор Алижоновни уриб ўлдирганликда гумонланиб Шаханд агроиқтисодиёт коллежининг 2-босқичида ўқийдиган беш нафар талаба ҳибсга олинган.

Айни мулозимга кўра, 17 ва 18 ëшдаги бу болалар устидан жиноят иши очилган ва улар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” бандида кўзда тутилган (қасддан баданга оғир шикаст етказиш, д) жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса, - саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

Мазкур жиноий иш юзасидан тергов ҳаракатларида иштирок этаётган шахснинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ тергов Абдуғаффор Алижонов ўлими билан тугаган жанжалнинг асосий сабабчисини очиқда қолдириб, унинг кейинги қатнашчиларини ҳибсга олган.

“Коллежнинг 2-босқич ўқувчиси А. жанжалнинг асосий сабабчиси. У болaларни йиғиб келган. Абдуғаффорга биринчи зарбани ҳам А. берган. Кейин қолган болалар уни ўртага уришган. Ҳозир О., Ш., А., И., М., исмли беш бола ҳибсга олинган. Лекин жанжалнинг асосий сабабчиси А. очиқда қолмоқда. Чунки у обрўли, бой-бадавлат шахснинг ўғли. Бизнинг қонунчиликда жиноят ташкиллаштирган одам унинг ижрочилари билан ҳеч бўлмаса тенг қаторда жавоб бериши керак эмасми? А. эса четда қолиб кетди. Унга нисбатан ҳеч қандай айблов ҳам қўйилмаган, ватинча сақлаш изоляторига ҳам олинмаган”, дейди тергов ҳаракатларида иштирок этаётган шахс Озодлик билан суҳбатда.

Айни манба, жиноятда гумонланаётган 18 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан тергов давомида қийноқ қўлланилаётганини ҳам иддао қилди.

“Воқеа бўлгани факт. Боланинг ўлгани факт. Дастлабки тергов фақат ана шу жанжалда иштирок этган болаларнинг суриштирув давомида олинган гапларига қараб қурилаяпти. Бу болалардан икки сутка давомида қўлларига кишан солинган ва батареяларга боғланган ҳолатида кўрсатма олинди. Болаларни бир-бирларига қарши қайраб ўзларига исталган кўрсатма олишга ҳаракат қилинди. Бу ҳолатни болаларнинг ўзлари айтиб бераяпти. Воқеага бевосита гувоҳ бўлган одамлардан кўргазма олинмаяпти”, деди тергов ҳаракатларида иштирок этаётган шахслардан бири.

Марҳум Абдуғаффор Алижоновнинг отаси ҳам ўғлининг ўлимига сабаб бўлган жанжал ташкилотчиси очиқда юрганини кўрганидан сўнг, терговни бошқа вилоят ёки туман терговчилари олиб боришини сўраб президентга мактуб ёзганини айтади.

“У гуруҳда ўнтача бола бўлган. Мен воқеани ўз кўзи билан кўрган гувоҳ билан гаплашдим. Уч-тўрттаси ўртага олиб уриб, тепади экан, қолганлари атрофида девор ҳосил қилиб бошқаларни келгани қўймас экан. Бу жиноий гуруҳ бўлмасдан, нима? Лекин нега унинг асосий каттаси очиқда юрибди, нега унинг устидан жиноят иши қўзғатилмаяпти? Фарзанд доғини ҳеч кимга кўрсатмасин, ҳатто душманимга ҳам. Ўғлим ҳеч қандай айб қилмай ўлдирилди, юрагим эзилиб кетaяпти. Лекин одилона иш борилмаётганига чидаб туролмаяпман, президентимизга хат ёздим, чунки у киши доим адолат бўлсин, деб айтадилар”, дейди Озодлик мухбири гаплашган Тоҳиржон Алижонов.

Ўзини Тўрақўрғон туман Ички ишлар бўлими терговчиси Шуҳрат деб таништирган мулозим Озодлик мухбири билан гаплашаётганини билганидан сўнг, алоқани узиб қўйди ва бошқа қўнғироқларга жавоб бермади.

Бу жараëн тафсилотларига яқин тўрақўрғонликлардан бири ўқувчилар орасида юзага чиққан жанжал ва қотиллик учун масъулиятнинг катта қисми коллеж раҳбарияти зиммасида эканини айтади.

“Бизнинг аниқлашимизча ўша куни коллеж директори Гулнора исмли аёлнинг 2- босқич талабаларига 3-пара дарси бўлган, лекин дарсни ўтмаган ва болалар қаровсиз қолган. Яна олган маълумотимизга кўра, коллеж ичида бошланган жанжални ўқитувчилар тинчитмай, болаларни “боринглар, кўчада разбор қилинглар”, деб ташқарига ҳайдаб юборган. Лекин коллеж директори бу воқеадан кейин ҳам бемалол ҳеч нарса бўлмагандай ишлаб юрибди”, деди ҳуқуқшунос.

Озодлик бу иддаоларга муносабат олиш учун Шаханд агроиқтисодиёт коллежи директори Гулнора Содиқова билан боғланишга ҳаракат қилди, лекин унинг тели ўчирилгани боис боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда мактаб, коллеж-лицей ўқувчиларининг турли хил жиноят содир этишлари учраб туради.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳам жорий йилнинг февралида ЎзА агентлигига берган суҳбатида ўтган йилда мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилганини айтган эди.

1,5 минг жиноятнинг бир нечаси ҳақда Озодлик ўз вақтида хабар қилган.

Жорий йилнинг 7 апрель куни Андижон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси мактаб ҳовлисида шаҳарнинг 29-мактабида ўқийдиган тенгқурининг юрагига пичоқ санчиб ўлдирган эди.

Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент вилоят, Чирчиқ шаҳридаги Ижтимоий-иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг иккинчи босқич ўқувчиси ўзининг қиз курсдошини пичоқлаган эди.

Ўтган йилнинг 6 октбярь куни 1- сонли Тошкент юридик коллежи талабаси 2 курсдошини пичоқлаган эди. Талабалардан бири воқеа жойида жон берди. Пичоқланган яна бир талаба Тошкентдаги шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилди.

Тошкентдаги Боровский номли Тиббиёт коллежида ўтган йил май ойида 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдоши тарафидан калтаклаб ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Март ойида эса Тошкент Давлат техника университетининг 1-курс талабаси Тошкентдаги коллежлардан бирининг ўқувчисини рашқ сабабли, ошхона пичоғи билан жароҳатлаган эди.

XS
SM
MD
LG