Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:02

Навоийдаги Зармитон олтин конида 38 яшар ишчи тош остида қолиб, ҳалок бўлди


25 июль куни Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли​ Зармитон конининг ГДУ-3 участкаси шахтасида 38 яшар ишчи Шуҳрат Тилавовтош босиб қолиши оқибатида нобуд бўлди.

Кон ишчиларидан биридан олинган бу хабарни Навоий кон-металлургия комбинатининг Жанубий кон бошқармаси мулозими ҳамда шу бошқарманинг Хавфсизлик техникаси бўлими ходими тасдиқлади.

Тош босиб қолган Шуҳрат Тилавовнинг ҳамкасби воқеа тўғрисида айтаркан, бундай деди:

- Кеча эрталаб соат 7 ларда тош босиб қолди. Ўликни кун тушган пайтда олиб чиқишди, 1-2 соат кетди бунгаям. Тилавов Шуҳрат, 81 йилги бола, Нурободдан.

Жанубий кон бошқармаси раҳбарияти телефонини кўтарган мулозим Зармитонда 25 июль куни содир бўлган бахтсиз ҳодисадан хабардор эканлигини, ҳодиса тафсилотлари ўрганилаётганини билдирди.

Жанубий кон бошқармаси Хавфсизлик техникаси бўлимининг ўзини Комилжон, деб таништирган ходими ҳам 25 июль куни бахтсиз ҳодиса бўлганини тасдиқлади.

Комилжон бундай деди:

- Ҳозир нима бўлганини аниқ айта олмаймиз. Махсус комиссия тузилади, текширилади, улар хулоса берганидан кейин нимадир айтишимиз мумкин. Қонун бўйича хавфсизлик техникаси учун “иш берувчи жавобгар” дейилган. Иш берувчининг ҳар бир конда ўзининг вакиллари бор – шулар жавобгар.

Зармитон кони ишчисига кўра, бахтсиз ҳодисалар охирги пайтларда хавфсизлик техникасига риоя қилмасликдан келиб чиқмоқда:

- Яқинда ҳам битта авария бўлувди. Асосий муаммолар 540- горизонтда бўлаяпти. Шу бир йил ичида 7 тача бўлиб кетди бунақа ўлимлар – йил давомида ундан ҳам кўпдир. Қанча-қанча одам жароҳат олди.

Ишчи айтаётган ҳолатни Жанубий кон бошқармаси Хавфсизлик техникаси бўлими ходими Комилжон ҳам тан олди:

- Охирги пайтларда кўпайяпти, баъзи жойлардаги ҳодисаларга қаралса, ҳақиқатан, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаган жойлари ҳам бор. Бошқа ҳодисаларга “горний давление” – босим сабаб бўлаяпти. Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун ўша махсус комиссия тадбирларни ишлаб чиқади – шунга риоя қилиш зарур. Актда ким жавобгар экани ҳам кўрсатилади ва уларга интизомий жазо қўлланилади.

Кон ишчисининг сўзларига қараганда, хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслигига Жанубий кон бошқармаси раҳбариятининг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш талаби ҳам сабаб бўлмоқда.

- Ҳаммаси фақат давай, давай қилиб босаяпти! Директорнинг буйруғи дейишаяпти. “Кунига шунча чиқармасанг бўлмайди!”, деб виработкани ошириб юборишмоқда. Чиқиб борсанг объём, виработкани сўрайверади. Илгари “пустой” сменалар бўларди: улар ҳам йўқ бўлиб кетган. Ҳафтасига бир марта импорт машиналар техник кўрикдан ўтказиларди. Ҳозир бу йўқ! Кейин булар бурение қиладиган жараённи пастдан бошлаб келиб, пасти бўшаб қолган жойларни сувлаб, тоғ жинслари билан тиқиб келавериши керак. Булар эса тепадан пастга қараб олиб бораяпти!

Зармитон конида бўлган ҳодисадан хабардор яна бир кон ишчиси Ғужумсой шахталарида ҳам “давай, давай” билан иш битаётганини гапирди. У конларда охирги йилларда ишлаб чиқариш техникаси қоидаларига риоя қилиш назоратсиз қолмоқда, дейди:

- “Давай!” билан бошланади – охиригача “Давай!” Бу топшириқ юқоридан келади. Таъминот ёки хавфсизлик техникасига мутлақо шароитлар яратилмаяпти – фақат “бос-бос!”. Ишчилар шоша-пиша ишлайди-да. Оқибатда тош босиб қолиш, газда қолиш жуда кўп учраяпти! Мен билганим – 2-3 ой ичида Ғужумсойдан 2 киши кетди, Зармитон рудникидан яна 2 киши кетди. Қанчалари жароҳатланади -уларни ноқонуний тарзда шифохонага олиб боради ва статистикани бузмаслик учун регистрация ҳам қилмайди.

Жанубий кон бошқармаси Хавфсизлик техникаси бўлими ходими Комилжоннинг айтишича, 26 июль куни Қўшработ туман судида шу йилнинг май ойида икки кон ишчисининг газдан заҳарланиб ўлгани юзасидан суд маҳкамаси бошланди.

Фожиа шу йилнинг 9 май куни Самарқанд вилоят, Қӯшработ тумани ҳудудида жойлашган “Ғужумсой” олтин конида рўй бергани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Бундан олдин ҳам Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли конларда бир неча фожиа рӯй берган.

Ўтган йилнинг августида "Ғужумсой" олтин конида устига тоғ жисми қулаб тушиши оқибатида бир кончи ҳалок бўлганди.

2018 йилнинг январида Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бошқа бир конда 30 дан ортиқ олтин қазувчи қолиб кетган ва бир кишининг жасади қазиб олинган эди.

Нурота тоғларининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Зармитон олтин конларида қазиб олиш ишлари 1978 йилдан буён олиб борилади.

Бу конлардан асосан олтин, кумуш, вольфрам, қўрғошин, руҳ ва бошқа металлар рудаси қазиб олинади. Зармитон ва 2010 йилда очилган янги Ғужумсой конлари Навоий кон- металлургия комбинатининг Жанубий кон бошқармасига қарашлидир.

Қуввати 150 минг тонна бўлган “Ғужумсой” конида олтин рудаси очиқ ва ёпиқ шаклда қазиб олинади ҳамда қазиб олинаётган руданинг 75 фоизи ер ости ҳиссасига тўғри келади.

XS
SM
MD
LG