Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:57

Бухорода банкирлар уйма-уй юриб солиқдан қарздорликни ëпишга мажбурланмоқда


Банк ходимлари солиқ бўйича қарздорликни нақд ёки терминал орқали қабул қилаëтганларини билдирди.
Банк ходимлари солиқ бўйича қарздорликни нақд ёки терминал орқали қабул қилаëтганларини билдирди.

13 декабрдан бошлаб Бухородаги банк ходимлари уйма-уй юриб, аҳолидан тўланмаган ер ва мулк солиғини ундирмоқда. Озодлик боғланган айрим банк тизими мулозимлари бу ишнинг вилоят прокуратураси томонидан берилган оғзаки топшириқ асосида қилинаëтганини билдирди.

Ҳозирча Ўзбекистон прокуратураси бу маълумот бўйича изоҳ бермади.

Солиқчига айланган банкирлар

Бухоро вилояти Когон туманидаги "Миллий банк" бўлими ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда 13 декабрдан бошлаб ўзи ва ҳамкасбларининг уйма- уй юриб, аҳолидан солиқ ундириш билан шуғулланаëтганини билдирди.

“Эрталаб соат 9 да ишга келамиз. Соат 10 дан 16 гача маҳаллаларга солиқ ундириш учун кетамиз. Мулк ва ер солиғи бўйича қарздорликни териб чиқаяпмиз. Ҳар биримизга иккитадан маҳалла бириктирилган. Ёнимизда маҳалла йиғини раиси ёки ёрдамчиси бўлади. Ҳар куни соат 16 да Марказий банкнинг туманимиздаги вакилига сводний берамиз, қанча пул йиққанимиз ва қанча хонадонга кириб чиққанимиз борасида ҳисобот берамиз. Марказий банк вакили эса сектор раҳбарига яъни прокурорга соат 19 гача кунлик ҳисобот бериши лозим”, дейди ишдан ҳайдалиш хавфи остида исмини ошкор қилмасликни сўраган банк ходими.

Айни сабаб боис исми сир сақланишини сўраган "Қишлоқ қурилиш банки"нинг ушбу тумандаги бўлими ходими ҳам солиқ ундиришга чиқаётгани ва буни дам олиш кунларисиз амалга оширишга мажбур қолаётганини билдирди.

“Дам олиш кунларисиз ишлаяпмиз. Шанба-якшанба кунлари ҳам солиқ ундириш билан бандмиз. Ортиқча ишлаганимиз учун устама пул ҳам тўланмайди. Ҳар куни соат 16 дан кейин банкка келиб асосий ишимиз билан шуғулланамиз. Йил охирида банк ходимларининг иши кўп бўлади. Кредитларни ёпишимиз керак. Қарздорлик бўйича мижозлар билан ишлашимиз керак. Лекин биз асосий иш вақтимизда солиқ теришга мажбур қолаяпмиз . Ҳар куни соат 19:30-20:00 гача банкда қолиб кетаяпмиз”, дейди Қишлоқ қурилиш банки ходими.

"Ишдан ҳайдаш билан босим қилишди"

Когондаги "Халқ банки" бўлимининг Озодлик билан суҳбатлашган ходими¸ солиқ йиғишга раҳбарлар босими остида чиқишга мажбур бўлаëтганларини таъкидлади.

“Солиқчи бўлмасам, нимага солиқ йиғишим керак.Ўзимнинг ишларим қолиб кетаяпти”, деганлар бўлди. Бошлиқлар “Ишласанг шу, ишламасанг, ўрнингга ишлайман деб турганлар кўп”, деб ишдан бўшатиш билан таҳдид қилишди. Кейин хонадонларга кириб ҳам таҳдидга қолаяпмиз. Бизни ҳайдаб солганлар ҳам бўлди. “Сени биринчи марта кўриб туришим, бизнинг ўз солиқ инпекторимиз бор. Сенга пул бермайман”, деб ҳайдашди. Биз одамлардан нақд пул оламиз ёки пули карточкада бўлса, ёнимизда терминалимиз ҳам бор. Ҳар қанақа кўринишда пулни қабул қилишимиз мумкин. Лекин солиқ териш жуда қийин бўлаяпти. Кейин бошлиқлар “нимага кам солиқ йиғдинг”¸ деб бизни яна уришаяпти”, дейди "Халқ банки" ходими.

"Солиқчиларга ёрдамлашаяпмиз"

Когон туманидаги "Қишлоқ қурилиш" банки бўлими мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда солиқ йиғиш борасида вилоят прокуратураси томонидан оғзаки топшириқ берилганини иддао қилди.

“Бу нафақат бизнинг туманда¸ балки бутун Бухородаги банкларда бўлаётган ҳолат. Бухоро вилоятининг солиқдан қарздорлик даражаси катта экан. Солиқ ходимлари улгурмаяпти экан. Бизни туман прокуратурасига чақириб, вилоят прокуратурасидан шундай топшириқ бўлганини айтишди. 29 декабргача мулк ва ер солиғи бўйича қарздорликни ундиришимиз керак. Қўлимизда аҳолининг қарздорлиги бўйича ҳужжат ҳам бор”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

Озодликка тақдим қилинган ҳужжатга кўра, Когон аҳолисининг мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорлиги 2018 йил декабригача 490 миллион 666 минг 329 сўмни ташкил этади.

Бухоро вилоят Марказий банк мулозими нафақат Когон тумани¸ балки вилоятдаги барча банклар ходимлари солиқ йиғишга жалб қилинганини тасдиқлади¸ бироқ бунинг сабабларини изоҳлашни истамади. Марказий банкнинг Тошкентдаги бош офиси мулозими эса¸ банк бошқарувининг банк ходимларини солиқ йиғишга жалб қилиш жараëнига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Бухоро вилоят прокуратурасидан ҳозирча бу борада бирор маълумот олиш имкони бўлмади. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати эса бу хабарни ўрганиб, натижасини билдиришни маълум қилди.

17 декабрь куни муаллифи Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси бўлган солиқ йиғимларига оид қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

2 январь куни муҳокамаси тугайдиган қарор лойиҳаси солиқ қарзларини ундиришни банклар зиммасига юклаш¸ хусусан “қарздор жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини банк пластик карталаридан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда сўзсиз ундириб олиши”ни кўзда тутади.

Марказий банк ушбу қонун лойиҳасига қарши чиқди.

******

Мақола эълон қилингач, Ўзбекистон бош прокуратураси Бухоролик банкирларнинг Озодликка шикоятини ўрганиб, чиқиб, 27 декабрь куни қуйидагиларни маълум қилди:

Марказий банк бошқарувининг 29.06.2018 йилдаги “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир Йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги 3028-сонли Қарорига асосан ҳудудларда “сайёр касса”лар ташкил қилиш белгиланган.

Шунга асосан, Бухоро вилоятида аҳолига қулай шарт-шароит яратиш ҳамда тўловларни жойида қабул қилиш мақсадида ташкил қилинган “сайёр касса”лар орқали мол-мулк ва ер солиғи ҳамда бошқа тўловларни йиғиш, аҳолига солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича тарғибот қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Солиқ кодексига кўра жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқларни ҳар йили 15 октябрь санасига қадар тўлаш белгилаб қўйилган.

Бу жараёнда тўловларни ихтиёрий амалга оширган фуқаролардан пул маблағлари банк ходимлари томонидан жойида қабул қилиниб, банк хизматлари кўрсатилмоқда.

Вилоят прокуратураси томонидан бирорта ташкилот ёки корхона вакиллари, шу жумладан, банк ходимларини солиқ ундирувларини ундиришга мажбурий жалб қилиш бўйича топшириқ ёки кўрсатма берилмаган.

XS
SM
MD
LG