Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:59

Cенатор ҳоким буйруғи билан Пайариқ қишлоқлари беш кундан бери электрсиз яшамоқда


Самарқанд вилояти Пайариқ тумани қишлоқлари беш кундан буён электр токидан тамоман узилганича қолмоқда. Пайариқ электр идораси расмийлари трансформаторлар ўчирилганини тасдиқлар экан, бу тадбирнинг аҳолидан қарздорликни ундириш мақсадида бошланганини айтди.

Исми сир қолишини сўраган пайариқлик ўқитувчилардан бири Озодликка туман қишлоқлари беш кундан буён электр токидан узиб қўйилганини хабар қилди.

“Пайариқда бўлаётган ишларни Шавкат Миромонович билмаса керак ёки сенатор ҳокимимиз Абдумўмин Жўраев учун президент қарорлари аҳамиятини йўқотган. Чунки, бугунги бешинчи кун электрчилар светни трансформатордан узиб қўйган. Рўзадорлар бор, ёш болалар отравление бўлаяпти. Қарзи бор-йўқлигидан қатъий назар¸ ҳар бир хўжалик ҳисобидан 20 минг сўмдан йиғдираяпти. Агар шу пулни йиғиб берсак, светни ёқиб берар экан”, деб ёзди пайариқлик ўқитувчи.

Халқобод қишлоғидаги врачлик пунктида ишлайдиган ҳамширалардан бири ҳам электр токи билан ишлайдиган аппаратлар ўчгани боис, беморларни марказий касалхонага юборишаётганини айтди.

“Ўқитувчиларнинг ҳам, бизларнинг ҳам ҳар ойлигимиздан свет ва газ учун доим пул ушлаб қолинади. Шахсан ҳозир мен қарздор эмасман, балки улар қарздор. Боғчада, мактабда, коллежда, касалхонада ишлайдиганларнинг умуман қарзи йўқ. Лекин, бизнинг қишлоқда 8та трансформатор бўлса, ҳаммасини ўчирган. Маҳалла раиси ҳаммадан 20 минг сўмдан йиғдириб, банкка олиб бориб топширтираяпти", дейди ҳамшира.

Унинг айтишича, ëз кунида маҳсулотларнинг айниб қолиши ортидан болаларнинг овқат ва мевалардан заҳарланиш ҳолатлари кўпайган.

“Кеча бир фермернинг кичкина боласи ачиган мевани еб отравление бўлди. Ундан кейин яна бир катта одам ачиган овқатни еб заҳарланди. Уларни марказий касалхонага юбордик. Холодильниклар ишламаяпти. Ифтор ва саҳарлик пайтида светнинг йўқлиги, айниқса, рўзадор одамларни жуда қийнаб юбормоқда. Одамлар ифторлик қилса, движоклардан фойдаланаяпти. Бу катталар, инсофни ҳам еб, ютиб юборган шекилли. Ўзлари ва фарзандлари кондиционерлик уйларда мазза қилиб ётибдию, оддий халқ азоб тортмоқда”, дейди ҳамшира.

Пайариқ тумани Электр тармоқлари идорасининг ўзини таништирмаган мулозими, аҳоли ёппасига электр токидан узилганини тасдиқлар экан, бу туман ҳокимининг буйруғи билан бўлаётгани таъкидлади:

- Қарздорлик туфайли ҳамма трансформаторлар ўчирилган. Ҳоким шундай буйруқ берган, бажараяпмиз, деди мулозими.

Туман электр тармоқлари идораси бошлиғи Неъмат Галаваев эса Озодликка қишлоқларнинг ёппасига электр тармоғидан узилиши президент фармонига кўра амалга оширилаётганини иддао қилди:

- Бизда қарздор пулини тўламаса¸ ўчир деган қонун бор. Янги қонунга кўра, агар мижоз қарздор бўлса, узганимиздан кейин яна ёқиш учун қарзидан ташқари энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида пул тўлаши керак, деди Электр тармоқлари идораси бошлиғи.

Неъмат Галаваевнинг айтишича, ўзидаги рўйхат бўйича электрдан қарз бўлмаган хонадон йўқ ва шунинг учун ҳам токни трансформатордан ўчиришга қарор қилинган:

- Йўқ, йўқ, агар қарзсиз хонадонлар бўлса, ёппасига узишга ҳаққимиз йўқ. Биз дебитор қарзи бор бўлган қишлоқларни узаяпмиз. Оғиз очиш пайтидан то эрталаб соат 3 яримгача ёқиб бераяпмиз, деди Неъмат Галаваев.

Электр тармоқлари идораси бошлиғининг бу гапларини пайариқлик ҳамшира "мутлақ ëлғон" деб баҳолади.

“Бу одам ғирт ёлғон гапирибди. Электрга ортиқча юз-икки юз минг, ҳатто миллион сўмгача ортиқча пул тўлаб қўйганлар бизнинг қишлоқда жуда кўп. Яна "рўза кунида свет бераяпмиз"¸ деб ёлғон гапириб, гуноҳга ботибди. Мана бугун бешинчи кун, бир грамм ҳам свет бергани йўқ”, деди пайариқлик ҳамшира аëл.

Пайариқ тумани ҳокими сенатор Абдимўмин Жўраевнинг мобил телефони ўчирилгани боис, у билан боғланиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29-майда имзолаган фармони билан аҳолининг дебиторлик қарзини тўлатиш борасида куч ишлатар идоралари олдига қаттиқ талаблар қўйган эди.

Бу фармонга биноан, бундан буён қарзларни тўлатиш билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида ташкил этиладиган Мажбурий ижро бюроси шуғулланади.

XS
SM
MD
LG