Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:41

Эри Ҳажга кетган аёл кундошини икки боласи билан ёқиб юбориб, ўзи ҳам куйди


Бу суратнинг воқеага алоқаси йўқ.
Бу суратнинг воқеага алоқаси йўқ.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшайдиган аёл ўғли билан бирга Қумқўрғон туманидаги кундошини ўлдириб, икки ёш боласи билан ёқиб юборганликда гумонланяпти. Прокуратурадан олинган маълумотга кўра, кундошининг уйига ўт қўйиш жараёнида аёл ва жиноят содир этишда унга ёрдам берган ўғли ҳам қаттиқ куйиш жароҳати олган. Икки хотинли эр эса айни пайтда Ҳаж сафарида эканлиги айтилади.

Қумқўрғон туманининг Багара маҳалласида истиқомат қиладиган тадбиркор Холмурод Бўроновнинг иккинчи хотинини кундоши ва унинг ўғли уриб ўлдирган ва икки нафар фарзанди билан ёқиб юборган.

Озодлик тингловчиларидан бири юборган бу хабарни Сурхондарё вилояти прокуратураси тасдиқлади.

Эри Ҳажга кетган аёл кундошини икки боласи билан ёқиб юбориб, ўзи ҳам куйди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Исми сир қолишини сўраган прокуратура мулозимига кўра, бу жиноят 30 августдан 31 августга ўтар кечаси содир бўлган:

“Холмурод Бўронов асли жарқўрғонлик. Ўзи тадбиркор. Қурилиш моллари сотади. Унинг катта хотини Назира Тошмуродова кундоши Раъно Абдумўминовани уриб ўлдирган ва уни икки боласи билан ёқиб юборган. Бу воқеада катта хотин ва жиноятни содир этишда унга ёрдам берган 18 яшар ўғли Элмурод Бўронов ҳам куйиш жароҳати олган”, деди мулозим.

Воқеадан яхши хабардор, исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, Холмурод Бўроновнинг иккинчи хотини ҳам асли жарқўрғонлик бўлиб, уни Қумқўрғон туманидаги Багара маҳалласидаги уйга кўчириб келган:

“Бу хотинидан 4 яшар қизи ва 2 яшар ўғли бор эди. 31 августга ўтар кечаси, Жарқўрғондаги катта хотини ўғли билан кундошининг уйига келади. Катта хотин кундошини уриб ўлдиради ва жиноят изини яшириш мақсадида уйга газ конденсати сепиб ўт қўяди. Лекин, олов ўзига туташиб кетади. Ўғли эса ёнаётган онасини ўчиришга ҳаракат қилади ва оқибат ўзи ҳам қаттиқ куйиш жароҳати олади. Улар Жарқўрғонга қайтгач, оғриққа чидай олмай шифохонага мурожаат қилади”, дейди маҳалла фаоли.

Унинг айтишича, ёнғин ярим тунда юз бергани учун уни ўчириш имкони бўлмаган:

“Ёнғинни маҳалламиз участка нозири узоқдан кўриб қолиб, ўт ўчирувчиларга хабар берган. Ўт ўчирувчилар етиб келганда бутун уй олов ичида эди. Икки соатда ўчиришди. Эрталаб экспертлар келиб, жасадларни топишди. Келин ва унинг икки боласи жизғанаги чиқиб куйиб кетган экан”, деди маҳалла фаоли.

Жарқўрғон тумани касалхонасининг ўзини таништирмаган мулозимининг айтишича, Назира Тошмуродова қарийб 70 фоиз, ўғли Элмурод Бўронов 35 фоиз куйиш жароҳати олган:

“Ҳозир опанинг аҳволи оғир, секин-секин шок ҳолатдан чиқяпти. Ўғлиники енгилроқ, даволаяпмиз”, деди шифокор.

Шифокорнинг айтишича, қотилликда гумонланаётган бу икки бемор палатаси милиция ходимлари томонидан қўриқланяпти.

Воқеа юзасидан Қумқўрғон тумани прокуратураси жиноят иши очган.

Ўзбекистонда август ойида Озодлик хабар топган ана шундай учта воқеа юз берди.

Бундан икки ҳафта аввал Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайнонаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиб юборган, оқибатда 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлган эди. Аёлнинг 9 яшар ўғил куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Жорий йилнинг 19 август куни Фарғонанинг Бағдод тумани, Олчин қишлоғида 51 ёшли ота 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборган эди. Ота жиноят жойидан ғойиб бўлган ва кейинчалик ушланиб, ҳибсга олинган. Жабрланувчи ўғил танасининг 70 фоизи куйиб, оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

XS
SM
MD
LG