Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:46

Президентнинг катта куëвига ўтган Uzcard минглаб тўлов терминалини яроқсизга чиқарди


Тадбиркорларга сотилиб¸ кўп ўтмай яроқсизга чиқарилган Uzcard терминаллари сони бир неча минг экани айтилмоқда.
Тадбиркорларга сотилиб¸ кўп ўтмай яроқсизга чиқарилган Uzcard терминаллари сони бир неча минг экани айтилмоқда.

Озодликка Самарқанд ва Сурхондарë вилоятларидан мурожаат қилган хусусий тадбиркорлар¸ икки йил олдин 3 миллион сўмга сотилган Uzcard терминали яроқсизга айлангани ва янгисини олмаса савдо қила олмаслигини билдирди.

Uzcard ва бир қатор тижорат банки расмийлари¸ серия рақами 325¸326¸327 бўлган бир неча минг терминал¸ уларга янги дастур ўрнатиш имкони йўқлиги боис¸ муомаладан чиқарилганини тасдиқлади.

Тижорат банки¸ қолаверса¸ Марказий банк мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда¸ янги терминалларнинг тадбиркорга банк томонидан бепулга берилиши¸ агар қайсидир банк бу терминални сотаëтган бўлса¸ уларга чора кўрилишини билдирди.

Uzcard акцияларининг 75 фоизи ўтган ой президент Шавкат Мирзиëевнинг катта куëви¸ асосан¸ давлат тизимларида ишлаб келган Ойбек Турсуновга ўтди.

Оддий тадбиркорлар¸ минглаб терминалнинг яроқсизга чиқарилиб¸ улар ўрнига Хитойдан олиб келинган арзон терминалларни қимматга сотиш жараëнини Uzcard эгасининг алмашинуви билан боғлади.

Тадбиркорлар мурожаати

Озодликка¸”ниҳоятда қудратли одамлар ҳақида гапириш” оқибатидан чўчиб шахсини очиқламасдан мурожаат қилган самарқандлик тадбиркор, айтишича¸ чакана савдо билан шуғулланади.

Мен сизга Uzcard компаниясининг янги найранги ҳакида маълумот бермоқчиман. Компания амалдаги терминалларни яроқсиз килиб қўйяпти. Банкдан сўрасак¸ Uzcard бу терминаллар фаолиятини блоклаяпти, мусорга ташлайверинг¸ энди яроқсиз, дейишди. Олдингисини икки йил олдин 3.000.000 атрофида олганман, янгисини олмасам савдо камайиб кетади ва мижозлар жалоба қилишса¸ катта жарима тўлайман. Ишлаб турган терминалимизни блоклаб¸ яроқсиз ҳолатга келтириб¸ янгисини олишга мажбурлашяпти. Янгиси 3.600.000 сўм! Банк бизга хоҳланг нақдга¸ хоҳланг кредитга олинглар деяпти. Humo терминалини бепул беришган. Ўзи карантинда савдо қилмасдан¸ касод бўлдик. Энди ишлаймиз десак¸ бу ғирромлик бўляпти”¸ дейди самарқандлик дўкон эгаси.

Айни масалада Озодликка боғланган сурхонлик тадбиркор ўзининг ишлаб чиқариш ва савдо соҳасида фаолият юритиши¸ бир неча йил олдин сотиб олган терминали айни кунда яроқсиз бўлгани ортидан¸ фаолияти деярли тўхтаб қолганини айтади.

Бизда иккала терминал ҳам бўлиши керак. Бўлмаса¸ солиқчилар катта жарима солади. Ҳозир на янги терминал сотиб оладиган¸ на жарима тўлайдиган ҳолдамиз. Банкка буни тушунтирсак¸ бу Uzcardнинг иши¸ бизнинг алоқамиз йўқ¸ деяпти".

Uzcard нима дейди?

15 июнь куни Uzcard компаниясининг Озодлик боғланган терминаллар бўлими ходими¸ серия рақамлари 325¸326¸327 бўлган терминалларнинг “списать қилиниб¸ ишдан чиқарилганини” билдирди.

Бу терминаллар янги программани қабул қилолмайди. Ўшани энди банкларга бориб¸ янгилаши керак. Янгилашни биз¸ яъни Uzcard айтаяпмиз. Лекин терминални бизданмас¸ банкдан олишади”.

Бу суҳбатдош¸ янги дастурий таъминот ўрнатиладиган янги терминалларни Uzcard банкларга қанчадан сотиши¸ жами қанча терминалнинг янгиланиши ҳақидаги саволларни “биз бунақа саволларга жавоб беролмаймиз” деб очиқ қолдирди.

Банклар нима дейди?

Озодликка Uzcard терминалларининг блоклангани ҳақида хабар юборган самарқандлик тадбиркор¸ айни масалада тижорат банкларидан бирининг тўлов терминаллари учун масъул ходими билан суҳбатини ҳам матн¸ ҳам аудио шаклида тақдим қилди.

Бу мулоқотларда банк масъули¸ терминалларнинг Uzcard талаби билан блоклангани ва тадбиркорларнинг янгисини сотиб олишдан бошқа чораси йўқлигини айтади.

Булар энди ишламайди. Уч ой вақт бериб келди¸ энди ўчириб қўйди. Ëқмайди энди. Буларнинг серия рақами эскирган¸ янгисини оласиз. Бизнинг банкда бор. Кредитга олсангиз ҳам бўлади. Нақдга ҳам бор. 3 миллион 600 минг сўм”¸ дейди тадбиркор мурожаатига жавоб қилган тижорат банки ходими.

Озодлик боғланган “Миллий банк”нинг тўлов терминаллари учун масъули бутун Ўзбекистон бўйича 325¸326 ва 327 серия рақамли Uzcard терминаллари фаолияти тўхтатилганини тасдиқлади.

Тадбиркорлар терминали блок ҳолатга тушиши сабаби Unionpay программасидан бошқасига алмаштириш керак. Tадбиркор терминалини банкка олиб келади, банк бошқа программага алмаштириб беради ва бунинг учун ҳеч қандай банк хизмат ҳақи олинмайди.

Лекин 325¸ 326¸ 327 серияли терминаллар бор¸ уларнинг версияси эски бўлгани учун бундай программа ўрнатиб бўлмайди¸ фақат янги терминалга алмаштириш керак. Шунда ҳам янги терминални банк мижозга ижарага бериш асосида тақдим қилади. Сиз айтаëтган 3 600 000 тўлов¸ адашмасам терминал тадбиркорга шахсий қилиб сотилса керак. Бундан хабарим йўқ¸ сабаби бизнинг банк терминал сотмайди”¸ деди “Миллий банк” ходими.

“Ипотека-банк” ходими ҳам Uzcard тўлов терминалларининг эскиргани боис¸ уларнинг яроқсизга чиқарилганини таъкидлади.

Марказий банк изоҳи

Ўзбекистон Марказий банки расмий сайтида қўйилган “Тўлов тизимлари операторларининг РЕЕСТРИ”га кўра¸ мамлакатда фақат иккита шундай оператор бор. Улардан бири UZCARD, иккинчиси эса¸ HUMO бренди остида фаолият юритади.

Марказий банкнинг тўлов тизимлари учун масъул бўлими мутахассиси Озодликка ҳозирги кунда мамлакатда 420 мингдан ошиқ тўлов терминали фаолият кўрсатаëтгани ва улардан 220 мингдан ошиғи Uzcardга қарашли эканини билдирди.

Бу терминаллардан айнан қанчаси 325¸326 ва 327 серия рақамига эга¸ аниғини айтолмайман. 2 мингдан кўп¸ 10 мингдан кам¸ десак хато бўлмайди”.

Марказий банк расмийси¸ 2020 йил 2 мартдан бошлаб мамлакатнинг барча савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун ўрнатилган тўлов терминаллари инфратузилмасида савдо тушумининг 0,2 фоизи миқдорида воситачилик ҳақи киритилиши тўғрисида қарор қабул қилинганини таъкидлади.

Бу тўлов терминали тадбиркорга бепул ижарага берилади¸ унинг ҳақи ана шу 0¸2 фоизлик чегирмадан чиқарилади¸ деганидир. Агар тадбиркорлар бизга қайси банкнинг тўлов терминалини 3 миллион 600 минг сўмга сотиб олишга мажбурлаëтганини маълум қилса¸ ўрганиб¸ албатта¸ чора кўрамиз”¸ деди Марказий банк расмийси.

Озодлик гаплашган тадбиркорлар¸ терминалнинг “бепул ижарага берилиши” ҳақидаги гапнинг фақат қоғозда эканини билдирди.

Шундай гап бор¸ фақат қоғозда. HUMO бепул бериляпти¸ буниси тўғри. Лекин Самарқанддаги тадбиркорлар орасида сўров ўтказиб чиқинг¸ Uzcard терминалини бепулга олган бирортаси топилармикан!”.

Озодликка икки йил олдин сотилган Uzcard терминалининг Uzcardнинг ўзи томонидан яроқсизга чиқарилгани ва янгисини сотиб олишга мажбурланаëтгани ҳақида хабар юборган тадбиркорлар¸ бу масалада бирор давлат идорасига шикоят қилмаганини эътироф қилди.

Биз сиëсатдан узоқ оддий савдогар бўлсак ҳам¸ Uzcardнинг эгаси кимлигини биламиз. Бу одамлар устидан шикоят қилишдан қўрқамиз”¸ деди самарқандлик тадбиркор.

Жорий йилнинг 14 май куни очиқ манбаларда пайдо бўлган маълумотга кўра¸ Uzcard бренди остида фаолият олиб борувчи "Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази” МЧЖ таъсисчилари таркиби янгиланган. МЧЖнинг 75 фоиз улушига эгалик қилиш ҳуқуқи жисмоний шахс Турсунов Ойбек Батировичга ўтган.

Ойбек Турсунов эса¸ президент Мирзиëевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëеванинг эридир. Асосан давлат тизимида ишлаб келган Ойбек Турсуновнинг мамлакатдаги иккита тўлов тизимидан бири¸ қолаверса¸ хусусий “Капиталбанк” акцияларининг 36 фоизини қайси даромад ҳисобига сотиб олгани жамоатчиликка очиқланмаган. Ўзбекистонда давлат хизматчилари¸ хусусан¸ биринчи оила аъзоларининг даромад солиқларини очиқлашини кафолатловчи қонун қабул қилинмаган.

Uzcard компанияси акциялари 75 фоизининг эгаси Ойбек Турсунов эканини тасдиқловчи расмий ҳужжат нусхаси.
Uzcard компанияси акциялари 75 фоизининг эгаси Ойбек Турсунов эканини тасдиқловчи расмий ҳужжат нусхаси.

Тўлов терминалларини ким олиб¸ ким сотади?

Бу саволга жавоб берган Ўзбекистон Марказий банки расмийси¸ ўтмишда тўлов терминалларини¸ тўлов тизимининг ягона монополисти бўлиб келган Uzcard компаниясининг ўзигина импорт қилиб¸ тадбиркорларга банклар орқали соттириб келганини билдирди.

Лекин ҳозир банклар бундай терминалларни ўзлари олиб киришлари мумкин. Фақат уларга ўрнатиладиган дастурий таъминотни Uzcard ўрнатиб бериши керак. Шунгами¸ банклар ҳалиям Uzcardдан сотиб олаëтган бўлса керак”¸ деди банк расмийси.

Озодлик билан шахси сир қолиб гаплашган Uzcard компаниясининг собиқ мулозими¸ тўлов терминаллари ва пластик карталарни ҳали ҳам компаниянинг ўзи Хитойдан олиб келиб¸ банкларга ўзи истаган нархда "ўтказаëтганини" иддао қилди.

Uzcard президентнинг куëвига ўтишидан олдин¸ МХХ раиси Рустам Иноятов¸ аниқроғи унинг қариндошлариники эди. Энди эса¸ катта куëвники. Компания Хитойдан 1 долларга олинган нарсани 3 доллардан ўтказиш орқали¸ яъни карта¸ терминал ва банкомат олиб келиб сотишнинг ўзиданоқ¸ юзлаб миллион доллар даромад қилади. Улар бу карта ва терминалларни банкларга ўзи истаган нархда сотади. Олдинлари банклар тадбиркорга терминални очиқ сотган бўлса¸ ҳозир бекитиб сотяпти. Чунки¸ терминалдан тушган тушумнинг 0.2 фоизини олиш билан банк Uzcard қўйган нархни 20 йилдаям чиқара олмайди. Ҳозир Uzcard Хитой компанияси билан ҳамма мижозини кобейджинг картасига ўтказяпти. Очилган ҳар бир кобейджинг картаси учун улар Хитой тизимидан откат олади. Эски терминаллар бу программада ишламайди. Буларнинг мақсади эса¸ ҳаммани кобейджингга ўтказиб¸ киши бошига 1 доллардан олиб туриш. Буни ҳаводан пул қилиш десангиз ҳам бўлади”¸ деди Озодликка боғланган Uzcard собиқ мулозими.

Озодлик ҳозирча бу иддаони на тасдиқлаш ва на инкор қилиш имконига эга. Хитойда ишлаб чиқарилаëтган пластик карта ва тўлов терминалларининг Uzcard томонидан қанчага олиниб¸ банкларга қанчадан сотилаëтгани ҳақида очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ. Uzcard компаниясининг Озодлик боғланга расмийлари эса¸ бундай саволга жавоб бермасликларини таъкидладилар.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG