Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:43

2020 йилда 23 минг ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олди


Россияда пандемия даврида фуқаролик бериш бўйича рекорд ўрнатилди.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий маълумотига кўра, 2020 йилнинг ўзида Россия ватандошлиги 656,3 минг кишига топширилди. Бу жорий аср бошидан бери энг катта кўрсаткичдир.

Йил сайин Россия ватандошлигини олаётган ўзбекистонликлар сони ҳам кўпайиб бормоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги эълон қилган статистика рақамларидан маълум бўлишича, бу 2019 йилга нисбатан 30 фоизга кўпдир: 2019 йилда бу рақамлар 497 817 киши ташкил этганди.

Ўтган бир йилда Россия паспортига эга бўлганларнинг 3,5 фоизи ёки 23,1 минг киши Ўзбекистоннинг собиқ ватандошлари бўлди.

Ўзбекистонга қўшни давлатлар – Тожикистондан 63,4 минг (9,7 фоиз) ва Қозоғистондан 43,4 минг (6,6) киши, Россия фуқаролари сафига қўшилган. Шунингдек, рўйхатнинг кейинги ўринларида Арманистон (30,5 минг киши), Озарбайжон (22 минг киши), Молдова (20 минг киши), Қирғизистон (12 минг киши), Беларус (10 минг киши) турганини кўриш мумкин.

Ўтган йил давомида ниҳоят, фуқароликка эга бўлганларнинг 1,2 фоизини фуқаролиги йўқ шахслар олгани қайд этилди.

Шунингдек, 10 миллионга яқин чет эллик ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар миграцион рўйхатга қўйилгани айтилди.

Мутахасисслар сўнгги йилларда ушбу давлат ватандошлигини олганлар сони ўсиб бораётгани қайд этилаётганини гапирмоқда. Айниқса собиқ Иттифоқ республикалари аҳолиси орасида Россия фуқаролигини олиш иштиёқи кучли экани эътиборга молик.

Рақамлардан биргина Қозоғистонда Россия фуқаролигини олишга бўлган ҳаракат ўтган 2020 йилда нафақат ошмагани, балки сусайгани кузатилди. “Тожикистон шу сабабли иккинчи ўринга кўтарилди”, дейди Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори, миграция бўйича эксперт Сергей Абашин.

У рус ватандошлигини олганларнинг асосий қисмини собиқ украиналиклар ташкил этганини таъкидлайди:

- 2014 йилда Кремл Украинадаги можаро урушга айланиб кетишига, юмшоқ қилиб айтганда, кўмаклашворди. Натижада миллионлаб одамлар қочоққа айланди, жумладан 1,5 миллион одам Россияга қочиб кирди. Энди эса Кремл уларни фуқаролик олишга мажбурламоқда. Яъни улар шу тариқа қочқинлар ҳисобига ўзининг демографик муаммоларини ҳал этмоқчи.

Сергей Николаевич келтирган маълумотларга биноан, охирги 4 йилда Россия ватандошлигини 1,6 миллион одам олганки, бу мамлакат аҳолисининг 1 фоизини ташкил этади.

Олимнинг фикрича, айрим миллатчи нашрлар ва давлат расмийлари тарқатаётган хабарларга зид равишда, расмий статистика маълумотларидан охирги 4 йилда россиялик бўлганларнинг 900 мингини ёки иммигрантларнинг 55 фоизини украиналик қочқинлар ташкил этади.

Бошқа қатор миграция мутахассислари ҳам Россияда фуқаролик бериш бўйича рақамлар ўсаётганига Россия атрофидаги нотинч минтақалар кўпайиб бораётгани ва Россиянинг ўзида аҳоли сонининг кескин камайиб бораётганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Россия Давлат статистика қўмитаси бераётган расмий маълумотларга кўра, 2020 йилда Россия аҳолиси сони бир йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 510,5 минг кишига қисқарган. Бу Россияда 2005 йилдан буёнги аҳолининг бу даражада кескин камайишидир. 2021 йилнинг 1 январига келиб Россия Федерациясида 146,2 миллион одам истиқомат қилиб келиши айтилди.

2014 йилгача Россия аҳолиси 143,7 миллион кишини ташкил этган; Қрим яримороли Украинадан тортиб олинганидан кейин мамлакат аҳолиси бирдан 146,3 миллион одамга етган.

2019 йилда Путин ҳукумати айирмачи ДНР ва ЛНР тузилмаларида яшовчи аҳолига оммавий тартибда рус паспортларини тарқатишни бошлагани ҳисобига фуқароликка қабул қилиш кўрсаткичи 85 фоизга ошган эди.

Ўзбекистон ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси расмий тушунтиришига кўра, агар Ўзбекистон фуқароси бошқа давлат фуқаролигини олган бўлса, у иккисидан бирини танлаши керак бўлади.

XS
SM
MD
LG