Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:05

Ўзбек қизлари ва Интернет: UNICEF ҳисоботидаги рақамлар саволларни пайдо қилди


БМТ Болалар жамғармаси ўз ҳисоботини 11 октябрь - Халқаро қизлар кунида эълон қилди.
БМТ Болалар жамғармаси ўз ҳисоботини 11 октябрь - Халқаро қизлар кунида эълон қилди.

Ёши 14 билан 30 орасидаги ўзбекистонлик қизлар ва ёш аёлларнинг 68 фоизи турли сабабларга кўра ҳеч қачон Интернетдан фойдаланмаган.

Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар ташкилоти Болалар жамғармаси -UNIСEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўз тадқиқотлари натижаларига таяниб хабар қилди.

Халқаро ташкилот эълон қилган кўрсаткичлар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммникацияларини ривожлантириш вазирлигидан олинган маълумотлардан кескин фарқ қилади.

Халқаро ташкилотнинг ташвишли рақамлари

UNIСEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакатдаги болалар ва ёшларнинг Интернетдан фойдаланиш даражасига оид тадқиқотининг айрим натижаларини ўзининг Телеграм-каналида Халқаро қизлар куни (11 октябрь) эълон қилди.

БМТ Болалар жамғармаси ўз ҳисоботига таяниб хабар қилишича, ўзбекистонлик қизларнинг 43,5 фоизида компьютер саводхонлиги йўқ. Бу кўрсаткич ўғил болаларда бироз яхшироқ. Улар орасида компьютердан фойдаланишни билмайдиганлар сони 30,0%.

Айни пайтда ёши 14 дан 30 гача бўлган ўзбекистонлик қизлар ва ёш аёлларнинг 68 фоизи ҳеч қачон Интернетдан фойдаланмаган. Ҳисобот муаллифлари фикрича, бунинг сабаблари турлича. Бироқ “UNIСEF Ўзбекистон” хабарида бу сабаблар санаб ўтилмаган.

Халқаро қизлар кунига 2011 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан асос солинган. Бу кун ҳар йили 11 октябрда жаҳон бўйича қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида нишонланади.

БМТга кўра, бу муаммоларга мажбурий никоҳ, уларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишларини таъминлаш ҳамда зўрлаш ҳолатлари киради.

Вазирликнинг оптимистик рақамлари

Айни пайтда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра, аҳолиси 35 млн кишилик Ўзбекистонда 22,6 млн киши, яъни 60 фоиздан кўпроғи Интернетдан фойдаланади, мобил абонентлар сони эса 27 миллионга етган.

Халқаро ташкилот рақамлари қандай пайдо бўлди?

“UNIСEF-Ўзбекистон” тадқиқоти натижалари билан вазирлик статистикасидаги фарқ нима билан изоҳланади? Ўғил болалар ва ёш эркакларнинг Интернетдан фойдаланиш даражаси ҳам ўрганилганми? Тадқиқот қай усулда ўтказилган?

Бу саволларини бериш учун Озодлик “UNICEF-Ўзбекистон” матбуот хизматига қилган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Тадқиқот қандай ўтказилганига оид савол жавобини халқаро ташкилотнинг Телеграм-каналидаги хабарнинг русча версиясидан топдик. Айтилишича:

“Тадқиқот 2018 йилдан 2020 йилгача ўтказилган бўлиб, унда Ўзбекистоннинг 12 вилояти, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида яшайдиган ёши 14 дан 30 гача бўлган ёшлар иштирок этган. Маълумотларни тўплаш учун аралаш усулдан фойдаланилган, яъни 4458 респондентдан сўров ҳамда 24 фокус-гуруҳда муҳокама ўтказилган”.

Вазирлик: Аҳвол унчалик абгор эмас

Озодлик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматовга мурожаат қилиб, “UNICEF-Ўзбекистон” тадқиқоти натижалари ҳамда мамлакатнинг интернетлашуви даражасига оид вазирлик сайтида эълон қилинган маълумотларни шарҳлаб беришни сўради.

Шерзод Аҳматов халқаро ташкилот ҳисоботидаги рақамларга шубҳа билдирмаган ҳолда, “аҳвол ҳисоботда айтилганидай абгор эмаслиги”ни айтди. “Ҳар ҳолда, ҳисоботни уни тайёрлаган ташкилот шарҳлагани дуруст, лекин шуни ҳам айтишим керакки, смартфонда у ёки бу мессенжердан фойдаланиш ҳам Интернетдан фойдаланишдир. Шу маънода, бугунги кунда аҳвол у қадар абгор эмас”, деди вазирлик расмий вакили.

Шерзод Аҳматовнинг айтишича, Интернетдан фойдаланиш даражаси айниқса COVID пандемияси бошланганидан буён кескин ортиб кетди:

“Бугунги кунда ҳар бир ота-она мактабда ўқийдиган боласининг қандай баҳо олаётганини kundalik.com сайтидан кузатиб бориш имконини ўрганяпти”.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматовга кўра:

  • шу кунгача Ўзбекистоннинг аҳоли яшайдиган ҳудудларидан 98 фоизи Интернет билан қамраб олинган;
  • бутун мамлакат бўйлаб мактабгача таълим муассасалари, Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли тиббиёт муассаларининг мутлақ ҳаммаси оптик толали Интернет билан таъминланган;

айни пайтда

  • мактаблар ҳозирча оптик толали Интернет билан 100 фоиз таъминланган эмас. Мактабларда бу кўрсаткич 95 фоизни ташкил қиомоқда. Бу йил 31 декабргача мактабларни оптик толали Интернет билан таъминлаш иши якунига етади.

Интернет тезлигига оид рақамлар

Ахборот технологиялари янгиликларига ихтисослашган terabayt.uz сайти шу йилнинг майида Speedtest.net маълумотларига таяниб, бир йил ичида Ўзбекистонда симли интернет тезлиги 1,5 баробарга (53,2 фоизга) , яъни 2020 йил майдаги 26,45 Мбит/сониядан 40,54 Мбит/сониягача ўсганлигини, мобил интернет тезлиги эса, 2020 йил майдаги 11,26 Мбит/сониядан 18,56 Мбит/сониягача, яъни 64,8 фоизга кўтарилганини хабар қилган эди.

Рақамлари яхшилангани билан авторитарлигича қолаётган давлат

Ўзбекистон Интернет эркинлиги рейтингида ҳам бу йил 2020 йилга нисбатан бир поғона юқорилади. Бироқ ҳануз Интернет эркин бўлмаган авторитар давлат сифатида қолмоқда.

АҚШда жойлашган Freedom House инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу йилги ҳисоботининг Ўзбекистонга бағишланган қисмида қайд этилишича, Интернет эркинлиги рейтингида 2020 йилда 27-ўринда бўлган бу давлат 2021 йилда 28- ўринга кўтарилди.

“Ўзбекистонда Интернет эркинлиги, биринчи навбатда мамлакат бўйлаб Интернетга уланиш имконияти кенгайтирилгани ортидан, бир оз ўсгани кузатилди. Бироқ ҳукумат онлайн муҳит устидан назоратни сусайтиргани йўқ. Ҳукумат веб-сайтларни блок қилиш ва танқидчиларни қўлга олиб, уларни узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилишда давом этмоқда”, - дейилади ҳисоботда.

XS
SM
MD
LG