Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:04

Президент Каримов мунтазам рақсга тушган “Лазги” ЮНЕСКО рўйхатига киритилди


Каримов Шанхай саммитини лазги билан қизитди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:07 0:00

Каримов Шанхай саммитини лазги билан қизитди

Колумбиянинг Богота шаҳрида 11 декабрдан бошлаб ЮНЕСКОнинг Номоддий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси мажлиси бўлиб ўтмоқда.

Бу анжуманда қатнашаëтган Ўзбекистон Маданият вазирлиги ходимининг Озодликка билдиришича¸ «Хоразм Лазги рақси» Инсоният номоддий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритиш қўмита мажлисида кўриб чиқилган:

-“Лазги”ни номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш ҳақидаги қарор 12 декабрь куни Колумбиянинг Богота шаҳрида ўтган ЮНЕСКО номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида қабул қилинган. Қўмита жами 41 номзодни кўриб чиқди.. Шундан учтаси Марказий Осиëдан. Ўзбекистондан «Лазги»¸ Тожикистондан «Фалак» қўшиқчилиги¸Туркмнистондан эса «Гилам тўқиш» санъати. Бундан ташқари¸ украинларнинг сополга гул солиши ва арманиларнинг ëзуви ҳам инсоният номоддий мероси рўйхатига киритилади¸ деди Озодлик суҳбатлашган мулозим.

«Лазги» рақси бу рўйхатга номзод сифатида 2017 йили Ўзбекистондан Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди тарафидан тақдим қилинган эди.

Фонд раҳбари¸ Амирқул Каримнинг Озодликка айтишича¸ «Лазгининг рўйхтага кириши 12 кишилик махсус гуруҳнинг изчил меҳнати самарасидир”:

- Бир йилга яқин даврда “Лазги” тарихи ўрганилди ва “Лазги” рисоласи тайёрланди. Йиғилган материллар асосида ЮНЕСКО ҳужжатлари дастлаб ўзбек тилида тўлдирилди. Сўнгра у инглиз тилига ўгирилди. Лазги турлари ўрганилиб, унинг оммалашиш тарихи баён қилинди. ЮНЕСКО учун бу номинациянинг диний, бошқа гуруҳларга қарши қаратилмагани, ўзгаларни камситмаслиги, кишиларни эзгулик сари бирлаштириши, яхшиликка чорлаши, инсоний ранг-баранглик тимсоли эканини кўрсатиб берилди. Асосийси, бу саҳнада балетмейстерлар томонидан сунъий яратилмаган, чинакам халқ асари эканига ишонтира олдик.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги вакилининг Озодликка айтишича шу пайтгача "Бойсун маданий муҳити", "Наврўз байрами", "Шашмақом", "Катта ашула", "Аския ижрочилиги", "Палов ва ош билан боғлиқ анъана ва қадриятлар" каби қадриятлар ЮНЕСКО Жаҳон номоддий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.

Сиëсий рақс

Ўзбекистонлик санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича, Лазги қарийб 3000 йилллик тарихга эга ва унинг 9 тури ҳозиргача сақланиб келмоқда:

- Айни пайтда Xоразмдаги “Норим-Норим” ва “Қим пишики” рақслари яна ҳам қадимий ва ноëб. “Норим-Норим” рақси тош даврига бориб тақалади. Рақс ижрочиси иккита қайроқ тошни бир-бирига тегизиб мусиқий фазо яратади. Менга қолса, мана шу рақс инсониятнинг йўқолиб бораëтган номоддий меросидан ўрин олишга кўпроқ лойиқ. “Қум пишики” бу қадим овчилар рақси. Бу рақс ижрочиси Силовсин (Қум пишики) ҳаракатларига тақлид қилади. Бу рақслар йўқолиш арафасида. Улар расмий тадбирларда ижро қилинмайди. “Лазги” эса худди русларнинг “Калинкаси”га ўхшаб¸ деярли ҳар куни ижро қилинадиган асар. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бу рақсга ҳар йили икки марта омма олдида ўйнар эди. Тарихий парадокс шуки¸ Каримов ўлимидан сал олдин ҳам шу рақсга тушган эди. Шу маънода мен буни сиëсий рақс дер эдим.

Турдиевга кўра¸ “Лазги”нинг оммалашуви совет даврининг илк йилларида амалга оширилган:

- Умумий бахт ва саодатни тараннум қилувчи рақс керак эди советларга. Овчидан яширинган силовсин образи акс этган “Қум пишиги” рақси ëки ëвуз илоннинг тўлғанишига тақлид қиладиган “Буломон” рақси бу вазифа учун тўғри келмади. СССР Халқ артисти Тамарахоним 1934 йили Хоразмга бориб¸ эски эркак раққослардан “Лазги” ўрганиб қайтди. Тамарахоним “Лазги” рақсини 1937 йили Кремль Колонналар залида ижро қилиб¸ Иосиф Сталин эътиборига тушади. Бу ҳам¸ боя айтганим “сиëсий рақс” деган тушунчани оқловчи исбот.

Турдиевга кўра¸ қадимий рақс бўлган “Лазги” совет даврида деформация бўлган:

- Аввало¸ рақс мусиқаси сўзсиз бўлган. Ўтган асрнинг 70-йилларида ижод қилган Комилжон Отаниëзов бу рақс куйини шеърий матн билан айтган. “Ғани доғлар..” деб бошланадиган илк матн шоир Эркин Самандарга оид эди. Ҳозир ўнлаб матнлар бор. Иккинчидан¸ бу рақсни 1934 йилгача фақат эркаклар ижро қилган. 1934 йилда Тамарахоним Петросян ва ундан кейин Ровия Отажонова бу рақсни ўз репертуарига киритди. Бу рақс ривожида Гавҳар Матëқубованинг ҳам катта ҳиссаси бор. Лекин кейинги даврда рақсдаги зардўштий унсурлар камайтирилиб¸ кўпроқ шоу-дискотека тарафи парваришлантирилди. Рақснинг илк қисмидаги “секин” қисмининг хронометражи камайиб кетди. Вульгар ҳаракатлар қўшилди. Шуларга қарамасдан¸ “Лазги” инсон идрокига тақсир қилувчи жозибали рақс бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG