Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:01

Мирзиëев сафаридан сўнг Ўзбекистон Корея учун бизнес ҳудудига айланиши мумкин (ВИДЕО)


Президент Шавкат Мирзиëев ва рафиқаси Сеулда давлат ташрифи протоколида кўзда тутилган даражада кутиб олинди.
Президент Шавкат Мирзиëев ва рафиқаси Сеулда давлат ташрифи протоколида кўзда тутилган даражада кутиб олинди.

Ўзбекистон президентининг 22 ноябрь куни Жанубий Кореяга бошлаган давлат ташрифи арафасида Сеул ҳукумати билан иқтисодий ва инвестицион лойиҳалар юзасидан сўзлашувлар ўтказган Тошкент расмийлари юзлаб миллион долларлик келишувларга эришилгани ҳақида ҳисоб беришга киришди.

22 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Корея Республикасига келди.

Сеул аэропортида Ўзбекистон Президенти ва рафиқаси давлат ташрифи протоколига мувофиқ фахрий қоровул билан қарши олинди.

Президент матбуот хизматига кўра¸ Ўзбекистон президентининг Сеулда ўтказадиган музокаралари давомида “сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.”

Президент Мирзиëевнинг ташриф давомида Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин¸ парламент раиси Чон Сэ Гюн ва Бош вазир Ли Нак Ён билан учрашиши¸ Ўзбекистон-Жанубий Корея бизнес форумида қатнашиши кутилмоқда.​
Мирзиëевга совға?

Мирзиëев сафари арафасида Hyundai корпорацияси президенти ва Ўзбекистон Инвестиция бўйича давлат қўмитаси раҳбари корея автомобилларини Ўзбекистонда йиғишни йўлга қўйиш юзасидан ўзаро англашинув меморандуми имзолади. Агар бу меморандум амалий шартномага айланса¸ Hyundai корпорацияси Ўзбекистонда 200 миллион долларлик лойиҳани бошлаши мумкин.

Айни пайтда “Ўзкимëсаноат” ва Жанубий Кореянинг Samsung Engineering корпорацияси Ўзбекистонда жами қиймати 556 миллион долларга тенг тўртта лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув имзолагани ҳам Мирзиëев сафари бошланган кунда эълон қилинди.

Томонлар келишувига мувофиқ¸ бу сармоянинг “Фарғонаазот” ва Олмалиқ заводларини модернизация қилишга сарфланиши кутилмоқда.

Шунингдек¸ “Ўзбекенгилсаноат” ширкати ҳам 21 ноябрь куни Кореядаги етакчи савдо корхонаси ҳисобланган Posco Daewoo, Color Paradise, Solsang International Corp, Ratel E & T Co., Ltd., Korea Factory ва Lotte Mart савдо тармоғи билан 2018 йил охирига қадар 70 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилиш бўйича келишувга эришган.

Мирзиëевнинг Кореяга ташрифи самарали бўлишидан берилган навбатдаги хабарда Кореядаги Jeil Construction ширкатининг Тошкентда энергия тежаладиган уйлардан иборат эко-қишлоқ қуриш режаси ҳам эълон қилинди.

Бундай қишлоқ қуриш учун лозим 6 миллион долларнинг Корея ширкати ëтқизадиган тўғридан-тўғри сармоя бўлиши айтилмоқда.

Ўзбекистонда янги тузилган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳам Мирзиëев сафарига ҳозирлик доирасида ўтказилган сўзлашувлар натижасини айнан сафар бошланган 22 ноябрь уни эълон қилди. Унга кўра¸ Кореянинг «Dalim BioTech», «Yuhan Corporation» ва «Erae» каби компаниялари билан юқори натижали дори-дармонларни ишлаб чиқаришга қаратилган 25 миллион долларлик инвестицион келишув имзоланган.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, «Dalim BioTech», «Yuhan Corporation» ва «Erae» каби йирик компаниялар билан битимлар тузилган. Томонлар инвестицион лойиҳаларнинг тезкор амалга оширилиши бўйича келишувга эришди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Инвестиция давлат қўмитаси ҳамда Жанубий Корея томони ўртасида келишув тузилганига оид хабарда қайд этилишича¸ Поҳанг политехника университети умумий қиймати 100 миллион долларлик лойиҳа асосида Ўзбекистонда ўз филиалини ташкил этади. Шунингдек, Сувон шаҳрида жойлашган Ажоу университети ҳам Ўзбекистонда ўз филиалини очиш истагини билдирган.

Сармоя¸ сармоя ва яна сармоя

Президентлик вазифасини вақтинча бажаришни бошлаши билан мамлакатдаги иқтисодий аҳволнинг оғирлигини эътироф этган Шавкат Мирзиëев¸ вазиятни яхшилаш¸ хусусан¸ мамлакатдаги ўта жиддий ишсизлик муаммосига ечим топишнинг асосий йўли хориж инвестициясини Ўзбекистонга жалб этиш эканини таъкидлаб келмоқда.

Ҳукумат раҳбарлари¸ вазирлик ва давлат корхона раҳбарларига берган топшириқларида ҳам президент¸ уларнинг асосий вазифаси мамлакатга сармоя олиб келиш эканини айтмоқда¸ раҳбарлар фаолиятининг ҳам улар жалб қилган инвестиция миқдорига қараб баҳоланишини урғуламоқда.

Бундай топшириқ ва буйруқлар ортидан¸ Мирзиëевнинг хориж давлатларига қилаëтган сафарлари арафасида вазирлик ва давлат корхоналари раҳбарларининг мезбон давлатдаги ширкатлар билан катта инвестициявий лойиҳаларга оид келишувлар имзолагани ҳақида ҳисоб бериши урфга кириб бормоқда.

Хусусан¸ Мирзиëевнинг Россияга қилган давлат ташрифи арафасида қарийб 16 миллиард долларлик инвестициявий ва савдо келишувларига эришилгани¸ Туркия сафари давомида эса¸ 3¸5 миллиард долларлик битимлар имзолангани тантанали хабар қилинган эди.

Аммо қанчаси шунчаки ният¸ қанчасининг легал ҳужжатда муҳрланган аниқ шартномалар экани очиқланмаган бу миллиардлаб сармоянинг Ўзбекистонга кирган-кирмагани¸ кирган бўлса¸ амалда қанча иш ўринлари яратганига оид ҳисобот ҳозирча жамоатчиликка берилган эмас.

XS
SM
MD
LG