Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:05

Ўқитувчилар “Навбаҳор” футбол клуби учун ҳомийликка мажбурланмоқда


"Навбаҳор" стадиони
"Навбаҳор" стадиони

Наманган вилояти футбол клуби “Навбаҳор”ни молиялаш учун ўқитувчилардан мажбурий пул йиғилаётгани ҳақида Тўрақўрғон тумани мактабларидан бирида ишлайдиган муаллим хабар қилди. Озодлик суҳбатлашган бошқа ўқитувчилар ҳам “Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси”га мажбурий пул йиғилганидан сўнг, навбат “Навбаҳор”ни ўқитувчилар ҳисобидан молиялашга келганини айтди.

Тўрақўрғон туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг айтишича, туман ҳокими барча мактабларга “Навбаҳор” футбол клуби учун пул йиғиш топшириғини берган:

“Мактабимиз директори бугун туман ҳокимининг навбатдаги буйруғини айтди. Биз, ўқитувчилар “Навбаҳор” футбол клуби учун 17 минг сўмдан топширишимиз керак экан. Нега 15 ёки 20 минг эмас, балки 17 минг сўмдан деб сўрасак, туман топшириши керак бўлган пулни барча мактаблар ўқитувчиларига бўлиб чиқса, 17 минг сўмдан тушар экан. Энди биз пластик карточкаларимиздан 17 минг сўмни бир кишининг карточкасига “клик” қилиб ўтказишимиз керак экан, у кейин бориб “Агробанк”ка ўтказиб келади экан”, деди ўқитувчи.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўқитувчининг айтишича, ҳар ой улар маошининг 10 фоизи ана шундай мажбурий тўловлар учун сарф бўлади:

“Буни қаранг, бизда водопровод йўқ, каналдан сув ичамиз. Лекин ўқитувчилар ҳар ой 10 минг сўмдан ичимлик сув учун пул ўтказиши керак экан. Болалар спортига деб яқинда ҳар бир ўқитувчидан 32 минг сўмдан олишди. Ўтган йилнинг охирида “Аква” лампочкаларидан 2 тадан сотиб олишга мажбурлашди. Бунга ҳам 40 минг сўм кетди. Куни кеча эса Наманган шаҳри ҳақида кимдир, қанақадир китоб чиқарибди. Шунга ҳам мажбур 15 минг сўмдан тўлаттирди. Ўқитувчининг маоши ўзи бир тутам, лекин ҳокимият бизни текин мардикорга айлантиргани етмагандек, энди ҳар ой турли хил тадбирлар ва хайрия фондлари учун маошимизнинг камида 10 фоизини уриб қолмоқда”, деди ўқитувчи.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ўқитувчиларга турли хил ўлпонлар солинаётганини тасдиқлади:

“Тўғри, яқинда “Болалар спортини ривожлантириш” жамғармасига деб барча бюджетдаги ташкилотлардан пул йиғиб бердик. Энди, “Навбаҳор” футбол клуби учун йиғинглар, деган топшириқ келган. Энди бу, элга келган тўй. Ҳар йили бўладиган нарса. Вилоят ҳокимининг буйруғини биз бажаришга мажбурмиз”, деди ҳокимлик мулозими.

Озодлик “Навбаҳор” футбол клуби билан ҳам боғланди. Ўзини клуб раҳбари ўринбосари Муҳиддин деб таништирган мулозимнинг айтишича, вилоят ҳокимлиги “Навбаҳор”нинг ҳомийси сифатида бу ишларни амалга оширяпти:

“Вилоят ҳокимлиги бизнинг ягона ҳомий ҳисобланади. Энди у кимдан йиғяпти, қандай йиғяпти бизнинг хабаримиз йўқ. Лекин клуб ўзини ўзи таъминлай олмаслиги аниқ. Ҳозир командамизнинг аҳволи яхши эмас. Ўйинларга жуда нари борса 2-3минг мухлис келяпти”, деди клуб раиси ўринбосари.

Озодлик суҳбатлашган ўқитувчилар “Навбаҳор” ўйинларини доим томоша қилиш учун чиқарилган абонентлик чипталари уларга ўтган йили мажбуран сотилганини айтди.

Наманган вилояти ҳокимлигидан ўқитувчиларнинг мажбурий ҳомийликка мажбурланаётгани масаласига муносабат олишнинг имкони бўлмади.

“Навбаҳор” футбол клубини молиялаштиришга бюджет ташкилотлари ходимлари ва тадбиркорларнинг мажбурланаётгани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG