Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:27

Ғуломжон Ëқубов: Қўшиқчи саҳнада шаклланади¸ тўйда эмас!


Ғуломжон Ëқубов
Ғуломжон Ëқубов

Ўзбекистон халқ артисти, Ғуломжон Ëқубов Озодлик билан суҳбатда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида” ҳозирланган қарор лойиҳасига ижобий муносабат билдирди.

68 яшар таниқли ҳофиз¸ “кичик тўйлар ўтказиш ва бу тўйларда иштирок этадиган қўшиқилар сони максимум кам бўлиши зарурлигини” таъкидлади.

Тошкентда дув-дув гап бўлган тўй

Дабдабали тўйларни чеклаш масаласи муҳокама бўлаëтган бир пайтда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Ҳолиқов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилова каби санъаткорлар берган дабдабали тўйлар ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида қизғин муҳокама бўлди.

Тармоқ юзерлари бу икки санъаткорнинг “камтарликдан ҳоли” тўйларини “президентнинг гапини писанд қилмаслик“ деб баҳолашди.

Морис Дрюон исмли Facebook юзери¸ солиқдан озод қилинган қўшиқчиларнинг жамоатчилик фикрига беписандлигини танқид қилади:

Ашула айтади фонограммадан, бўлди. Моддий бойлик яратмаса, илмий бир кашфиëт қилмаган бўлса, давлатнинг бир арбоби бўлмаса-ю солиқ ҳам тўламаса. Айтингларчи, қайси бир жиҳатлари туфайли бундай дабдабали тўй қилишга маблағ топади булар. “Артист” бизнинг ҳисобдан солиқсиз тўй пулини тўплаб бизларга оёғини тирайди энди. Бу Рашид дегани нима ҳиммат кўрсатган ўзи, бошқа артистларчи?” дейди юзер.

Аммо Дилором Шахавутдинова исмли Facebook юзери дабдабали тўйлар тарафдори эканлигини ўз битикларида таъкидлайди:

- Рашид Ҳолиқов ҳам, бошқа санъаткорлар ҳам ҳозир тергови кетаётган чиновникларга ўхшаб ўғирлик қилибдими, таъмагирлик қилиб катта-катта поралар олибдими, тавба. Тўйларда қанча-қанча одам хизмат ва меҳнат қилиб, фойдаланиб пул топаяпти, оила , рўзғор, тирикчилигини ўтқазаяпти-ку ?! Кейин, орзу-ҳавасли тўйни қайсидир даражада ҳамма қилади, ўғил-қизи учун, ҳатто, қурби етмаганлар ҳам орзу қилади, орзуга эса айб йўқ. Ишқилиб тўйлар бўлаверсин, - дея ëзади юзер.

"Гап уқмаслар" жазоланади

Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозимининг 10 апрель куни Озодликка айтишича ¸”Тўйларни тартибга солиш ташаббуси билан чиққан президент Мирзиëевни сўзда қўллаб-қувватлаб амалда тескари иш қилган қўшиқчилар жазоланади”

Ҳали тўйни чекловчи қонун кучга кирмаган бўлса ҳам¸ президентнинг Навоий вилоятидаги гапининг ҳовури совумаган. Президент гапини бир тийинга олмай ўз билганимни қиламан деган санъаткарларнинг лицензияси олиб қўйилиши масаласи кўрилмоқда,” - деди исми сир қолишини сўраган мулозим.

Ҳали чеклов қонуний тус олмади

Ўзбекистон президенти жорий йилнинг март ойи бошида Навоий вилоятига сафари чоғида тўйлардаги дабдабага чек қўйиш фурсати келганини айтиб, буни амалдорлардан бошлашини таъкидлаганди.

Мирзиëев “тўйлардаги меҳмонлар сони 150 кишидан ошмаслиги, ортиқча сарф-харажат бўлган маросимлар ўтказилмаслигини” айтган эди.

Бунинг ортидан 15 март куни “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қарори Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Артистлар норозими?

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғуломжон Ëқубов "Ўзбекконцерт" давлат муассасасида 30 март куни санъаткорлар иштирокида "Тўй-ҳашамларни тартибга солиш тўғрисида"ги қарор лойиҳаси муҳокама қилингани ва "барча қўшиқчилар бир овоздан" Мирзиëевнинг тўйларни чеклаш фикрини қўллаб-қувватлаганлигини айтади.

Аммо, Озодлик билан суҳбатлашган санъаткорларнинг аксари дабдабали тўйлар санъатни таъминлаб турадиган асосий иқтисодий пойдевор эканлигини айтишди.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган қўшиқчи аëлга кўра¸ муҳокамадаги қонун лойиҳаси хонандаларнинг норозилигига сабаб бўлган ва улар бу қарор қабул қилинса, қўшиқчилик санъати ривожланмай қолади, деб мажлисда очиқ айтишган.

Санъаткорларнинг "тўй чеклови"дан норози бўлганини "Ўзбекконцерт" мулозими ҳам Озодликка тасдиқлади.

Тўй совғалари
Тўй совғалари

Тўй ижоднинг дўстими ë душмани?

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғуломжон Ëқубов ўзининг 45 йиллик ижодий тажрибасига асосланиб, “Қўшиқчини тўй эмас, саҳна шакллантиради,” дея таъкидлади.

Суҳбатдош етмишинчи йиллардаги тўйларда бир ўзи тўрт соатлаб қўшиқ айтганлигини эслади:

- Жонли айтардик¸ айтган сари овоз очиларди. Ҳозир тўйга югуриб бориб, иккита қўшиқ айтиб, бошқа тўйга шошиб туришади. Бу югур-югур санъатни ривожлантиради, деган фикрдан йироқман, - дейди қўшиқчи.

Тўй бизнеси зарар кўради

Тошкентлик 38 яшар фотосуратчи Фазлиддин ўз ëрдамчилари билан Love Story (Келин-куëвнинг тўй олди висол онлари) суратга туширади.

Матбуотда Love Story “оммавий Ғарб маданияти” дея тамғалангани ортидан Фазлиддин буюртмалари камайиб кетганини айтди.

Озодлик билан суҳбатда Фазлиддин Love Storyни қутқариш учун “Ўткан кунлар” киноси услубидаги миллий услубга ўтгани ҳам фойда бермаганини эътироф этди.

Фазлиддин энди ўз бизнесини қўшни Қозоғистонга кўчириш ниятида эканини айтди.

Унга кўра, 2017 йилди Love Story "бозори чаққон" бўлган.

Ўтган йили турмуш қурган Нигора исмли Тошкентлик келин Love Story учун 60 миллин сўм тўлаганини эслади.

Ўз тўйига 40 минг АҚШ доллари сарфлаган суҳбатдошга кўра¸ битта тўй атрофида ўнлаб касб-ҳунар эгалари тирикчилик қилади:

- Декоратор¸ саҳнани гул билан безовчи¸ чироқ устаси¸ тарвуз ва меваларни гул қилиб кесадиган ва муздан ҳайкал қиладиган рассомлар. Сартарош¸ чевар ва қандолатчилар. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон президенти “дабдабали тўй” деб атаган тадбирнинг ажралмас компонентларидир. Буларсиз тўй тўйдай бўлмайди¸ - дейди Нигора.

Ўхшаш фикрни таниқли рассом ва либос дизайнери ўзининг Facebook саҳифасида ҳам ëзган эди.

"Мен прогрессив Президентимизнинг кечаги фармонини тушунмадим. Нимага тўй индустриясини бузиш керак?" - дея савол қўяди рассом.

Унга кўра¸ тўй индустрияси яратган ўнлаб иш ўринлари боис бутун бошли оилалар тирикчилик ўтказмоқда:

"Артистлар, қўшиқчилар, раққослар, ўртакашлар, сценарийчилар, шоирлар, рассомлар, дизайнерлар, флористлар, сураткашлар, операторлар, видеоинженерлар, тикувчилар, моделлар, ҳунармандар, мебелчилар. Шунингдек, ресторан аҳли: ошпазлар ва официантлар. Полиграфиячи? Ва албаттаки, оддий ҳаммоллар, ҳайдовчилар ва фаррошларни ҳам алоҳида санаб ўтиш жоиз!" - дея ëзади рассом.

Унинг ëзишича¸ бой оиланинг тўйида хизмат қилганлар иш ҳақини олиб, оиласига егулик, кийим, дори-дармон харид қилади.

Озодлик билан ëзишган рассом “Чегарадан ошиб-тошиб кетган тўйларда хизмат қилаëтганларни ишсиз қолдирмаслик керак” дея таъкидлади.

Ўзбекистонда тўйлардаги дабдабани камайтириш ўтган асрдан баён муҳокама қилиниб келинадиган мавзу.

Лекин бу мавзу муҳокамаси фонида тўйларда дабдаба яна ошгани кузатилади.

XS
SM
MD
LG