Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Сурхондарёда ўқитувчи 5-синф ўқувчисининг қўлини таёқ билан уриб синдирди


5-синф ўқувчиси А.И.
5-синф ўқувчиси А.И.

Сурхондарё вилоят, Денов тумани 74-умумтаълим мактабининг география ўқитувчиси А. Э. 18 февраль куни дарс пайтида 5-синф ўқувчиси А. И.нинг қўлини таёқ билан уриб синдирди.

Қўли синган боланинг онаси расмийлар бу ишни бости-бости қилишга уринаётганини иддао қилди.

Бола ўқиётган мактаб директори ўқувчини урган ўқитувчи 19 февраль куни ўз аризасига биноан ишдан бўшаб кетганини билдирди.

Денов туман Халқ таълими бўлими мудири​нинг Озодликка айтишича, туман прокуратураси мазкур ҳолат бўйича терговолди суриштируви ўтказмоқда.

Сурхондарёда ўқитувчи ўқувчининг қўлини таёқ билан уриб синдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:23 0:00
Бевосита линк

Денов туманидаги 74- рус тилига ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси, 11 яшар А. И.нинг қўлини география ўқитувчиси А. Э. таёқ билан уриб синдиргани ҳақида боланинг онаси Мақсуда Ниёзова Озодликка шикоят қилди:

- 18 февраль куни боламни мактабга олиб бориб қўйдим. Ҳеч қанча вақт ўтмай у ишхонамга йиғлаб кириб келди. Ўқитувчиси қўлига таёқ билан урган экан. Бола синф раҳбарига айтса, у ҳеч нарса қилмайди, чора кўрамиз деб иккинчи соат дарсга киргизиб юборган. Оғриқ кучайганидан сўнг бола яна синф раҳбарига айтса, кейин жавоб бериб юборган. Болам кўчага чиқиб такси тўхтатаман деса, ўша урган ўқитувчи уни таксига ўтиргани қўймаган, қайтариб мактабга судраб олиб кирмоқчи бўлган. Лекин болам, ундан қутулиб чиқиб, ёмғирда пиёда шалаббо бўлиб олдимга кириб келди.

​Мақсуда Ниёзова ўша заҳоти мактабга етиб борганини айтади:

- Бориб ўқитувчига қани ўша урган таёғингизни менга кўрсатинг десам, менга бир ингичка линейкани кўрсатяпти. Кейин халқ таълимига бордим, у ердан менга Чори ака деган одамни қўшиб беришди. Чори ака мактабга келиб, боламнинг синфдошларидан сўради. 9 нафар бола ўрнидан туриб, мени шапалоқлаб урди, мени сочимдан юлди, мени юзимга тупирди, деб кўрсатма берди. Чори ака болалардан қандай дарс ўтади, деб сўради. Болалар ўқитувчи рус тилини умуман билмаслигини, дарсни ўлда-жўлда ўтишини айтиб беришди.

5-синф ўқувчиси А.И. синган қўли ҳақида доктор хулосаси
5-синф ўқувчиси А.И. синган қўли ҳақида доктор хулосаси

​Ўқувчи А. И. мактабда содир бўлган воқеани шундай тасвирлади:

- Ўқитувчи ташқарига чиқиб кетган эди. Мен орқароқда ўтирган эдим. Бир пайт синфга кириб келди-да, олдинда ўтирган ўқувчиларни ўтирган жойида таёқ билан бирма-бир уриб кетди. Мен ёзиб ўтирган эдим, зарб билан тирсагимга урди. Кўзимдан ўт чиқиб кетди. Синф раҳбаримдан жавоб олганимдан кейин кўчага чиқиб, такси тўхтатаётганимда орқамдан етиб келиб, ота-онангга айтмагин, мактабни битиргунингча географиядан сенга беш қўйиб бераман, деб мени мактабга судради. Мен аранг қўлидан қочиб қутилиб, онамнинг олдига кетдим.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:28 0:00
Бевосита линк

5-синф ўқувчиси А.И. синган қўли ҳақида доктор хулосаси
5-синф ўқувчиси А.И. синган қўли ҳақида доктор хулосаси

​Мақсуда Ниёзованинг айтишича, ўша куни кечаси билан ўғлининг қўли оғриб чиққан ва эрталаб шифокорга мурожаат қилишган:

- Болани травмотологга олиб бориб, рентген қилдирдик. Тирсагининг суяги ёрилиб, ҳам синиб, битта суякчаси учиб кетган. Қўлини гипс қилиб қўйишди. Кейин дўхтир милицияга хабар берди. Қаранг, воқеа 18 куни бўлган, участка инспектори мени 21 февраль куни чақиряпти. Мен йўлланма бермасам, экспертиза қилмайди, деяпти. Беринг ахир ўша йўлланмани дедим. Кейин берди, экспертиза қилди, натижаси эртага чиқаркан.

Мактаб директори Руқия Ҳакимова Озодлик билан суҳбатда, бу ўқитувчи устидан ота-оналар аввал ҳам шикоят қилганини, ўқитувчи 19 февраль куни ўз аризасига биноан ишдан бўшаб кетганини айтди:

- Ўқитувчига чора кўрилди, ҳақиқатан ҳам у нотўғри ҳаракат қилган, олдин огоҳлантирган ва виговор ҳам берган эдим. Мен унинг бу ҳаракатини оқламайман, ўқитувчи ҳозир ишламаяпти, жазосини олди.

Денов туман Халқ таълими бўлими мудири Эркин Аҳроров ўқитувчининг бундан кейин таълим тизимида ишлаш-ишламаслиги тергов суриштирувларидан кейин маълум бўлишини Озодликка айтди:

- Ўша кундан бошлаб ўқитувчи дарслардан четлатилган. Боланинг қўли экспертиза қилинган. Терговолди ҳаракатлари прокуратура томонидан олиб бориляпти. Ўшанинг натижасига қараб унга қонуний чора кўрилади. Албатта, ўқитувчи болани нафақат уриши, балки ҳақорат қилиши ҳам мумкин эмас. Мен буни қоралайман.

Мазкур ҳолат бўйича терговолди ҳаракатлари олиб бораётган Денов тумани прокуратураси мулозими Иномжон Фозилов Озодлик саволини эшитиши биланоқ алоқани узиб қўйди.

Ўқувчининг онаси 20 февраль куни ўқитувчига қонуний чора кўриш ҳақида туман прокуратурасига ариза ёзган.

Ўқитувчи А. Э.нинг телефони ўчирилгани боис, у билан боғланиш имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG