Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:32

“Айланма йўлдаги омбор”. Яккаланган Россия иқтисодий санкцияларни Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқчи


Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов (чапда) ва Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров, Тошкент, 25 - 27 апрель, 2022
Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов (чапда) ва Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров, Тошкент, 25 - 27 апрель, 2022

Ғарб санкциялари остида қолган Россия ширкатлари Ўзбекистонни, ўтмай қолган маҳсулотлари учун бозор ҳамда Европадан бормай қолган эҳтиёт қисмларини айланма йўллар орқали олиш учун бир база сифатида қўллай бошлади.

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида 25 - 27 апрел кунлари ўтган “Иннопром. Марказий Осиё” саноат кўргазмасида айни мазмундаги янгича ҳамкорликка оид ўнлаб келишув имзолангани хабар қилинди.

Тадбирда қатнашган расмийлар ва тадбиркорлардан олинган маълумотга кўра, Россия ширкатлари Ғарбга сота олмаётган буғдой, ёғ, фармсаноат ва бошқа маҳсулотларини Ўзбекистонда сотишни кўзламоқда.

Санкцияга тушган йирик ширкатлар, жумладан “КАМАЗ”, “Лада” каби автомобил заводлари эса, Европадан бормай қолган зарур эҳтиёт қисмларини, Ўзбекистон ва унга қўшни республикаларда завод очиш орқали олишни кўзламоқда.

Айни пайтда, Украинага босқини боис Россияга қўлланган Ғарб санкциялари, азалий савдо шериклари бўлган Марказий Осиё республикалари учун янги даромад имконларини очмоқда. Россия ширкатлари билан ҳамкорлик учун иккиламчи санкция қўллаш эҳтимоли ҳақида ҳозирча фақат гапирилмоқда, ҳануз конкрет чора қўлланмади.


Россия сармоясига очиладиган фармзаводлар

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Тошкентда ўтган 3 кунлик кўргазмада Франция, Италия, Нидерландия, Ҳиндистон, шунингдек, МДҲ мамлакатларидан 200 га яқин хорижий компания, 1300 дан зиёд жисмоний шахс қатнашган.

Лекин, маҳсулот ва хизматлари кўргазмага қўйилган ширкатларнинг асосий қисми, ўз ҳукумати раҳнамолигида Тошкентга борган Россия ширкатлари бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, эришилган йирик битимлардан иккитаси фармацевтика саноатига оид - Россия сармоясига Ўзбекистонда инсулин ва кимётерапия препаратлари чиқарадиган 2 та йирик завод очиш кўзланмоқда.

Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигидан вакил сифатида ушбу кўргазмада иштирок этган расмийга кўра, Россиянинг “Герофарм” ширкати билан инсулин ишлаб чиқариш бўйича эришилган келишув жуда муҳимдир:

“Россия “Герофарм” ширкатининг Санкт-Петербургдаги заводи билан келишувга эришилди, инсулин чиқариш бўйича. Ўзбекистоннинг "ZUMA-PHARMA" МЧЖ билан. Тошкент вилоятида завод очиш режаланяпти. Биласизку, инсулин Марказий Осиё мамлакатларида доим танқис, Россия, Европа ва Хитойдан келади, асосан. Минтақада қандли диабет жуда кўпайган, инсулин ҳаёт-мамот масаласи. Кейин саратон жуда кўпайган, кўкрак саратони, ўпка саратони. Хуллас бу препаратларни ўзимизда чиқариб, ички бозор ва Тожикистон, Қирғизистонга сотиш режаланяпти”.

Исми очиқланишини истамаган расмийга кўра, аслида Ўзбекистон фармацевтика саноати йиллардан буён Россия бозорига киришга интилиб келган, лекин Россия бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи томонидан қўйилган қаттиқ талаблар тўсқинлик қилаётган эди.

“Масалан, бизда қўлланаётган препаратларни Россияда сотиш учун яна клиник синовдан ўтказиш керак эди, GMP (ишлаб чиқариш ва савдо бўйича таржриба - таҳр.) стандартлари бўйича талаблар жуда юқори эди. Оддий айтганда, Ўзбекистонни препаратларига эҳтиёж йўқ эдида у пайтда, талаблар осмонда эди. Ҳозир иккала давлат фармацевтика саноати талабларини тенглаштиришга келишди. Бу энди тезда бўладиган жараёнмаску, лекин бизга яхши имконият. Бунинг ҳаммаси Россияга босилган санкциялар боғлиқ, албатта. Ўзи бу ярмарка ҳар йили бўлади. Шу урушни деб бу йил Россия ширкатлари жуда жиддий қарашди бизга. Чунки, бизда фармацевтика яхши, региондаги энг кучли фармацевтика, деб бемалол айтиш мумкин. Биз орқали региондаги бозорга чиқиш мумкин”, дейди расмий.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориевга кўра, бу икки завод лойиҳаси 35 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.


Нефт, автомобил ва авиасозлик саноатидаги янгича ҳамкорлик

Тошкентда ўтган кўргазма доирасида, Ўзбекистон ва Россия ҳукумат вакиллари қатнашган бир неча йиғилишлар ҳам бўлди.

Жумладан, "Марказий Осиё: технологик ютуқлар макони" мавзусидаги ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров, Арманистон иқтисодиёт вазири Ваган Керобян, Қирғизистон иқтисодиёт ва тижорат вазири Данияр Амангелдиев, Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабирлар қатнашди.

Бундан ташқари, 25 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ҳамда Беларус бош вазири Роман Головченколарни алоҳида қабуд қилди.

Ҳукумат даражасидаги йиғилишларда асосий эътибор - нефт, автомобил ва авиасозлик каби йирик саноат соҳаларидаги янгича ҳамкорликка қаратилган.

Бу йиғилишларда қатнашган ўзбекистонлик йирик тадбиркорнинг айтишича, Украинага босқини боис Ғарб санкциялари остида қолган Россия саноати санкцияларни айланиб ўтувчи схемаларни қўллаш пайига тушган.

Бу схемалар натижасида Россия маҳсулотлари ва саноатига, Россия-Туркия-Ғарб ёки Россия-Марказий Осиё-Туркия-Ғарб йўналишидаги янги айланма йўллар очила бошлаган.

“Мисол учун, Россия нефть маҳсулотларини Туркия орқали Европага етказиш проектлари аллақачон бошланди. Европа ҳозир Россия билан тўғридан-тўғри ишлай олмайди, лекин Туркия орқали ишлаши мумкин. Ҳозир турклар мазза қилиб пул ишлаяпти, уларни баҳонасида ўзбек-турк бизнеси ҳам пул ишлаяпти. Ёки мана бугун машинасозлик саноати ҳақида гапиришди. Масалан, Россияда автомобиль саноатига Япония ва Германиядан зарур бўлган эҳтиёт қисмларни Ўзбекистонга олиб келиб, шу ерда очилган Россия заводлари орқали рус автомобилсозлигини ишлатиш кўзланяпти. Худди шунақа яна электроника, авиасозлик ва ҳоказо саноат соҳасида келишувлар бўляпти”, дейди тадбиркор.

Ўтмай қолган буғдой, ёғ ва бошқа егулик учун янги бозор

Тошкентлик йирик тадбиркорнинг айтишича, Тошкентдаги кўргазмага борган Россия ширкатлари Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлардаги ички бозор потенциалига ҳам катта қизиқиш билан қараган.

Мисол учун, буғдой ва ун маҳсулотлари, ёғ ва соя маҳсулотларини сотиш ҳамда қайта ишлаётган маҳаллий бизнес ёки янги қўшма лойиҳаларга эътибор катта бўлган.

“Мисол учун, шу пайтгача Ўзбекистонга Россиянинг Оренбургидан ун ёки буғдой келганини кўрганмидингиз? Энди келадиган бўляпти. Путин Европага буғдой сотмайман, деб қўйди. Энди бу буғдойни кимгадир сотиш керакку?! Ёки соя, ёғни кимгадир сотиш керакку?! Хуллас, руслар бозор қилишга келишди. Кейин, Ўзбекистонда нисбатан барқарор муҳит. Хуллас, Тошкентдаги кўргазмага руслар жуда жиддий қарашди бу гал. Газпромбанк, Россельхозбанк, Росатом каби йирик ширкатлар ҳомийлик қилишди. Алишер Усмоновнинг USM ширкати ҳам бор, албатта. Шунинг учун, жонланиш пайдо бўлди. Бунинг Ўзбекистонга фойдаси бор албатта. Бизнинг банклар рус рублини оляпти, конвертация қилиб беряпти. Яъни, бизга барибир, улардан рублда олиб, рублга сотаверамиз. Лекин, шахсан менга қолса, шу империалист, шовинист ҳамкорлардан бироз узоқ тураман. Тўғри, бизнес қилишимиз керак, лекин шу билан чекланишимиз керак, уларнинг таъсирига тушиб қолмаслигимиз керак”, дейди Тошкент ва Москва ўртасида фавқулодда изчиллашаётган савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболига бироз хавотир билан қараётган тошкентлик тадбиркор.

Тошкент-Кремл ҳамкорлигидан келадиган рисклар

Тошкентда ўтган йирик тадбир ва унинг расмий матбуотда баландпарвозлик билан ёритилганини кузатган аксар таҳлилчилар, расмий Тошкентни яккаланган Кремл билан ҳамкорликдан келаётган рисклардан огоҳ бўлишга чорламоқда.

Жумладан, Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов, томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг жонланиши Ўзбекистон ҳамда минтақадаги давлатлар учун ноёб имконият, деб баҳолайди:

“Бу ўринда, иккита принципиал жиҳатни бир-биридан фарқлаб олиш керак. Биринчидан, Россиянинг Украинага ҳарбий босқини ва бунинг ортидан қўлланган Ғарб санкциялари, Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё иқтисодига ҳам негатив, ҳам позитив таъсир қилди. Чунки, бу минтақанинг асосий савдо ҳамкори Россия. Бундан ташқари, меҳнат муҳожирларидан борадиган пул жўнатмалари камайди. Шунингдек, Россия ҳудуди орқали бўлгани учун Европа билан савдо ҳамкорлиги ҳажми ҳам кескин қисқарди. Айни пайтда ижобий томони, маҳаллий маҳсулотни Россиянинг катта бозорига чиқариш имкони пайдо бўлди. Кейин, Россия ва Беларусдан IT-соҳадаги профессионаллар ва кичик бизнеснинг Ўзбекистонга оқими кузатиляпти”.

Таҳлилчига кўра, иккинчи муҳим жиҳат, Россия билан бундай ҳамкорлик учун қўлланиши мумкин бўлган иккиламчи санкциялар эҳтимолидир.

Яъни, Россияга иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан қарам бўлгани боис, Марказий Осиёнинг яккаланган Кремл босими остида у билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлаётган республикалари, бундай ҳамкорлик ортида турган рисклардан ҳимояланиш учун етарли сиёсий иродани ҳам кўрсатиши лозим.

“Яъни, Марказий Осиё Россия бизнеси учун транзит ҳудудга айланади. Мисол учун, “Автоваз” ширкатининг Ўзбекистонда филиалини очиши ҳақидаги хабар жуда шубҳали. Чунки, Ўзбекистонда ўз заводини рўйхатдан ўтказиш орқали, бу ширкат ўз автомобили учун зарур эҳтиёт қисмлари, масалан Тайванда чиқадиган чипларни олиши мумкин. Табиийки, бунда асосий воситачилар ҳам Россия билан, ҳам Россия томонидан яхши алоқада бўлган шахслар, масалан Алишер Усмоновга ўхшаганлар воситачилик қилади яна. Усмоновнинг ўзига санкция қўлланган, шунинг учун у ҳозир ўз бизнесини қутқариш пайида, шунингдек россиялик ҳамкасблари ва ҳукуматга ёрдам беришни истаяпти. Ўзбекистон ҳозир ўз манфаати учун туғилган имкониятдан воз кечишни истамайди табиий, лекин бунинг оқибатида обрўсини йўқотиш ва иккиламчи санкцияларга учраш хавфини ҳам зиммасига оляпти. Шунинг учун, мен Ўзбекистон ҳукуматига мавжуд рискларни аввал жуда жиддий таҳлил қилишни тавсия қилган бўлардим”.



“Иннопром”нинг Ўзбекистонга қизиқиши

“Иннопром” Россияда 100 дан ортиқ ширкатни бирлаштирган ва дунёнинг турли давлатларидаги бизнес билан ҳамкорлик учун, тузилган саноат платформасидир.

Расмий сайтида билдирилишича, 2010 йилдан бери мунтазам ўтказиб келинади. Бу платформанинг 2 та кўргазмаси Тошкентда ўтди.

2021 йил 5-7 апрель кунлари Тошкентда ўтган тадбирга “Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги”, деб ном берилган. Унда Ўзбекистон, Россия, Франция, Германия, Чехия, Япония, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва бошқа давлатлар ҳукумат ва ишбилармон доиралари делегациялари иштирок этган.

Расмий маълумотларга кўра, ўшанда жами 3,2 миллиард долларлик инвестиция битими, экспорт ва импорт шартномаси, турли келишув ҳужжатлари имзоланган.

Бу йил эса “Иннопром. Марказий Осиё” саноат кўргазмасида Франция, Италия, Нидерландия, Ҳиндистон, шунингдек, МДҲ мамлакатларидан 200 га яқин хорижий компания, 1300 дан зиёд жисмоний шахс қатнашгани айтилди.

Бу йилги тадбирнинг ҳомий ва ҳамкорлари, Россиянинг Ғарб санкциялари остида қолган Газпромбанк, Россельхозбанк, Росатом каби ширкатлардир.

Россиянинг асли ўзбекистонлик таниқли олигархи, Ғарб санкциялари рўйхатига тушган Алишер Усмоновга тегишли бўлган USM ширкати эса Тошкентда ўтган тадбирда бош ҳамкор бўлди.

2016 йилда президентликка келган Шавкат Мирзиёев, Алишер Усмоновга алоҳида ҳурмат кўрсатиб, унга “Эл-юрт ҳурмати” орденини тақдим қилганди. Сўнгги йилларда Тошкент ва Кремл ўртасидаги сиёсий-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларида, бугунга келиб санкцияларга нишон бўлган Усмоновнинг воситачи сифатидаги алоҳида ўрин тутгани кузатилди.

XS
SM
MD
LG