Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:48

Zo’r TV Гулнорага муҳаббат изҳор этган шоу бизнес вакилларини кўнгилочар кўрсатувлардан четлатди


Жаҳонгир Позилжонов
Жаҳонгир Позилжонов

Ўзбекистондаги Zo’rTV хусусий телеканали 12 июлдан бошлаб хонанда Жаҳонгир Позилжоновни “Xontaxta” ва “Bojalar community” кўрсатувлари, қизиқчи Ҳалима Ибрагимовани эса “Sitro Shou” кўрсатуви бошловчилигидан четлатди.

Озодлик Zo’rTV масъул ходимларидан олган бу хабарни Жаҳонгир Позилжоновнинг "Хоntaxta" кўрсатувидаги ҳамкорларидан бири тасдиқлади.

Телебошловчи Ҳалима Ибрагимованинг маъмури ҳам, унга нисбатан норасмий тақиқ қўйилганини тасдиқлади.

Zo’rTV ходимининг айтишича, кўрсатувлардан хонандалар Райҳон Ғаниева ва Зиёда Қобиловаларнинг қўшиқлари ҳам олиб ташланган.​

Озодлик Zo'rTV маъмуриятидан телевидениедаги сўнгги ўзгаришлар бўйича расмий изоҳ ололмади.

Маҳаллий шоу бизнеснинг тилга олинган бошловчилар атрофидаги сўнгги янгиликлардан хабардор бир неча вакилининг Озодликка айтишича, телебошловчиларнинг теледастурлардан четлатилишига уларнинг ижтимоий тармоқлар орқали Биринчи президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага муҳаббат изҳор этгани сабаб бўлган.

Телекўрсатувлардан, шунингдек, бошқа баъзи таниқли хонандаларнинг қўшиқлари ҳам олиб ташланган.

Ўзбекистонда концерт-томоша фаолиятини назорат этувчи “Ўзбекконцерт” муассасаси ходими кўрилган чораларнинг вақтинчалик бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Оғзаки буйруқ”

Zo’rTVнинг кўнгилочар кўрсатувларидан бирига масъул бўлган ходимнинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка маълум қилишича, телевидение раҳбарияти хонанда Жаҳонгир Позилжонов ва қизиқчи Ҳалима Ибрагимовани телебошловчиликдан олиб ташлашга “оғзаки буйруқ” берган:

Жаҳонгир Позилжонов ўзи муаллифлик қилган “Xontaxta” ва “Bojalar community” кўрастувларидан олиб ташланди. Унинг ўрнига кўрсатувларни энди Отабек Мирзахолов олиб боради. Ҳалимахоним (Ибрагимова – таҳр.) ҳам “Sitro Shou” кўрсатувидан олиб ташланди. Ҳозир унинг ўрнига бошқа бошловчи излашмоқда”.

Бу бошловчилар иштирокидаги реклама роликлари ҳам телевидение дастурларидан кесиб ташланган.

Zo'rTV томошабинлари Жаҳонгир Позилжонов "Xontaxta" кўрсатувининг 10 июлда эфирга узатилган сўнгги сонида ҳам бошловчилик қилмаганига гувоҳ бўлди.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган Жаҳонгир Позилжоновнинг "Хоntaxta" кўрсатувидаги ҳамкорларидан бири санъаткорнинг 17 июль куни намойиш этиладиган навбатдаги сонида ҳам чиқмаслигини билдирди:

"Жаҳонгир Позилжонов бугунги кўрсатувда ҳам чиқмайди. Умуман, қачон телевидениега қайтиши ҳам аниқ эмас".

Zo’rTV ходимига кўра, Жаҳонгир Позилжонов акс этган тижорий рекламалар ҳам Тошкентнинг турли нуқталаридаги реклама тахталаридан олиб ташланган:

"Шаҳарда Жаҳонгир Позилжоновнинг чипсларни реклама қилиб турган суратлари бўларди. Улар олиб ташланиб, ўрнига бошқа баннерлар қўйишди".

Zo’rTV ходимининг қўшимча қилишича, кўрсатувлардан хонандалар Райҳон Ғаниева ва Зиёда Қобиловаларнинг қўшиқлари ҳам олиб ташланган.

Бундай қарорнинг олинишига, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси мулозимининг Озодликка айтишича, мазкур санъаткорларга муассаса томонидан қўйилган “норасмий тақиқ” сабаб бўлган.

24-25 июнь кунлари ижтимоий тармоқларда ўзбек шоу бизнесининг айрим таниқли намояндалари Биринчи президентнинг қамоқдаги қизи Гулнора Каримованинг яқин кунларда озодликка чиқишини сўраб дуо қилиш ва мадҳ этишга киришган эди.

Тошкентлик блогерлардан бири Гулнорани дуо қилиш ва мадҳ этиш кампанияси жамоатчиликни Гулнора Каримованинг озодликка чиқишига тайëрлаш ва бу эҳтимолга ижобий муносабатни шакллантириш учун уюштирилганини билдирган эди.

Суҳбатдошларнинг маълум қилишича, шоу бизнес вакилларининг бу амали мамлакатда концерт-томоша фаолиятини назорат этувчи “Ўзбекконцерт” муассасаси ва Zo’rTV раҳбариятининг ғазабини уйғотган.

Озодлик Zo'rTV маъмуриятидан телевидениедаги сўнгги ўзгаришлар бўйича расмий изоҳ ололмади.

Шунингдек, Zo’rTV да тақиққа учраган санъаткорларнинг ўзидан муносабат олишга беш кун давомида қилинган уринишлар самара бермади.

Қизиқчи ва телебошловчи Ҳалима Ибрагимованинг маъмури унга нисбатан норасмий тақиқ қўйилганини тасдиқлади.

​Гулнорага муҳаббат

Уюштирилган кампания? Шоу бизнес вакиллари Гулнорага муҳаббат изҳор этишда янги пойга бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:11 0:00

24 июнда “Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов Гулнора Каримова билан бирга тушган суратини қўйиб:

"Сизни соғиндик. Тезроқ эсон-омон оилангиз бағрига қайтишингизни тилаб қоламиз¸ сиҳат-саломатлик тилаймиз"¸ деб ëзди.

Бу ëзуви охирида Позилжонов Имон Каримова ва Гулнора Каримованинг Instagram аккаунтини белгилади.

​Қизиқчи Ҳалима Ибрагимова ҳам 25 июнь куни Instagramда Каримова ҳаққига дуо қилаëтганлар сафига қўшилиб, Гулнора Каримованинг суратини қўяркан, "Оллоҳим қўлласин. Фарзандларингизга бош бўлинг¸ тану жониз соғ бўлсин. Сизи дуогўйларингиз кўп¸ Вы мой кумир"¸ - деб ëзди ва бу ëзувида у ҳам Имон Каримова ва Гулнора Каримова аккаунтларини белгилаб қўйди.

Аммо 28 июнда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўзбек шоу бизнесининг Гулнора Каримовани яқин кунларда озодликка чиқишини сўраб дуо қилаётган ва мадҳ этаётган айрим вакилларини кескин танқид қилиб чиқди.

“Вақтинчалик жазо”

Zo’rTV даги сўнгги ўзгаришлар арафасида видеоблогер, Sayyod.com сайти раҳбари Сардор Комилов исмли Instragram саҳифаси орқали Гулнора Каримовани мадҳ этиш кампаниясига ишора қилиб, “сўнгги бўлиб ўтган воқеалар санъат оламига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади”? дея ёзди.

sayyodcom шоубизнес оламидаги сўнгги ўзгаришларга ишора қилган
sayyodcom шоубизнес оламидаги сўнгги ўзгаришларга ишора қилган

Кимларнидир тўйлари бекор бўла бошлагани, халқ ўзи воз кечаётгани ва кимлардир эса эфирлардан “йўқолиб” Ўзбекистонда запретда бўлган Озода сафига қўшилганини айтишмоқда. Табиийки, бу бари ҳар доимгидек норасмий кўринишда кечаётган ишлару ва унинг натижасидаги норасмий хабарлар”, - деб ёзди Сардор Комилов.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси мулозими санъаткорларга қўйилган жазо чораларининг вақтинчалик бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

XS
SM
MD
LG