Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:18

Олимлар: Қўзиқорин простата саратонига чалиниш хавфини озайтиради


36 минг япониялик эркак орасида ўтказилган узоқ муддатли тадқиқот натижалари мунтазам равишда қўзиқорин истеъмол қилиш простата саратонига чалиниш хавфи озайишига олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. Тадқиқот натижалари сентябрь ойида International Journal of Cancer журналида чоп этилди.

Простата саратонида фақат эркакларда учрайдиган простата безидаги ҳужайралар назоратсиз бўлина бошлайди. Простата саратони эркаклар орасида энг кўп учрайдиган саратон бўлиб, 2018 йилда жаҳон бўйлаб 1,2 миллион одамга илк бор ушбу касаллик ташхиси қўйилди. Касалликка чалиниш хавфи ёш ўтиши билан ошиб боради.

Тоҳоку университетининг тиббиёт мактаби профессори, тадқиқот бош муаллифи Шу Жанг пробиркаларда ҳамда тирик организмларда ўтказилган тажрибалар қўзиқоринлар простата бези саратонининг олдини олишга қодир эканлигини кўрсатганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундан олдин қўзиқорин истеъмол қилиш ва простата безига чалиниш эҳтимоли ўртасидаги боғлиқлик ўрганилмаган.

- Билишимизча, бу қўзиқоринларнинг простата бези саратонининг олдини олишдаги қобилияти аниқланган ва аҳоли даражасида ўтказилган илк тадқиқотдир, - деди Жанг.

Тадқиқотда умумий ҳисобда 40-79 ёшлардаги 36499 киши қатнашган. Мияги шаҳридаги иштирокчилар 1990 йилдан 2014 йилгача кузатилган. Осака шаҳридаги иштирокчилар эса 1995 йилдан 2008 йилгача кузатилган. Тадқиқот қатнашувчилари овқатланиш, жисмоний ҳаракатланиш, чекиш ва ичиш одатлари ҳамда таълимлари, оилалари ва тиббий тарихлари ҳақида маълумот кўрсатилган анкеталарни тўлдириб борган.

Тадқиқот давомида қатнашувчиларнинг 3,3 фоизида простата саратони бошлангани кузатилган. Ҳафтасига бир мартадан кам қўзиқорин еганларга солиштирганда ҳафтасига бир ёки икки марта қўзиқорин истеъмол қилганларда простата саратонига чалиниш хавфи 8 фоизга озроқ эканлиги кузатилган. Ҳафтасига уч ёки ундан кўп марта қўзиқорин еганларда эса ҳафтасига бир мартадан оз истеъмол қилганларга солиштирганда простата саратонига чалиниш хавфи 17 фоизга озроқ бўлган.

- Тадқиқотимиз натижалари қўзиқоринлар соғлиққа ижобий таъсир кўрсата олишини кўрсатди. Бу натижалар асосида бошқа аҳоли гуруҳлари орасида ва шароитларда қўзиқорин истеъмоли тўғрисида кўпроқ маълумот берадиган тадқиқотлар ўтказиб, аниқланган боғланишни тасдиқлаш керак бўлади, - деди Жанг.

XS
SM
MD
LG