Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:58

Ангренда “соқол” тадбири - ўнлаб одамнинг соқоли мажбуран олинди 


Ангрен шаҳридаги 2-сонли ички ишлар бўлими - иллюстратив сурат
Ангрен шаҳридаги 2-сонли ички ишлар бўлими - иллюстратив сурат

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ўнлаб эркак ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, соқоли мажбурий равишда олиб ташланган.

Исми очиқланмаслигини сўраган ангренлик диндор 7 июнь куни шаҳар ИИБсига чақиртирилиб, соқолини олишга мажбурлангани ҳақида Озодликка айтиб берди.

“ИИБдан телефон қилиб, келинглар, Тошкентдан, Ички ишлар вазирлигидан келишган, дейишди. Борганларни соқолини олиб ташлаяпти. Ё ўзинг оласан, бўлмаса, ўзимиз олиб қўямиз, дейишди. Олдин соқолли ҳолатда суратга туширади, олиб бўлинганидан кейин яна суратга тушириб, қўйворяпти. Бир ҳафта ичида йигирмата танишимнинг соқолини олишди”, - дейди йигит.

Соқол олиш жараёни барча эркакларга қўлланиляптими ёки бу иш диний мансубликдан келиб чиқиб қилиняптими? Озодлик бу ҳақда Ички ишлар идорасидан изоҳ ололмади.

ИИБга чақиртирилганлар диндор бўлганликлари учун соқоллари олинганлигини даъво қилишмоқда.

“ИББга чақиртирилганларнинг ҳаммаси диндор. Мода учун соқол қўйганларга индамаяпти. Ўзбек қонунларида соқол ўстириш мумкин эмас, дейилган жойи бўлса кўрсатинг, деб сўрасак сизларни соқолларинг бошқача, юриш-туришларинг бошқача, дейишди. Қаршилик қилганларга ИИБ ходимини қонуний талабини бажармаслик, айби билан маъмурий жазо қўллаб, қаматиш билан таҳдид қилишди”, - дейди ангренлик бошқа йигит.

Биринчи “соқол тадбири” эмас

Икки йил аввал Тошкентдаги “Малика” савдо мажмуасида соқоли олиб ташланган Жамолиддин Муҳаммаджон.
Икки йил аввал Тошкентдаги “Малика” савдо мажмуасида соқоли олиб ташланган Жамолиддин Муҳаммаджон.
Бу Ўзбекистонда "соқол"га қарши биринчи тадбир эмас.

Икки йил аввал Тошкентда жума намозидан сўнг ички ишлар ходимлари “Малика” савдо мажмуасида ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.

Шу йилнинг февраль ойида ҳам “Малика” мажмуасидаги савдогарлар соқоли мажбурлаб олингани ҳақда Озодликка айтишганди.

Ўтган ой ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳар ички ишлар бўлими тезкор штаб раҳбарига тегишли экани айтилган овозли топшириқ аудиоси тарқалиб, муҳокамага сабаб бўлди.

Овоз эгаси Ички ишлар вазирлигидан меҳмонлар келгани, ҳар бир бўлим 20 тадан соқолли эркакни топиши кераклигини айтади.

“Ҳурматли ходимлар, “Соқол” тадбири бўйича ҳам… тезлаштириб қилиб берайлик. “Горотдел”дан сўраяпти, Ички ишлар вазирлигидан келган меҳмонлар буни назоратга олган.

Ҳар битта “ГОМ”га 20 тадан соқолли [фуқарони] аниқлаб, соқоли билан расмга олиб, кейин соқоли олдирилгани ҳолатини ҳам расмга олиб, олдига маълумотини ёзасизлар: қаерда яшайди, нечанчи йилда туғилган, ким у?

Худди шундай қилиб тезлаштириб қилиб беришимиз керак. Ҳар битта “ГОМ”га 20 тадан берилган, бизда ҳали биттаям бўлгани йўқ. Кечқурун сўров бўлади, эътироз бўляпти, бўла қолинглар!” – дейди овоз эгаси.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари эса тизимда “соқолга қарши” амалиётлар ўтказилишини рад этиб келади.

Ўтган ой Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Намангандаги ҳолат ортидан: “Ички ишлар органларида бундай номланадиган тадбир умуман йўқ. Соқол қўйиш ёки қўймаслик ҳар фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ. Бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, - дея баёнот берганди.

Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Ирина Сайфутдинова ҳам Озодлик билан суҳбатда февраль ойида “Малика” бозорида савдогарлар соқоли мажбурлаб олинганини рад этаркан, "ҳеч ким соқолини олишга мажбурланмаслигини" таъкидлаган эди.

Айни пайтда Сайфутдинова фуқароларга "ташқи кўринишларини биометрик паспортларидаги суратларга мувофиқлаштириш тавсия этилган бўлиши мумкин"лигини инкор қилмаган.

Соқол диний радикализм белгисими?

Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов соқол диний радикализм белгиси сифатида кўрилиши боис хавфсизлик хизматлари диққат марказида бўлиб келишини айтади.

"Соқол қўйиш ҳар кимнинг шахсий иши ва бунинг учун таъқиб қилиш ёки олишга мажбурлаш нотўғри. Лекин бизда соқол радикал ислом белгиси сифатида кўрилади ва бунга муҳофазакорлик билан қаралади", - дейди Ташанов.

Икки йил аввал Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркор соқоли борлиги учун Фарғона шаҳар ҳокимлигига киритилмаган эди.

2017 йилда Қўқон шаҳри бозорида ҳижоблилар ва оқ дўппи кийганларнинг кириши тақиқлаб қўйилгани ҳақда Озодлик хабар берган.

Ундан олдин Бухорода стадионга футбол ўйинини томоша қилгани борган футбол ишқибозларининг соқол қўйганлари стадионга киритилмаган эди.

Стадион олдида турган посбонлар уларга соқолларини олдириб келишни айтиб, ортга қайтаргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний рамз деб кўриладиган соқол ва ҳижобга қарши кампаниялари халқаро жамоатчилик, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан танқид қилиб келинган.

Ўтган йил июнидаги ҳисоботида Қўшма Штатлар Давлат департаменти мамлакатда ҳамон диний эркинликни чеклаш амалиёти кузатилаётгани, жумладан, эркакларнинг соқолини мажбуран қирдириш, аёлларнинг ҳижобини ечтириш кампанияси, рўмолли ўқувчилар ҳамда ҳижобли талабаларни таълим даргоҳларига киритмаслик ҳоллари кузатилганини қайд этганди.

Аммо 2020 йил 7 декабрь куни АҚШ Ўзбекистонни "сезиларли ва аниқ ютуқлар ортидан" диний эркинликлар бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарган.

Айни пайтда Ўзбекистон АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси рўйхатида қолмоқда. Бу комиссиянинг ҳисоботи АҚШ Давлат департаменти ҳисоботидан мустақил равишда эълон қилиб борилади.

XS
SM
MD
LG