Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:30

Самарқандда 12 яшар ўқувчини мактаб дарвозаси босиб қолиб ўлди (ВИДЕО)


12 яшар Жонибек Ҳамроқулов
12 яшар Жонибек Ҳамроқулов

Самарқанд шаҳридаги 71-умумтаълим мактабнинг 6-синф ўқувчиси Жонибек Ҳамроқулов 4 май куни мактаб ҳудудида вафот этди.

Яқинларининг иддао қилишича​, Жонибек мактаб ҳовлисининг орқа томонига маҳаллий тадбиркор омонат ўрнатган темир дарвозанинг босиб қолиши оқибатида нобуд бўлган.

Мактаб директори мактабнинг орқа томонидаги ҳудуд тадбиркорга берилгани ҳақидаги иддаоларни қисман тасдиқлади.

Самарқанд шаҳрининг Юқори Хўжасоат маҳалласида яшаган 12 яшар Жонибек Ҳамроқуловни 4 май куни соат 13 га яқин 71-мактабнинг орқа томонига ноқонуний қурилган дарвоза босиб қолгани тўғрисида Озодликка марҳумнинг яқинлари хабар қилди.

Самарқандда 12 яшар ўқувчини мактаб дарвозаси босиб қолиб ўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:52 0:00

Уларнинг иддао қилишича, дарвоза омонат қурилгани учун боланинг устига қулаб тушган:

“Жияним ва бошқа мактаб ўқувчилари бўйи унча баланд бўлмаган бу дарвозадан ошиб кириб-чиқиб юришган. Дарвозани мактабга қўшни яшайдиган маҳаллий тадбиркор З. Р. бир йил аввал қўйдирган экан. Дарвоза лиқиллаб турган, унинг пойдевори ҳам бетонланмаган. Жияним ўшанга осилиб ўтмоқчи бўлганида устига ағнаб кетган ва бошини эзиб юборган”, деди марҳум яқинларидан бири.

12 яшар Жонибек Ҳамроқуловни босиб қолган дарвоза
12 яшар Жонибек Ҳамроқуловни босиб қолган дарвоза

Жонибекнинг аммаси Феруза Туробованинг Озодликка айтишича, мактабнинг орқа томонидан қўшимча дарвоза очишга умуман эҳтиёж бўлмаган:

- Менинг эшитишимча, директор мактабнинг орқа томонидаги ерни бир тадбиркорга сотиб юборганми, бериб юборганми, ишқилиб, деворни бузиб ўша дарвозани тадбиркор ўрнатган. Бетон қилмасдан, шундай лойга қотириб қўйган. Наҳот директор, ўзининг ҳудудини бегона одамга бериб юбораверади. Менинг гулдай жияним ўлиб кетаверадими?! Бу ишни маҳалла ва мактаб директори бости-бости қилишяпти, - деди Феруза Туробова.

12 яшар Жонибек Ҳамроқулов самбо билан шуғулланган
12 яшар Жонибек Ҳамроқулов самбо билан шуғулланган

Самарқанд шаҳридаги 71-умумтаълим мактабининг директори Зебихон Аҳмедова Озодлик билан суҳбатда мактабнинг орқа томонидаги ҳудуд тадбиркорга берилгани ҳақидаги иддаоларни қисман тасдиқлади:

- У жой эски девор эди. Тадбиркор маҳаллага бориб, айтганки, болаларнинг спорт зали йўқ, мен ўзим ёнимдан мактабга спорт зали қуриб бераман, деган. Ҳам маҳалла, ҳам мактаб болалари ўйнайди деб, бир спорт зали қилмоқчи эди. Савоб иш қилиб бермоқчи эди. Ҳозир бу жой мактабнинг балансида турибди, ҳали ҳеч кимга берилган ҳам эмас. Менга маҳалла оқсоқоли билан бирга келишди. Мен айтдимки, агар шаҳар ҳокимлиги рухсат берса, майли дедим, - деди Зебихон Аҳмедова.

Озодликнинг “Ҳали расман рухсат олмаган, деяпсиз, лекин у мактаб деворидан қўлбола дарвоза очиб олганига бир йил бўлибдику?”, деган саволини мактаб директори очиқ қолдирди.

Юқори Хўжасоат маҳалласида яшовчи, исми сир қолишини сўраган суҳбатдошлардан бирининг айтишича, мактаб директорининг бу ерда тадбиркор спорт зали қурмоқчи бўлгани ҳақдаги гаплари ёлғон:

“Мен ўзим ўша маҳаллада яшайман ва ўша тадбиркор З. Р.ни яхши танийман. Тўғри, унинг шаҳарда қурилиш моллари сотадиган бир дўкони бор. Бу жойни олиб, у склад қурмоқчи бўлган. Спорт зали эса, маҳаллага керак эмас, чунки яқинда катта спорт зали маҳаллада қурилган. Мана расмини ҳам жўнатаман. Ўлган болача ҳам шу спорт залида самбо билан шуғулланарди. Бир қанча мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаган. Тадбиркорни спорт зали қуришга кучи ҳам етмайди”, деди хўжасоатликлардан бири.

Озодликнинг Юқори Хўжасоат маҳалла фуқаролари йиғини раиси ва тадбиркор З. Р.ни топишга қилган ҳаракатлари бесамар бўлди.

Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлимининг навбатчиси бу воқеа юзасидан барча маълумотларни вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот хизматидан олиш мумкинлигини айтди.

Аммо, бошқарма матбуот котиби Улуғбек Омонов билан боғланишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG