Наманган вилояти Поп тумани фермерлари буғдой ва пахта тайёрлаш контрактация шартномасининг бўш бланкасига имзо ва муҳр босишга мажбурланди. Бу ҳақда Озодликка 21 февраль куни туман маданият саройига чақиртирилиб имзо қўйишга мажбурланган фермерлар айтди. Туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси мулозими Қаҳрамон Қурбонов фермерлар иддаоларини инкор қилди.
Бўш бланкали шартнома
Фермерларнинг Озодликка айтишича, Поп туманидаги 300 нафардан ортиқ фермер 21 февраль куни эрталаб туман маданият саройига шошилинч тарзда чақиртирилиб, улардан аввалдан тайёрланган, лекин ҳар гектардан олинадиган ҳосил центнери кўрсатилмаган бўш контрактация шартномаларига мажбурий тарзда имзо ва муҳр қўйдириб олинган.
Бу ҳақда Озодликка арз қилган фермерларнинг айтишларича, йиғилишга келмаган яна 200 нафар фермер милиция ходимлари томонидан мажбуран олиб келинган.
Маданият саройига "қамалган" фермерлар
Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, бўш бланкадаги шартномани имзоламагунча, бирорта ҳам фермерга кетишга рухсат берилмаган:
“Маданият саройига қамаб олиб ҳеч нарса ёзилмаган шартнома қоғозига муҳр ва қўл қўйдириб олишди. Агар имзолаб бермасанг ерингни оламан, деб таҳдид қилишди. Фермерлар шартномада нима ёзилишини, қанча план қўйилганини, қанча пахта экиш кераклигини ҳам билмайди. Қишлоқ хўжалик бошқармасига Қаҳрамон Қурбонов ишга келганидан кейин, икки йилдан буён шундай ҳолат бўлмоқда”, дейди фермерлардан бири.
Фермернинг айтишича, улар уч нусхадаги шартномага имзо ва муҳр қўйиб берган:
“Ҳозир бизнинг қўлимизда шартноманинг бирорта ҳам нусхаси қолмаган. Ҳаммасини олиб кетишди. Ўзлари гектар ва планни қўйиб кейин май ойларида бизга қайтариб беришади, ўтган йил ҳам шундай бўлган эди”, дейди фермер.
"Мирзиёевнинг айтганини эмас, ўз билганини қиладиган ҳокимлик"
Ўша кунги йиғилишда иштирок этган бошқа бир фермернинг айтишича, президент ердан оқилона фойдаланиш, пахта кам ҳосил берадиган ерларда бошқа экинларни экишни тавсия қилиб турган бир пайтда, туман ҳокимлиги яна ўз билганича иш тутмоқда:
“Бу ҳокиму мулозимлар на фермернинг фикрига қулоқ солади, на ернинг қанча ҳосил бериш имконини ҳисобга олади. Қонун бўйича шартнома икки томон манфаати ҳисобга олинган ҳолда тузилиши керак. Лекин Қаҳрамоннинг ўз мустақил ҳокимияти борлиги сабабли бу қонунлар оёқ ости қилиняпти. Бундай зўравон сиёсат натижасида шартномада ошириб кўрсатилган режани бажаролмай, юзлаб фермерлар ишни ташлаб кетди”, дейди фермер.
Қурбонов: Бўш бланкага имзо қўйдириш бўлмади
Фермернинг айтишича, Қаҳрамон Қурбонов ўтган йили қишлоқ хўжалигидаги қонунбузарлиги учун судланган ва суд уни раҳбарлик лавозимларида уч йил ишламаслик ҳақида қарор чиқарган бўлса ҳам у мансабида қолмоқда.
Қаҳрамон Қурбонов Озодлик билан суҳбатда аввал ўзини бошқарма раҳбари ўринбосари деб таништирган бўлса, унга раҳбарлик лавозимида уч йил ишламаслиги ҳақида суд қарори борлигини Озодлик эслатганидан сўнг, “бошқармада ўринбосар эмас, оддий мутахассисман”, деди. Айни пайтда у судлангани ва раҳбарлик лавозимида ишламаслиги ҳақида суд қарори борлигини тасдиқлади.
Қурбонов Озодликнинг фермерлар иддаолари борасидаги саволига жавоб берар экан, бўш бланкага имзо қўйдириш ҳолати бўлганини инкор қилди:
“Бундай бўлиши мумкин эмас. Биз заводга размешенияларни берганмиз, размешенияда гектари, центнери турибди. Ҳеч ким уларга пустой шартномага қўл қўй, муҳр бос деган жойи йўқ, ҳеч ким уларни зўрлаган йўқ. Шартнома илгари тузилган, янгилаганимизнинг сабаби пахтани нархи ўзгарди. Нархни янгиладик, холос. У ерда пахта заводи вакиллари турди, бизнинг вазифамиз фермерларни ташкиллаштириш бўлди”, деди мулозим.
Наманган вилоятининг айнан Поп туманида ўтган йили ҳам фермерларнинг бўш контрактация шартномаларига мажбуран имзо ва муҳр қўйдирилгани ҳақида ўтган йилнинг январь ойида Озодлик хабар берган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2016 йил якунларига бағишланган йиғилишда фермерларнинг шартномалар бўш бланкаларига мажбуран қўл қўйдириб олиш ҳолатлари борлигини айтиб, буни танқид қилган эди:
“Мана, фермерларнинг ўзидан сўрайлик. Охирги ўн йилда химия маҳсулотларини ўн марта оширгансиз. Бечора фермер химияни (минераль ўғитлар – таҳририят) оладида, ҳеч қаерга қўл қўймайди. Охирида хоҳлаган нархни қўясизларда қўл қўйдириб оласизлар. Оқибатда фермернинг дебиторлик қарзи ошиб кетади. Мен сизлар билан (бундай шароитда – таҳририят) қандай ишлай оламан”, деган эди президент.