Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:10

Юридик шахс бўлгиси келмаётган якка тартибдаги тадбиркорлар бизнесини тўхтатмоқда


Қурилиш моллари сотиладиган дўкон, Марғилон (иллюстратив сурат)
Қурилиш моллари сотиладиган дўкон, Марғилон (иллюстратив сурат)

Шу кунда мамлакат бўйлаб қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) фаолияти тугатилмоқда.

Озодликка мурожаат қилаётган якка тадбиркорлар улардан юридик шахсга айланиш талаб қилинаётгани, акс ҳолда тадбиркорликни тўхтатишга мажбур бўлаётганини айтмоқда.

Давлат солиқ қўмитасидан олинган маълумотга кўра, бу ўзгартишлар тадбиркорлар ўртасида солиқдан қочиш ҳолатининг олдини олишга қаратилган.

Марғилондаги ЯТТ

Марғилон ва Самарқанд шаҳарларидан Озодлик билан боғланган тадбиркорлар солиқ инспекцияси ходимлари февраль-март ойларида дўконма-дўкон юриб, тадбиркорларни ширкат очишга мажбурлаганини хабар қилди.

Исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка гапирган икки марғилонлик тадбиркорнинг айтишича, шу кунда шаҳардаги 2 мингдан ортиқ ЯТТ ишини тугатган, бир қанчаси юридик шахс сифатида фирма очган, айримлари эса дўконини ёпиб қўйган.

Тугатилаётган ЯТТлар, тадбиркорлардан олинган маълумотга кўра, асосан қурилиш моллари сотадиган, тайёрлайдиган тадбиркорлардир.

"Мен куни кеча ЯТТни ёпдим - мажбур қилишди. Энди фирма очсам, камида 4 кишига иш беришим керак экан. Уларга пенсия жамғармаси учун тўлашим керак, солиқларим ошади - хуллас, ҳар ойда камида 2 миллион сўм ортиқча ҳаражат. Бунинг устига, банкдаги пулимга ҳам ҳокимият хўжайинлик қилади. Ўзи зўрға савдо қилиб турган бўлсак, фақат тўлов учун ишлаймизми унда?! Нега бизни ЯТТдан чиқариб ташлаяпти - тушунтирадиган одам йўқ", деди исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган марғилонлик тадбиркор.

Марғилонлик тадбиркорларнинг айтишича, якка тартибдаги тадбиркорлар юридик шахсга айланган тақдирда ҳар ойда давлатга тўланадиган тўловлар миқдори кескин ортишидан норози бўлмоқда.

Бу каби шикоятлар Озодликка бошқа вилоятлардан ҳам келмоқда.

Самарқанддаги ЯТТ

Самарқанд шаҳрида йиллардан буён якка тартибда ишлаётган тадбиркор ҳам бироз муқаддам Озодликка мурожаат қилган.

"Солиқчилар ҳамма якка тартибдаги тадбиркорларни фирма очасан, деб мажбурлаяпти. Бу тўғрими? Ҳатто майда дўконларни ҳам ишлагани қўймаяпти. ЯТТ учун бир ойлик солиқ 1 млн. сўм атрофида. Фирма бўлса, камида 2 бараварга ошади", деди исмини сир сақлаган самарқандлик тадбиркор Озодлик билан микрофонсиз мулоқотда.

У Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим қилинган расмий билдирув нусхасини Озодликка тақдим қилди.

Цемент, ёғоч, алюминий (пластик) эшик-ром...

Самарқанд ҳокимияти берган ҳужжатда айтилишича, 2019 йилнинг 1 январидан якка тартибдаги тадбиркорларга:

- қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари, алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, нефть маҳсулотларининг барча турлари, янги импорт автомобиллар, фармацевтика товарларини сотиш тақиқланади.

Бундан ташқари, алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, автотранспорт воситаларини ювиш каби фаолият турлари билан шуғулланиш ҳам тақиқланади.

Бу йўналишда ишлаш ёки бундай маҳсулотларни сотиш учун тадбиркор эндиликда юридик шахс мақомини олиш шарт.

Самарқанд шаҳар ҳокимияти томонидан тадбиркорларга тарқатилган ҳужжатда, шунингдек, юридик шахс мақомини олган тақдирда пайдо бўладиган мажбуриятлар ҳам кўрсатилган.

Ушбу ҳужжатда, Озодликка келган шикоятларда айтилганидек, тадбиркорлар ширкат очган тақдирда солиқ тўловлари ошиши акс этган.

14 турдаги фаолият ЯТТдан нега олинди?

Тадбиркорларни ўйлантираётган асосий савол - "Нега айнан қурилиш моллари сотадиган ЯТТлар тугатилмоқда?" деган саволга жавоб сифатида Марғилон шаҳар солиқ инспекцияси ҳамда республика солиқ қўмитаси 2018 йилнинг 22 октябрида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 850-сонли қарорини келтирмоқда.

Ушбу қарор билан ЯТТлар рухсат берилган 84 йўналишдаги фаолият турининг, асосан, қурилиш моллари савдоси, алюминий эшик-ром ва бошқа буюмларни тайёрлаш, транспорт воситаларини ювиш каби 14 тури билан шуғулланиш тақиқланган.

Давлат солиқ қўмитасидан олинган маълумотга кўра, бу ўзгартишлар тадбиркорлар ўртасида солиқдан қочиш ҳолатининг олдини олишга қаратилган.

Шунингдек, ушбу ҳужжат муносабати билан Адлия вазирлиги эълон қилган материалда эса, ЯТТларнинг солиқдан қандай қочаётгани ва бунинг олдини қандай олиш мумкинлиги шундай тушунтирилган:

"Хусусан, автотранспорт воситаларини ювиш фаолиятини ташкил этган тадбиркорлар қўлида амалда ўнлаб шахслар ишлайди. Лекин ушбу тадбиркор ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтгани сабабли, улар аслида тўлаши керак бўлган солиқнинг ярмини ҳам тўламайдилар.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс томонидан амалга оширилади. Бунда ЯТТ 3 кишигача шахсни ёллаши мумкин.

Яъни, моҳиятан ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган фаолият турлари билан ЯТТ шуғуллана олмайди. Масалан, маълумотларга кўра, алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш билан шуғулланувчи цехда ўртача 5 ‒ 15 киши фаолият юритади".

XS
SM
MD
LG