Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:50

Мажбурий қурувчилар: Метрони Янги йилгача топшириш босими авариядан кейин янада кучайди!


18 декабрь кунги фожиадан сўнг ëлланма ишчилар метро қурилишининг ер усти қисмига кўчирилган. Суратдаги ишчилар¸ уни юборганларга кўра¸ "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг метро қурилишига умуман алоқаи йўқ проводникларидир.
18 декабрь кунги фожиадан сўнг ëлланма ишчилар метро қурилишининг ер усти қисмига кўчирилган. Суратдаги ишчилар¸ уни юборганларга кўра¸ "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг метро қурилишига умуман алоқаи йўқ проводникларидир.

Тошкентдан келаётган хабарларга қараганда, 18 декабрь куни Юнусобод метросининг янги линиясида рўй берган фожиа ортидан бу қурилиш жараëни янада жадаллашган.

“Метро қурилишида ишлаши мумкин бўлмаган одамлар қандай ишлаган бўлса¸ бугун ҳам шундай ишлаяпти¸ фақат мардикорларни туннелга тушириш ва мобил телефон олиб киришни чеклаш бошланди”¸ деди Озодликка метро қурилишида мажбуран ишлатилаëтган темир йўл ва метрополитен ходимлари 23 декабрь куни.

Айни пайтда¸ ҳукуматга яқин мулозимлар¸ фожиа бўйича бошланган тергов жараëни кўламини торайтириш ва техника хавфсизлиги учун бир-икки масъулни жазолаш билан чекланиш ҳақида буйруқ берилганини иддао қилди.

Озодлик 18 декабрь кунги фавқулодда ҳолат бўйича жиноят иши очган Бош прокуратурадан терговга оид маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Раматов фожиани “қурилишда бўладиган оддий ЧП” деб баҳолади

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарувига яқин мулозимнинг Озодликка хабар қилишича¸ 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида содир бўлган ер ўпирилиши бўйича Бош вазирнинг 1-ўринбосари Очилбой Раматов президентга ахборот берган.

Президент Санкт-Петербургдан қайтиши билан унга метродаги фожианинг сабабларини Раматовнинг ўзи тушунтирди. “Ҳамма қурилишда бўлиб турадиган иш” бу¸ деган мазмунда. Президент ҳам уни шундай қабул қилди ва Раматовга “ишни бўшаштирманг” деб топшириқ берди. Бу гапдан кейин қурилиш кучайди икки бараварига. Одам сони ва техника сонини кўпайтиришди”.

Ҳукумат фармойиши билан Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва уни зудлик билан бартараф қилиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди ва унга Бош вазирнинг 1-ўринбосари Очилбой Раматов раис этиб тайинланди.

Очилбой Раматов Тошкент метрополитенининг янги йўналиши қурилишини бевосита назорат қилаëтган ҳукумат мулозими ҳамдир.

Озодликнинг бевосита ўзлари метро қурилишида мажбуран ишлаëтган икки манбаси 23 декабрь куни қурилиш жараëнининг фожиадан сўнг янада тезлашганини тасдиқлади.

Ҳозир ҳам ишлаяпмиз. Фожиагача техника хавфсизлиги деган гап умуман тилга олинмаган бўлса¸ эндигина фарқ бу ҳақда гапиришаяпти¸ лекин амалда ҳеч қандай хавфсизлик чоралари кўрилгани йўқ. Яна битта фарқ¸ мардикорларни туннелга туширмаслик айтилган¸ уларни энди очиқ жойдаги энг оғир ишалрга ташлашди. Мобил телефонларниям текшираяпти¸ съемка қилиш умуман тақиқланди”¸ деди ўзи айнан Юнусобод линиясининг янги йўналишида мажбуран ишлаëтган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖсида проводник бўлиб ишловчи суҳбатдош.

Қурилишни 28 декабргача битказиш режаси ўзгаришсиз қолди

Озодлик гаплашган метро қурилишига алоқадор мулозим ва ишчилар¸ Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмини тугатиш бўйича белгиланган муҳлат ўзгаришсиз қолганини билдирди.

28 декабргача Юнусобод станцияси устини бетон қоплама билан ëпиш тугалланиши керак эди. Ҳозир шошиб-пишиб шунга ҳаракат кетаяпти. Срок 28 эди¸ шундай қолади¸ дейишди. Президентга ҳисоб бериш керак экан”¸ деди бевосита қурилишда ишлаëтганлардан бири.

Қурилишга ажратилган муҳлатнинг ўзгаришсиз қолаëтганини тасдиқлаган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖси мулозими¸ объектнинг режага мувофиқ тугалланиши ҳақида президентнинг ўзи қатъий талаб қилганини билдирди.

Тошкент метрополитени хизматчиларидан яна бири Озодликка¸ 28 декабрь куни президент Мирзиëвнинг Юнусобод янги линиясини кўздан кечиришини билдирди.

Биз ҳозир асосий ишимиз қолиб¸ вагонларни юваяпмиз. Ишдан ташқари¸ иш вақтидан кейин ишлатишаяпти. 27 декабрда шу авария бўлган Юнусобод линияси халқ учун очиларкан¸ 28 да президент айланаркан. Шунга эски вагонларни янгидек қилиб¸ ялтиллатиб ювиш буюрилган. Махсус мойка бор¸ лекин у талабга жавоб бермайдиган ҳолатда ҳозир. Унда ювганнинг фойдаси йўқ¸ шунга қўлда ювдираяпти. Фақат ювишмас¸ вагонларниям қўлда бўяттирди. Янги вагонга ажратилган пулларни йўқ қилишган шекилли. Томдан чакки ўтади¸ ëмғир-қорда оëқлар сувда туради¸ камига 825 вольтлик юқори кучланиш билан ишлаймиз”¸ деди Тошкент метрополитени ходимларидан яна бири.

18 декабрь кунги фожиадан сўнг жамоатчилик¸ шунингдек айрим сиëсатчилар¸ катта ва муҳим объектларни топширишни совет давридан қолган катта байрамларга тўғрилаш анъанасини тўхтатишни сўраган эди.

Шошма -шошарлик билан йирик биноларни байрамга тўғрилаб қуриб битказиш одатига нуқта қўядиган вақт келди. Асосийси сифат эканлигини унутмайлик”, деди жумладан 20 декабрь куни Юнусобод метросидаги фожиага муносабат билдирган ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов.

“Жиноят иши кўлами торайди”

19 декабрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси «Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг янги қурилаётган қисмида юз берган ҳодиса юзасидан ЖКнинг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 258 (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», деб хабар қилган эди.

Ҳозирча бу жиноят иши доирасида айнан кимларнинг терговга тортилганига оид расмий хабар йўқ. Озодлик 23 декабрь куни Бош прокуратура матбуот хизматига боғлана олмади - телефон қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермади.

Озодлик гаплашган жараëнга билвосита алоқадор мулозим иддаосича¸ Раматов изоҳлари президент томонидан қабул қилиниши ортидан¸ прокуратурага бу иш кўламини торайтириш ҳақида топшириқ берилган.

Бу авария ортидан камида “Ўзбекистон темир йўллари” раҳбарининг ишдан кетиши кутилаëтган эди. Аммо катта бошлиқлардан ҳеч кимни жазоламаслик ҳақида энг тепадан буйруқ бўлди. Прокуратура фожианинг ҳақиқий айбдорлари кимлигини билиб турипти. Лекин улар президент ҳимоясида. Жазоланиш у ëқда турсин¸ сайловлардан кейин Раматовнинг Бош вазир бўлиши кутилмоқда. У ҳозир Бош вазирликка ягона номзод бўлиб турипти”¸ деди Озодлик гаплашган мулозим.

Жараëнга оид маълумотларга дахлдор мулозимга кўра¸ метродаги ўпирилиш бўйича Бош прокуратура республика Транспорт прокуратураси билан бирга тергов олиб бормоқда.

Ҳозир иш фақат техника хавфсизлигига қанчалик риоя қилинган-қилинмагани билан чекланадиган бўлди. Улар терговга техника хавфсизлиги бўйича мутахассис ва инженерларни ўлганлар ва жабрланганларнинг меҳнат ва техника хавфсизлиги бўйича инструкция олган-олмагани¸ бу ҳақда тилхат бор-йўқлиги бўйича савол-жавоб қилаяпти. Лекин асосий айбдорлар – метро қурилишида ишлаши мумкин бўлмаганларни ëппасига бу ерга ташлаганлар¸ ҳозир ҳам бу бўйича малака ва мутахассислиги бўлмаганларни ишлатаëтганлар терговга ҳатто тортилмайди ҳам”.

18 декабрь куни Тошкентнинг Юнусобод туманидаги “Меgа Рlаnеt” савдо маркази олдида “Тошкент метрополитени қурилиш дирекцияси” буюртмаси асосида барпо этилаётган “Юнусобод” бекати 2-вестибюль курилиш объектининг тупроқ ва темир-бетон конструкцияси қулаб тушди. Оқибатда¸ расмий хабарга кўра¸ мазкур объектда ишлаëтган олти одам нобуд бўлди. Ўлганлардан учтаси¸ Озодлик суриштирувидан маълум бўлишича¸ Шаҳрисабздан Тошкентга иш излаб бориб¸ метро туннелида ишлашга ëлланган мардикорлардир.

Ҳукумат метрода ишлашга на рухсатномаси ва на малакаси бўлган бу ëлланма ишчилар оилаларига 100 миллион сўмдан товон пули тўланишини билдирди.

XS
SM
MD
LG