Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:31

2000 йил муқаддам кўмилган хумни ўт ўчирувчилар сув отиб вайрон қилди (ВИДЕО+ФОТО)


Ўзбекистон ФА Археология институти ва Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти Қурқулдак қўрғони билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олганини Озодликка билдирди.

Камида икки минг йиллик тарихга эга Бургулик маданиятига оид Қурқулдак қўрғони четида кўриниб қолган хумлар ўт ўчирувчилар брандспойтидан отилган сув босими остида парчаланиб кетгани Озодликка келган видео ва фотоларда акс этган.

Тошкент вилоят, Янгийўл туманидаги бу қадимги, бир неча тепаликлардан иборат қўрғоннинг бир қисми туман ҳокимияти вакиллари буйруғи билан бузилгани иддао қилинди

“Хумдан олтин чиқмади, суяк чиқди!”

6 сентябрда Фейсбук фойдаланувчиси Лилия Николенко ўз саҳифасида Янгийўл туманида ўт ўчирувчилар брандспойт ёрдамида қадимий қўрғонни сув босими остида юваётгани акс этган фото ва видеоматериалларни эълон қилди.

“Янгийўлча археология ёҳуд 2000 йиллик қўрғонда брандспойт ёрдамида қазиш ишлари бошланди. Шу тариқа яқинда қўрғон ёнбағридан кўринган қадимги хум синдириб ташланди” деб ёзди Лилия Николенко.

Оссуарийлар кўриниб қолган тепалик (Лилия Николенко фотоси)
Оссуарийлар кўриниб қолган тепалик (Лилия Николенко фотоси)

Лилиянинг хабар қилишича, 3 сентябрга ўтар кечаси Қурқулдак комплексининг шу номдаги каналга туташ “Ўзбек қўрғони” деб аталадиган қисмининг чети кўчиб тушган. Натижада кўчиб тушган тупроқ остидан қорни бир қулочлик бутун хум кўриниб қолган.

Лилия Николенконинг ёзишича, кўриниб қолган хум анча баландликда жойлашгани учун уни кавлаб олиш имкони бўлмаган. Маҳаллий аҳоли вакиллари уни ўзлари ололмагач, ҳокимликдан альпинистларни чақиришни сўраган, аммо ҳокимлик бу ишни ўт ўчирувчиларга топширган.

Озодликка келган видеода тўпланиб турган одамлар кўз ўнгида улкан сув босими остида тепалик четида чети кўриниб турган хум атрофидаги тупроқни ювишаётганини кўриш мумкин.

Ўзбекча археология: чўткача ўрнига брандспойт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Катта хум ниҳоят қулайди ва парчаланиб кетади. У қулагач, яна бир кичикроқ хум кўринади. Уни ҳам ўт ўчирувчилар отган сув қулатади ва у ҳам парчаланиб кетади.

Маълумотларга қараганда, ҳодиса жойига чақиртирилган ўт ўчирувчи машина минораси 35 метргача кўтарила олади. Хум эса қарийб 80 метр баландликда бўлган.

“Шу боис улар брандспойт ёрдамида хум атрофини ювиб ташлашга қарор қилди – катта хум ортидаги кичикроқ хум кўпчиликни қизиқтираётганди. Ҳамма йиғилганлар ҳам шу хумдан қандайдир қимматбаҳо буюмлар топилади, деб ишонишганди” деб ёзди яна бир фейсбукхон Наталья.

Катта хумдан ҳам, кичигидан ҳам одам суяклари чиққан.

Вайрон қилинган хумларнинг каттаси қопқоқ билан ёпилгани ҳам айтилди. Маълум бўлишича, 1952-53 йиллари “Ўзбек қўрғони”да ишлаётган экскаватор ҳайдовчиси ичига одам суяклари солинган катта идиш топган. Бу қўрғонга келган археологлар тепалик Исломгача даврда қадимий қабристон бўлганини тасдиқлаган ва унда қазиш ва бошқа қурилиш ишларини олиб бориш тақиқлаган.

“Янгийўл прокуратураси текширув олиб боради!”

Янгийўл туман ҳокими қабулхонаси телефонини кўтарган мулозим Қурқулдак қўрғонида содир бўлган воқеадан бехабар эканини билдириш билан чекланди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти раҳбари Фарҳод Мақсудов Қурқулдакдаги воқеани Озодликдан эшитгач, бу ҳақда тегишли идораларга хабар беришини билдирди. Мақсудовнинг айтишича, у раҳбарлик қиладиган институт тарихий объектлар ҳимояси билан шуғулланмайди.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Тошкент вилоят бўлими раҳбари Фарҳод Мирхўжаев Озодликка Қурқулдак сойи бўйидаги қадимги қўрғонда хумларнинг синдирилиши тўғрисида уларга хабар келиб тушгани ва текширув бошлангани билдириб, деди:

- Хабаримиз бор. Бу бўйича вазият ўрганилиб, материаллар эрта-индин прокуратурага топширилади. Прокуратура уни кўриб чиқиб, чорасини кўради. Бу воқеа яқинда бўлди ва унга ким айбдор экани тўғрисида бирор нарса дея олмайман – текширув тугагани йўқ.

Маданий мерос департаменти вилоят бўлими бошлиғи сўзларича, жорий йилда маданий ва тарихий обидаларни вайрон қилганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилган:

- 30 мартда Вазирлар Маҳкамасининг 265-Қарори чиққан. Ўзбекистон Cенати ҳам маданий мерос объектларини бузишга алоқадор шахсларга нисбатан жазони кучайтирди: Маъмурий кодекс бўйича 5-10 минимал ойлик миқдорида жарима солинган бўлса, эндиликда у 50-100 баробарга кўтарилди. Иккинчи маротаба такрорланса бундай шахсга нисбатан жиноят иши очилади ва 300 дан 500 баробарга жарима ёки 2-3 йиллик қамоқ жазоси тайинланади.

Қурқулдак тепасидан топилган хум синиғи
Қурқулдак тепасидан топилган хум синиғи

"Қурқулдак қўрғонлари – деҳқончилик маданиятига хос тарихий объект"

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Салар қаналининг ирмоғи бўлган Қурқулдак сойи бўйида жойлашган қўрғонлар милодий 3-6 асрларга оид Тўрткўлтепа-1 шаҳар харобаларининг бир қисми саналади.

Қовунчитепа деб ҳам аталадиган бу ёдгорликлар мажмуаси Янгийўл шаҳридан узоқ бўлмаган жойда жойлашган.

Бу жойларда 1934 йили археолог Георгий Григорьев, кейинчалик 1977 йилда тарихчи олим Юрий Буряков илмий қазиш ишларини олиб борган.

Олимларга кўра, бу ерга тааллуқли маданият “Қовунчи II” типига хос бўлиб, Бургулик (Бурканлик) деҳқончилик моддий маданияти бир қисми саналади.

Таниқли ўзбек археологи, академик Аҳмадали Асқаров Озодлик билан мулоқотда Қурқулдакда топилган идишлар қадимги суякдонлар – оссуарийлар бўлишига ишончи комил эканини айтиб, улар бузилганидан таассуф билдирди:

- У жуда қимматбаҳо ёдгорлик, илк Ўрта асрларга оид тепалик. Ўша хумларнинг ичига одамлар кўмилган. Бу Тошкент воҳасига хос бўлган кўмиш усулларидан бири бўлган. Тарихга варварларча муносабат бўляпти! Бу воқеа одамларнинг савияси пастлиги, тубанлиги, телевидение ва матбуот ёмон ишлаётгани аломатидир. Биз кўтараяпмиз, гапираяпмиз президентга – жойлардаги ҳокимият органлари жуда ёмон муносабатда бўлишаяпти.

Ҳозирда Наманган вилоятида археологик қазиш ишларини олиб бораётган тарихчи олим бундай тарихий обидалар ва археологик объектлар давлатнинг янада қаттиқроқ назорати остига олиниши зарурлигини таъкидлади.

Археолог олимнинг фикрича, Ўзбекистонда тарихий обидаларни асрашга қаратилган қонунларнинг “тиши йўқ”:

- Одамлар савиясининг пастлиги, маҳаллий ҳокимиятлар эътиборсизлиги, биздаги тарихий обидаларни асраш ҳақидаги қонунларнинг жуда бўшлиги ва Маданият вазирлигининг лоқайдлиги туфайли шундай ишлар юз бераяпти. Қонунлар бор – тиши йўқ қонунларни! Вандализм бўлаётганига бирор жойда қаршилик йўқ. Масалан, баъзи жойларда фермерлар қўрғонларни бузиб, экин майдонларига уларнинг тупроғини экин майдонига солиш билан овора. Мустақиллик даврида Совет даврига нисбатан 2-3 баробар кўпроқ ёдгорликлар вайрон бўлди, дея хулоса қилди академик Аҳмадали Асқаров.

XS
SM
MD
LG