Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:31

Фаол: Оллошукурова ИИБда эркак иштирокида ечинтирилганини айтди. Омбудсман комиссияси блогердан хабар олди


Блогер Шабнам (Нафосат) Оллашукурова
Блогер Шабнам (Нафосат) Оллашукурова

Хоразм вилоят Асаб-руҳий касалликлар диспансерида мажбуран ушлаб турилган блогер Нафосат Оллошукурова барча саволларга аниқ ва мантиқли жавоб берди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Республикаси Омбудсмани ўринбосари иштирокидаги махсус комиссия таркибида Оллошукуровани 21 октябрда бориб кўрган фаол билдирди. Фаол комиссиянинг расмий хулосаси эълон қилингунига қадар ОАВга маълумот бериши тақиқлангани учун исми айтилмаслигини истади.

Комиссия аъзолари билан суҳбатда блогер Нафосат Оллошукурова маъмурий жазо муддатини ўтаган муассаса ва руҳий касалликлар диспансерида унга жисмоний босим бўлмаганини айтган.

Махсус комиссия таркибида блогерни диспансерга бориб кўрган фаолнинг айтишича, Оллошукурова 26 сентябрь куни ИИБ ходимлари тарафидан қамоққа олинган пайтда эркак ходим иштирокида ечинтирилганидан комиссия аъзоларига шикоят қилган. Комиссиянинг Озодлик суҳбатлашган бошқа аъзолари ҳам буни тасдиқлади.

"Процедурага биноан ечинтирилган"

Хоразм вилоят ИИБ вакилининг Озодликка айтишича¸ 26 сентябрь куни хибсга олинган Нафосат Оллошукурова мавжуд процедура асосида кўрикдан ўтказилган. Бу кўрик талаби асосида блогерни бир аëл ходим ечинтирган. Бир эркак ИИБ ходими эса гувоҳ сифатида иштирок этган. ИИБ вакили таъкидича, Оллошукурова кўрикдан ўтказилганида барча қоидаларга риоя қилинган¸ эркак ходим иштироки унинг вазифа доирасига кирган.

Руҳий касалликлар диспансерида мажбуран ушлаб турилган блогер Нафосат Оллошукуровани комиссия таркибида бориб кўрган вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулсара Қурбонбоева Озодлик мухбирига текширув натижаларини изоҳламади.

Хоразм вилоят Асаб-руҳий касалликлар диспансери бош врачи Маҳмуд Раҳимбоевнинг ëрдамчиси “Нафосат Оллошукурованинг белгиланган тартибда муолажа олаëтгани ва шароити яхши” эканини айтиш билан кифояланди.

Махсус комиссия таркибида блогерни диспансерга бориб кўрган фаолнинг айтишича, “Диспансерда иссиқ сув йўқ”.

Фаолга кўра, “Диспансер жойлашган Урганч туманида марказлашган иссиқ сув таъминоти билан муаммо” мавжуд.

Нафосат иши БМТ эътиборида

Фаолнинг айтишича¸ комиссия тузиш ташаббуси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигидан чиққан:

- Комиссарликнинг Марказий Осиё бўйича раҳбари Ришард Коменда блогер Оллошукурованинг тақдирига эътибор қаратди. Ана шундан кейин Омбудсман махсус комиссия тузиб, блогерни кўрикдан ўтказди.

21 октябрь куни Хоразмга борган комиссия таркибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Эзгулик" ва "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакилларидан иборат 10 киши бўлган.

- Комиссиянинг Нафосат (Шабнам) Оллошукурова иши борасидаги тўлиқ ҳисобот эълон қилинади,- деди комиссия ишида қатнашган фаол

Комиссия руҳий шифохонада бўлиб турган вақтда Оллошукурова Тошкентда эгиз қизларига қараётган ота-онаси билан телефон орқали гаплаштирилган. Бу ҳақда Нафосат Оллошукурованинг онаси Холжон Давлетова.айтди:

- Нафосат билан гаплаштирдилар.. “Опа мени чиқаришларини сўранг. Чиқсам, ҳаммаси яхши бўлади”, деди. Катта акаси Муроджон ёнида эди. Унга учрашишга рухсат беришибди.

Комиссия таркибида Оллошукуровани кўрган фаолнинг айтишича, блогер ўзини диспансердан чиқарилишини сўраган:

- Оллошукурова барча саволарга босиқ, аниқ ва мантиқли жавоб берди. Мен синчиклаб эшитдим. У 3 соатга чўзилган суҳбат давомида “Мен касал эмасман” деган гапни 37 марта “мени бу ердан чиқаринглар” деган гапни 21 марта ишлатди.

Фаолнинг айтишича, 21 октябрь куни Олий мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тузган комиссия таркибида Тошкентдан келган икки врач блогер Нафосат (Шабнам) Оллошукуровани қўшимча тиббий кўрикдан ўтказган. Тиббий текширувлар натижасида Тошкентдан борган шифокорлар комиссияси блогерни руҳий хаста, деб топган:

- Врачлар Оллошукурова ҳозирда соғайиш йўлига кираётгани ҳақида хулоса берди.

Хавотирлар

Мустақил журналист ва блогернинг руҳий муолажага мажбурланиши қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қораланмоқда.

Тошкентга келган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан бошчилигидаги делегация 22 октябрь куни Ўзбекистонлик фаоллар билан учрашув чоғида блогер Нафосат Оллошукурова масаласи билан қизиққан.

Хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметовнинг хабар қилишича, Нафосат Оллошукурова масаласи билан АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси мулозими ҳам хавотир изҳор қилган.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Хьюман Райт Вотч каби ўнлаб нуфузли ташкиотлардан таркиб топган «Cotton Campaign» халқаро коалицияси 20 октябрь куни Нафосат Оллошукуровадан тақдиридан ташвиш билдирилган баëнот тарқатди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (ЖҲҚҚ) Ўзбекистон маъмурларини руҳий касалликлар диспансерига ётқизилган блогерни зудлик билан озод қилишга чақирган эди.

Блогер. Фаол. Она

Шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг “Тошкентга юришини” ëритгани ортидан 10 кунлик қамоқ муддатини 3 октябрь куни ўтаб бўлган 32 яшар блогер Нафосат Оллошукурова ўша куннинг ўзида Урганч туманида жойлашган Хоразм вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансерига ëтқизилган эди.

Озодлик 21 октябрь куни қўлга киритган суд қарорида таъкидланишича, маҳкама ҳайъати Оллошукурованинг очлик эълон қилганини “унинг руҳий ҳолати бузилиши” деб топган ва шу сабабга кўра уни мажбуран руҳий касалликлар диспансерига жойлаштирган.

Суд қароридан маълум бўлишича, Нафосат Оллошукурова аввал айтилганидек, қамоқ жазосини ўтаб бўлгач эмас, балки қамоққа ташланганидан 3 кун ўтиб, руҳий касалхонага ётқизилган.​

Нафосат Оллошукурова блогерлар сафига бир йилча аввал қўшилган. Асосан, Фейсбук тармоғи орқали жонли чиқишлар қилди. Чиқишларида асосий эътиборни ҳуқуқ-тартибот идораларидан азият чеккан шахсларга қаратди. Яна у Тошкентда расмий идоралар олдида бўладиган норозилик пикетларини тармоқлар орқали жонли ёритадиган блогер сифатида танилган.

Жонли тарзда эфирга узатилган видеоларда у номаълум аёллар томонидан ҳужум бўлганини айтган эди.

Икки ой аввал Хотин-қизлар қўмитасининг "ҳуқуқбузарликка мойил" аёллар рўйхатини тузиш қарори кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Ўша пайтда Шабнам Оллошукурова Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан Фейсбук орқали жонли интервью қилгани билан ҳам танилган эди.

Нафосат Оллошукурованинг уч ёшга тўлган икки эгизак фарзанди бор. Ҳозирда болаларга Тошкентда Шабнамнинг онаси қараяпти.

XS
SM
MD
LG